Кейинги пайтда оппоқ ширин шакар ракка олиб келади деган фикрлар кўпайиб кетди. Бу илмда исботланганми? Биз бу борада мутахассисларнинг фикрини изладик.
Европа онкологлар жамияти (ESMO), Америка онкологлар уюшмаси (ASCO) ҳамда Европа онколог-гинекологлар жамияти (ESGO) аъзоси Дмитрий Олькин kp.ru сайтида шундай дейди: “Рак касалини келтириб чиқарувчи озиқ-овқатлар орасида шакар иккинчи ўринда туради деб ёзишмоқда. Бу борада аниқ далиллар топилмаган.Бироқ, бугунги кунда ушбу маҳсулот жуда кўп егуликлар таркибига қўшилиши исботланди. Бунинг оқибатида одамларда ортиқча вазн пайдо бўлиши кузатилмоқда. Маълумки, ортиқча вазн қандли диабет, ўсимта ва бошқа касалликларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини бир неча баробар оширади”.
Шу ўринда врач — онколог олимлар организмда канцероген моддалар ошиши ва рак касали пайдо бўлишининг олдини олиш учун кўк чой, балиқ, кўкатлар, резавор мевалар, саримсоқпиёз, пиёз, гаримдори ва кўпроқ мева-сабзавотлар ҳамда газсиз минерал сув истеъмол қилишни маслаҳат беради.
Хуллас, ҳамма нарсада, жумладан тановулда ҳам меъёр яхши.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди