Тўқималар ва органларда ортиқча ёғ борлиги семизлик дейилади. Бу касаллик тана вазни нормадан 20 фоиз ва ундан кўпга ошиб кетиши билан намоён бўлади.
Глобал семизлик таҳдиди. Британиялик олимларнинг таъкидлашича, ҳозирга келиб семизлик очликдан кўра жиддийроқ муаммога айланган. Айни пайтда дунё аҳолисининг қарийб 30 фоизи ёки 2, 1 миллиарддан ортиғи ортиқча вазнга эга ёҳуд семизликка чалинган. Бу эса тўйиб овқат емайдиганлар сонидан деярли 2, 5 баравар кўпроқдир. Эндиликда семизлик ўлим ҳолатларининг 5 фоизига сабаб бўлмоқда. Семизлик соғлиқни сақлаш соҳасининг муаммоси бўлибгина қолмай, жаҳон иқтисодиётига таҳдид ҳамдир. Ушбу муаммо тобора чуқурлашиб бормоқда. Агар ҳозирги вазият сақланиб қолса, дунёда катта ёшдаги аҳолининг ярми ортиқча вазнли ёки семизликка чалинган бўлади. Шу пайтгача бирорта ҳам мамлакат семизлар сонини ортга қайтаришга муваффақ бўлмади. Ҳозирда семиз кишиларнинг 60 фоиздан ортиғи ривожланаётган мамлакатларда яшамоқда.
Ортиқча вазн касаллик. Семизлик тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши натижасида келиб чиқади. Камҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки руҳий бузилишлар каби сабаблар семизликни келтириб чиқаради. Улардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.
Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун, аввало, инсондан жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш рационига риоя қилиш талаб этилади. Чунки чиройли қадди-қоматга эришиш учун муайян жисмоний машқларсиз хавфсиз ҳамда самарали озишнинг иложи йўқ.
Семизликка қарши курашда соғлом овқатланиш ҳам муҳим ўринга эга. Турли хил сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш соғлом ва тўғри овқатланиш рационини шакллантиришга хизмат қилади. Ҳар куни наҳорда 200 граммдан кам бўлмаган илиқ сув истеъмол қилиш саломатлик учун кони фойда бўлади. Чунки сув тезлик билан ошқозонга ва ичакларга тушади, заҳарли моддаларнинг чиқарилишига ёрдам беради. Ичакларни тозалаб, овқатдан келадиган фойдали моддаларнинг яхши ўзлаштирилишига ҳисса қўшади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тонгда оч қоринга ичилган сув метаболизмни 25 фоизга тезлаштиради. Бу эса ортиқча вазнга эга одам учун калорияни фаол сарфлаш натижасида озишга ёрдам беришини англатади.
Шунингдек, вазнни бир хил меъёрда сақлаб қолиш учун таркибида шакар маҳсулотлари бор неъматлар – шоколад, мармелад, мураббо, торт, пишириқлар, музқаймоқ, асал, ёғли ва дуккакли маҳсулотлар, дудланган ҳамда қовурилган овқатларни имкони борича кам истеъмол қилиш лозим.
Кундалик овқатлар рационини тўғри ташкил этиш – эрталабки нонуштани яхши тановул қилиб, кечки овқатни эса ухлашдан 3 соат олдин ейишга одатланиш даркор. Бордию, ухлаш олдидан қорин очиб қолгудек бўлса, бир стакан қатиқ ёки бўлмаса олма тановул қилиш мумкин.
Бадантарбия ва душ. Эрталаб, уйқудан уйғонгандан сўнг енгил бадантарбия ва душ қабул қилиш ҳам жисмоний фаолликни оширишга хизмат қилади. Чунки сув муолажалари баданни ортиқча шлаклардан тозалаб, ишчанлик фаолиятини оширади.
Ортиқча вазннинг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, кундалик овқатланиш тартибини тўғри йўлга қўйиш ва фаол турмуш тарзига эришишнинг ўзи кифоя!
Тавсиямиз, тана вазнини секин ташлаш керак. Айниқса қорин турида семириш бўлса, бунга янада жиддий ва сабот билан ёндашиш керак. Қорин турида семириш энг хавфли ва асоратли семизлик туридир.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.