Норвегия Мия институти олимлари мия узоқ вақт давомида фаол ва ёш бўлиб қолиши учун ҳар куни икки ош қошиқ ўсимлик ёғини истеъмол қилиш кераклигини исботлади.
Ҳамма гап қон томирларида (шу жумладан, бош мияни озиқлантирувчи майда капиллярларда) холестерин моддасининг кўпайишига қарши курашишда ёрдам берадиган F витамини ва ҳужайра мембраналари қурилишида қатнашувчи олеин кислотасида. У асаб тўқималарининг шикастланган ҳужайралари янгиланиши ва тикланишига ёрдам беради,
яъни мия нейронларининг ёшариши учун жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, ўсимлик ёғлари А ва Е витаминларига бой бўлиб, А витаминитерининг нафислиги, кўриш қобилиятининг яхшиланиши ва иммунитетни кўтариш учун жуда зарур Е витамини эса антиоксидант бўлиб, инфекциялардан ҳимоя қилади.
Зайтун ёғи. Ушбу ёғнинг этикеткада кўрсатиладиган кислоталилик даражаси қанчалик паст бўлса (0,8%гача), ёғ шунчалик юқори сифатли ҳисобланади. Зайтун ёғини қадимги Юнонистонда “суюқ олтин” деб аташган. Унда олеин кислотаси жуда катта миқдорда бўлиб, ёғ қиздирилганида канцерогенларни деярли ҳосил қилмайди.
Кунгабоқар ёғи. Лецитин моддасининг энг яхши манбаи. Ушбу модда боланинг асаб тизими шаклланишига ёрдам беради, катта ёшда эса тафаккур фаоллиги ва равшанлигини сақлайди. Шунингдек, лецитин камқонликнинг олдини олади, руҳий осойишталикни таъминлашга ёрдам беради.
Маккажўхори ёғи. У организмдаги холестерин алмашинувини жуда яхши тартибга солади. “Ёмон” қаттиқ ёғларнинг парчаланишига ёрдам беради. Маккажўхори ёғида фосфор ҳосилалари, яъни фосфатидлар бўлиб, улар мия учун жуда фойдали ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ёғ таркибидаги никотин кислотаси (РР витамини) юрак-қон томирларининг фаолиятини яхшилайди.
Хантал ёғи. Ўзининг бактерицид хусусиятлари сабабли нимага қўшилган бўлса, ўша маҳсулотнинг узоқроқ сақланишига, яралар ва куйган жойларнинг тезроқ битиб кетишига ёрдам беради. Хантал ёғи иситувчи ва юмшатувчи хусусиятларга ҳам эга бўлиб, бронхит ва ангиналар пайтида у билан ингаляциялар қилиш фойдали. Бироқ бу ёғни овқатга кўп ишлатиб бўлмайди. Ўзининг фойдали хусусиятларига қарамасдан, хантал ёғи таркибида организмдаги овқат ҳазм қилиш ферментлари томонидан парчаланмайдиган кислоталар мавжуд.
Зиғир ёғи. Ўсимлик ёғлари орасида энг паст калорияли бўлган зиғир ёғи озиш учун мўлжалланган парҳезларда кенг қўлланилади. Жигардаги токсинларни чиқаришга ёрдам беради. Таркибидаги Омега-3 кислотаси миқдори бўйича балиқ мойини ортда қолдиради. Зиғир уруғида нитратларни йўқ қилувчи антиоксидант мавжуд.
Кунжут ёғи. Таркибидаги кальций моддаси бўйича ёғлар орасида чемпион ҳисобланади. Уни аёллар ёғи ҳам дейишади. Ушбу ёғ, айниқса, ҳомиладорлик даврида ва гормонал ўзгаришлар пайтида жуда фойдали. Қалқонсимон без ва подагра (бўғимлардаги зарарли тузларни чиқаради) касалликларида аҳволни яхшилашга ёрдам беради. Аммо кунжут қоннинг қуйилиш хусусиятини кучайтиради. Шу боис юрак касалликлари ва варикозга чалинган одамлар уни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари зарур.
Қовоқ ёғи. Рух моддасининг ажойиб манбаи. Ушбу модда эса эркакларда тестостерон гормонининг ишлаб чиқилишига ёрдам беради. Қовоқ ёғини зайтун ёғи билан аралаштириб, салатларга қўшиш мумкин. Бироқ, бу ёғда қовуриш тавсия этилмайди – овқатингиз куйиб кетиши ва ундан ёқимсиз ҳид келиб туриши мумкин. Бундан ташқари, қовоқ ёғида селен моддаси кўп. Йилнинг совуқ даврида у иммунитетни оширади.
Соя ёғи. Унинг устун жиҳати — таркибида лецитин кўп бўлиб, у кўз нурини равшанлаштиради ва марказий асаб тизими фаолиятини яхшилайди.
Соя ёғи картошка қовуриш учун жуда қулай.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида уюштирилди.