Она сути фарзанд учун малҳам!

0
33
марта кўрилган.

Онанинг кўкрак сути бола учун малҳам! Айниқса, кўзи ёригандан кейин келган дастлабки уч кунлик она сути янада шифобахш!  Она сутини эмиб улғайган бола касалликка кам чалинади. Иммунитети мустаҳкам бўлади.

Масалан, она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар (В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади.

Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди.

ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, планетамизда туғилаётган ҳар икки нафар боланинг бири дунёга келишининг дастлабки дақиқасидан-оқ она сутидан маҳрум экан. Илмий тадқиқотларга кўра, кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан.

Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида, ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар экан. Афсуски, янги туғилган чақалоқларнинг 77 миллиони ҳаётининг биринчи соатлариданоқ она сутини ололмаяпти.

Ёш оналар бунга эътибор беринг. Ўзим болаларимни уч ёшгача эмиздим.  Ҳозир келинимга ҳам таъкидлаб тураман. У ҳам уч ёшгача эмизди.  Бувижонлар зурриётингиз соғлом бўлсин десангиз, бу маслаҳатни келин-у қизларингизга таъкидлашдан чарчаманг.

 Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.