Атеросклерозни даволаш: 1 дона лимон ва 1 бош саримсоқпиёз қирғичдан чиқарилиб аралаштирилади ва устидан 1 литр қайнаган сув қуйилади. Кейин қопқоғи ёпиқ идишда 2 сутка сақланади. Ушбу малҳам тайёр бўлганидан сўнг, 2 қават докадан ўтказилади ва ҳар куни 1 ош қошиқдан 3 маҳал ичилади.
Гипертония ва инсультнинг олдини олиш учун лимон пўстидан тайёрланган дамламадан фойдаланилади. Бунинг учун 2 ош қошиқ қуритилган ёки янги узилган лимон пўстига 400 грамм сув қуйилади. Сўнг ёпиқ идишда паст оловда 30 дақиқа давомида қайнатилади. Дамлама хона ҳароратида 10 дақиқа тиндирилади. Шундан кейин докадан сузиб олиниб, кунига овқатланишдан 30 дақиқа олдин 100 граммдан 3 маҳал ичилади.
Стенокардия, бош мия томирлари шикастланиши, юрак касалликлари ва нафас қисишида 10 дона лимоннинг шарбатига 1 литр тоза асал ва 10 бош саримсоқпиёзнинг шарбати қўшилади. Бу аралашма қопқоғи маҳкам ёпилган шиша идишда бир ҳафта мобайнида сақланади. Сўнгра тенг қисмларга бўлиниб, 2 ой давомида ичилади.
Тромблар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва қон қуюлишида лимон шарбати ичилади, лимон мойи эса қон босимини пасайтиради. Қон томирлари шамоллаганда кечаси юпқа кесилган лимон бўлаклари компресс қилинади (яъни, шамоллаган жойга лимон бўлаклари терилиб, устидан қоғоз ёпилади ва бинт билан боғлаб қўйилади).
Сувчечакда лимон шарбати ва асал тенг нисбатда олинади ва аралаштирилади. Сўнгра тайёр бўлган аралашмани кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан истеъмол қилинади. Мигренда оғриқни қолдириш учун пешонага янги узилган лимон пўсти ички томони билан қўйилади ва қаттиқ ачишиш пайдо бўлганида, лимон пўсти олиб ташланади. Одатда бу вақтга келиб бош оғриғи тўхтайди.
Ўткир жигар хасталигида ва жигар қуриши (цирроз) да илиқ лимон мойидан компресс қилиш фойдалидир. Жигар қуриши, холецистит ва сариқ касаллигида 2 дона лимон пўсти билан ва 2 дона пўсти олинган лимон гўшт қиймалагичдан ўтказилади. Тайёр бўлган масаллиққа 1 кг тоза асал ва 200 грамм зайтун ёғи қўшилади. Кейин у қопқоғи маҳкам ёпиладиган шиша идишга солиниб, музлатгичга қўйилади ва овқатланишдан 30-40 дақиқа олдин кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан истеъмол қилинади.
Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди