Оила қуриш инсон ҳаётидаги энг масъулиятли вазифалардан бири

0
2350
марта кўрилган.

Болаларимизнинг соғломлиги, юзларидаги табассум, атрофга, илмга, билимга  бўлган қизиқишлари  кўпинча биз катталарнинг  таълим-тарбиясига, оиладаги муҳитга боғлиқ. Шунинг учун ҳам элимизда  оила муқаддас маскан сифатида азал-азалдан қадрланади. Оила бунёд этиш масалаларига алоҳида эътибор берилади. Зеро, аҳил оила жамиятимиз кўзгуси!

Ўзбекистон Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея белгилаб қўйилган. Асосий қонунимизда белгиланган  тамойиллар асосида мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва маънавий юксалтириш, оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ҳар бир ёш оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиши, жамиятнинг келажаги бўлган ҳар бир чақолоқнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Чунки, оила ҳаёт бардавомлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатларини сайқаллаб, келажак авлодга етказадиган, фарзандлар  камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия манбаидир.

Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, дея ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн етти ёшида турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолатлар бўлғуси ёш онанинг саломатлиги, руҳиятига, қолаверса,  туғилажак фарзанднинг дуркунлигига салбий таъсир кўрсатади.

Хоразм вилоятида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, тиббий маданиятни ошириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида мактаб-у маҳаллаларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, репродуктив саломатлик талабларига зид равишда қизларни барвақт турмушга узатиш ҳоллари кузатилмоқда.

Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Туғруқхонада  гинеколог-ташҳисчи сифатида ўттиз йилга яқин ишлаб шунга амин бўлдим-ки, кўп ҳолларда ёш келинчакларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оилали бўлиши  туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.

Келинчак  қанча ёш бўлса, ҳомиладорлик даврида турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари, шамоллашларнинг тез-тез  қайтарилиши кўп бўлади.  Эрта ҳомиладорлик кўпинча ҳомиланинг нуқсонли ривожланишига сабаб бўлади. Натижада она  ҳамда бола саломатлиги катта хавф остида қолади. Бола ташлаш юз берса, унинг асоратлари янада хавфли бўлиб, кейинги ҳомиладорликнинг нормал кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кўпинча ёш турмуш қурган келинчакларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келтирилади. Сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади ва, афсуски, уларнинг аксарияти кўп яшамайди.

Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим.

Аммо, айрим ота-оналарнинг тиббий билимга эга эмаслиги туфайли носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.

 Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-она раъйига қарши бормаслиги анъанага айланган. Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида ота-оналар, бува- бувилар ўртасида ҳам  эрта турмушга чиқиш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ўтказишда маҳаллалар жонбозлик кўрсатиши керак. Бугун “фарзандимнинг орзу ҳавасини кўрай” деб, қизини эрта турмушга бериши оқибатида ёш оилалар инқирозга учраётганини  тушинтириш мақсадга мувофиқ.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, оиламиз, мамлакатимиз келажаги бўлган баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида “Аҳил оила мактаби”  лойиҳаси асосида тайёрланди.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.