Кўпчилигимиз рўза айёмида севиб истеъмол қиладиган нишолданинг, инсон саломатлигига, айниқса, ошқозонга фойдаси катта. Рўза тутган инсон учун ушбу енгил ҳазм бўлувчи ширинлик овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди, ичакларни тозалайди. Ошқозон яраси касаллиги бор инсонлар учун жуда фойдалидир.
Овқатдан кейин 2-3 қошиқ нишолда есангиз, кимёвий дорилардан кўра кўпроқ фойда беради. Унинг таркибида етмак деган ўсимлик илдизи бор. У одамнинг ошқозони ва ичакларини тозалайди. Ёш болалар еса, шамоллашининг олдини олади. Бундан ташқари нишолда тухумнинг оқидан тайёрлангани туфайли оқсил мўл бўлади. Тухум оқи яъни оқсилининг 60 фойизи алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар, ферментлар ва гликопротеидлардан иборат.
Тайёрлаш усули: сирли идишга 1 кг шакарга 300 мл сув солиб, шакар эригунча мунтазам аралаштириб қиём тайёрланади, сўнгра лимон кислотаси қўшилади ва ҳарорати 50-60 даражагача совитилади.
Етмак (беҳ) ўсимлигининг илдизи тозаланади ва майдалаб сувда қайнатилади. Етмак қайнаб чиққандан сўнг, сувни докадан ўтказиб, мис қозон ёки сирли кострюлкага солиб бир оз совитилади, бунинг устига тухумнш оқи қўшилади ва ёғоч куракча билан аралаштирилади. Ҳосил бўлган оқ кўпикка оз оздан қиём қуйилади ва ёғоч куракча билан узоқ ишлов берилади. Таъмини яхшилаш мақсадида қиёмга ванилин қўшилади. Кўпиртиришга 2 соат вақт сарфланади. Тайёр бўлган нишолдани совитиб, яна бир маротаба аралаштирасиз, шундан сўнггина нишолда тайёр бўлади.
Тайёр бўлган нишолданинг ранги оппоқ бўлиб, махсус ёғоч куракчани ботирганда чўзилиб чиқади. Нишолданинг 1 кг ини тайёрлаш учун 900 гр шакар, 10-12 тухум оқи, 1 гр лимон кислотаси, 0,1 гр ванилин керак бўлади.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.