КАРАФС (сельдерей)нинг шифобахш хусусиятлари халқимизга қадим қадимдан маълум ва машҳур бўлиб, доривор сифатида ҳам овқатларга хушбўй таъм берувчи кўкат сифатида ҳам фойдаланишган.
Юртимизда асосан кўкат сифатида барглари овқатларга қўшиб, ишлатилади. Сельдерей барги А, Б, Е витаминларига, шунингдек, калий, кальций, натрий, магний ва фосфорга бой. Яллиғланишга қарши таъсирга эга, юрак-қон томир касалликларига, шу жумладан гипертензияга қарши курашда ёрдам беради, асаб тизимига фойдали таъсир кўрсатади ва мунтазам равишда иммунитетни оширади.
Ибн Сино карафснинг илдизи ва уруғи тана қувватини оширишда, пешоб ҳайдашда, шишларни йўқотишда, қорин дам бўлганида, аъзолардаги тиқинларни очишда, оғриқ қолдиришда, йўтал, нафас қисишда(астма), кўкраклардаги оғриқларни қолдиришда, ҳайзни келтиришда, асаб толаларининг шамоллашида, жигар, талоқдаги тиқинларни очишда ҳам ишлатган.
Халқ тиббиётида илдиз ва баргидан тайёрланган малҳамлар иштаҳа очишда, меъда ва ичак касалликларида қуланж (колит), ичакда ҳаво тўпланишида (метеоризм), қабзият, сийдик йўли хасталикларида, ҳайзнинг бузилишида, эркаклар шаҳвоний қувватининг пасайишида(импотенция), жисмоний ва ақлий қувватсизликда ҳамда қон тозаловчи сифатида яхши ёрдам беради.
Тайёрлаш усули. Ўсимликнинг янги кавлаб олинган, ювиб, тозаланган илдизни сиқиб суви олинади ва овқатдан 30-40 дақиқа олдин 1-2 чой қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, фармацевт