Ноёб минерал – рух яъни цинкнинг инсон вужудига таъсири

0
3802
марта кўрилган.

Одам организмида рух яъни цинк моддаси танқис бўлса аввало сезиш қобилиятлари – кўриш, ҳидлаш, таъм билиш издан чиқади. Бу эса ўз навбатида иштаҳа йўқолишига, овқат ҳазм қилишнинг бузилишига, шапкўрлик каби касалликларга олиб келиши мумкин. Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгиларидир. Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши ҳам рух етишмаслиги туфайлидир.

Ҳомиладорлик даврида ҳам руҳ катта аҳамиятга эга. Рух етишмовчилиги 13-18 фоиз ҳолларда ҳомила ва чақалоқда гидроцефалия, танглай нуқсони, умуртқа эгрилиги, чурралар ҳосил бўлиши, юрак нуқсонлари ва бошқа ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, рух етишмаганда янги ҳужайралар ҳосил бўлиши кечикади, шикастланган ҳужайралар қайта тикланмайди. Ёши катта одамларда қариш тезлашади, болалар ва ўсмирлар организми яхши ривожланмайди.

Иммунитетимиз ҳолати шу минералга боғлиқ бўлиб, шамоллаш ва гриппнинг дастлабки белгилари намоён бўлганда витамин С билан бирга рух тавсия этилади. Врачлар беморларга жарроҳлик операциясидан бир неча кун олдин ва то тузалиб кетгунча рух препаратларини буюришади. Ўсмирларга таркибида рух кўп бўлган озиқ-овқатлар тавсия қилинади. Чунки бу микроэлемент бўй ўсиши ва вазн ошишини таъминловчи гормонлар ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Шу боис, бўйнинг жадал ўсиши ва жинсий балоғатга етиши даврида рух жуда муҳим ҳисобланади. Рухнинг яна бир хусусияти мавжуд. У антиоксидант бўлиб, мушак хужайраларини жисмоний зўриқиш вақтида ҳаддан ортиқ кислород сарф қилиш туфайли пайдо бўладиган радикаллар таъсиридан ҳимоя қилади.

Цинк қонда доимий кислотали-ишқорли муҳитни сақлайди, тўқима регенерацияси учун масъ ул , инсулин ҳосил бўлишини ва мушаклар қисқаришини бошқаради, простата ва кўпайиш аъзолари фаолиятини меъёрлаштиради, эркаклик хусусиятини ва қоннинг яллиғланишга қарши хусусиятини оширади.

Нега баъзи одамларда рух етишмайди? Маълум бўлишича, баъзи сабаблар туфайли рух организмда яхши сўрилмайди. Масалан, ширинлик ва шўр нарсаларга ўч кишилар бундай таомлар организмда рухнинг камайишига олиб келишини билиб қўйишлари лозим.

Эркакларда спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш, аёлларда ҳомиладорликдан сақлайдиган дориларни тартибсиз қабул қилиш кўпинча организмда рух етишмаслигини келтириб чиқариши мумкин. Жигар циррозида рух элементининг ёмон сўрилиши, сийдик билан кўп ажралиши ёки заҳарли таъсирлар натижасида қонда рух миқдори камайишига сабаб бўлади.

Касалликнинг олдини олиш учун таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни истеъмол қилишга одатланиш керак. Узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғининг таркибида рух моддаси кўп.

Шоира Бекчанова,

тиббиёт фанлари номзоди

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.