Кичик вазнли чақалоқлар парвариши

0
1807
марта кўрилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати Республика перинатал маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори  Саида Хасанова билан суҳбатлашди.

— Кичик вазнли чақалоқларни парвариш қилишда нималарга алоҳида  эътибор қаратилиши кўпчиликни қизиқтириши табиий…

— Бундай чақалоқлар асосан муддатига етмай туғилган чақалоқлардир. Ҳомиладорлик муддати қанча кам бўлса, боланинг  вазни ҳам шунчалик кам бўлади. Демак, ривожланишнинг шу муддатлари бачадон ичида табиий кечмасдан, муддатидан олдин туғилади. Бундай  чақалоқларнинг  аъзолари шаклланган бўлса-да, функционал етилмаган бўлади. Шу сабаб, улар парваришининг асосий принциплари тана ҳарорати назорати, нафас етишмовчилигини даволаш, овқатлантириш усуллари, инфекциядан ҳимоя ва албатта, меҳр билан она қорни шароитига яқин ҳолат яратишдан иборат бўлади.

Табиийки, бу чора-тадбирлар жиддий муолажалар ҳисобланади ва у замонавий  технологияларни талаб этади. Чунки бундай чақалоқлар учун махсус реанимация ўринлари, иссиқ сақлайдиган инкубатор, иситгич столлари, нафас олиш учун ёрдам берадиган  аппаратлар, кўпгина замонавий неонатал жиҳозлар зарур бўлади. Шу билан бирга, тиббий ходимларнинг билим даражаси ҳам муҳим. Бундай чақалоқларнинг парвариши зарур кўникмаларга эга бўлган  мутахассислар томонидан олиб борилиши керак. 

— Боласи муддатидан олдин  туғилган ота-оналарга мутахассис сифатида қандай тавсиялар берган бўлардингиз…

— Бундай болаларни парвариш қилиш вақт ва меҳнат талаб қилади. Вақтинча маълум қийинчиликлар кузатилади. Шунинг учун уларга тавсияларимиз: сабр, ишонч ва меҳр билан шифокор тавсияларига амал қилиш, бундай болаларнинг муаммоларини тушуниш, тиббиёт ходимлари билан биргаликда уларнинг ечимларини топиш, келгусида бу болаларнинг тенгдошларидан ортда қолмай ривожланиши учун барча саъй-ҳаракатларимиз беҳуда бўлмаслигини тушуниш ва ишонч билан қараш лозим.

 Шахсан менинг тажрибамда боласини сабр ва меҳр билан  парвариш қилиб, шифокор тавсиясига амал қилган  ҳар бир она  ўз орзусига эришган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.