Маълумотларга кўра, ер юзи аҳолисининг беш фоизи ўт пуфагида тош борлигидан қийналар экан. Ўт пуфаги хасталиклари эркакларга қараганда аёлларда икки-уч баравар кўпроқ кузатилади. Ўт пуфаги яллиғланиши, тош йиғилиши, ўт димланиши, “қурт” пайдо бўлиши каби касалликлар қандай юзага келади?
Ўт пуфаги ҳақида маълумот. У — овқат ҳазм қилиш тизимининг муҳим аъзоларидан бири бўлиб, жигар чиқарган ўт суюқлигини тўплаш ва қуюлтириб бериш вазифасини бажаради. Овқат истеъмол қилганда ўт қопидан ажралган суюқлик ўн икки бармоқли ичакка томади ва овқатдаги ёғларни парчалаб, таом ҳазмида иштирок этувчи ферментларни фаоллаштиради. Организмда тахминан 50-80 мл. ўт ва сафро суюқлиги бор. Агар овқат ҳазм қилишда муаммо бўлмаса, ўт пуфаги ҳам фаол ишлайди. Акс ҳолда эса унда сафро яъни зардоб тўпланиб, тош йиғилиши ҳамда бошқа касалликлар келиб чиқиши мумкин.
Ўт пуфаги шамоллаши – холецистит. Ўт пуфаги яллиғланиши овқат ҳазм қилиш тизими касалликларининг кенг тарқалган турларидандир. Аксарият ҳолларда вақтида овқатланмаслик ёки ҳаддан зиёд таом истеъмол қилиш натижасида ўт ҳосил бўлиши ва ўт ҳайдалишининг бузилиши ва бунинг натижасида тош йиғилиши, сурункали қабзият, турли инфекциялар сабаб юзага келади. Ёғли таомни хушловчиларда эса холециститга чалиниш эҳтимоли бирмунча юқори. Холециститда сафро тўпланиб бориб, ўнг биқин – қовурға остида симиллаган оғриқ кузатилади. Шунингдек, сафро қусиш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин.
Ўт димланиши. Ўт суюқлиги туриб қолишига ўт қопининг қисқарувчанлик функцияси издан чиқиши, букилиши яъни ўт йўлларидаги нуқсонлар – ўтнинг «бўйни» қийшайиши, чандиқлар, ички аъзоларнинг ўз ўрнидан пастга тушиши, қабзият, камҳаракатлилик, кам овқат истеъмол қилиш кабилар сабаб бўлади.
Овқат ҳазм бўлиши бузилганида жигар ажратаётган суюқлик ўт пуфакда тўпланиб, димланади. Шунингдек, уйқу олдидан тўйиб овқатланиш ҳамда ҳаракатсизлик сабабли таом ҳазм бўлмай, ўт суюқлиги димланишига олиб келади. Бу ҳолатда оғиз тахирлашиши ёки жиғилдон қайнаши кузатилади. Ушбу касаллик белгилар кейинчалик ўт қопида тош ҳосил бўлишига олиб келади. Ушбу димланиш сабабларини бартараф этишга ҳаракат қилсангиз, ўт димланмайди. Ўт димланиши қон босимига таъсир этмайди
Ўт пуфагидаги тош. Ўт пуфаги аслида ҳам букчайган бўлиб туради. Агар ортикча букчайса, бу сафрони қуриб колишига олиб келади, бу эса сафро ичидаги тузларни бир бирига ёпиштиради ва қум ҳосил бўлади, кумлар эса бирлашиб тошга айланишади. Агар тошга кальций моддаси қўшилса бу тошни эритиб бўлмайди ва оператив йўл билан ўт қопи билан бирга олиб ташлаш керак бўлади.
Ўтдаги тошлар бир неча миллиметрдан тортиб, бир неча сантиметргача бўлади. 1-2 мм катталикдаги тошчалар ўт оқими билан чиқиб кета олади. Ундан катталари турли нохушликларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ўт пуфагидаги тош УТТ ҳамда рентген воситасида аниқланади.
Ўт пуфакдаги суюқлик бир неча таркибдан иборат бўлгани учун. аъзода юзага келувчи тошлар ҳам таркиб жиҳатидан бир-биридан фарқланади. Масалан, холестериндан, кальций туз чўкмасидан ҳамда билирубин пигментидан ҳосил бўлувчи ва аралаш тошлар бўлиши мумкин.. Бироқ кўп ҳолларда тошлар таркиби аралаш бўлади ва уларнинг ўлчами 0,1 мм.дан 5 см.гача бўлиши мумкин. Баъзиларда тош қўзғалмагунича ҳеч қандай безовталик сезилмайди. Ҳатто оғриқ ҳам бўлмай, аҳён-аҳёнда кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши ёки оғиз тахирлашиши мумкин. Тош ўт йўлига томон ҳаракатланиб, уни беркитиб қўйганида ўнг қовурға остида санчиқли оғриқ юзага келади. Сўнг оғриқ – қорин, ўнг курак, ўнг елка, ўмров ва кураклараро соҳага тарқалиб, безовталик кучаяди.
Ўт пуфаги яллиғланганда ўт суюқлигининг кимёвий таркиби ўзгаради. Натижада билирубин, холестерин, кальций моддалари чўкмалари кўпаяди ва аралаш таркибли тошлар пайдо бўла бошлайди.
Шунингдек, моддалар алмашинувининг издан чиқиши, юқумли хасталиклар ва ўт суюқлиги туриб қолиши билан боғлиқ омиллар натижасида ҳар қандай ёшда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Асосан, жигар-ўт йўлларида ёки ўт пуфагининг ўзида тош ҳосил бўлади. Шунингдек, ўт тоши касаллиги, асосан, холестерин ортиши билан боғлиқ атеросклероз, қандли диабет, семизлик каби хасталикларда кечиши аниқланган. Ўт суюқлигида холестерин кўпайиши, тош пайдо бўлиши кўпинча ирсиятга бориб тақалади. Қолаверса, нотўғри овқатланиш, ҳомиладорликдаги гормонал ўзгаришлар ҳам ўт тошларига сабаб бўлиши мумкин.
Даволаш – спазмолитиклар, пархез, кўп пиёда юриш керак. Аниқини билиш учун врач мутаҳассисга учраб, таҳлил қилдиришдир.
Касаллик нега аёлларда кўпроқ учрайди? Аёл организмида ҳомиладорлик сабаб алмашинув жараёнлари ўзгариб туради. Шу сабаб ҳам ўт пуфаги касалланиши ёки сафро туриб қолиши мумкин. Эркакларда эса нотўғри овқатланиш ва зарарли маҳсулотлар таъсирида ўт пуфаги касалланади.
Тезкор текширув
Ўт пуфаги фаолиятини баҳолашда дастлаб шикоятларингиз ўрганилади. Бунинг учун гастроэнтеролог шифокор кўригига борасиз. Шифохонада ультратовуш текшируви ўтказилиб, зарурат бўлса, компьютер томографияси ва керакли таҳлил хулосалари тайёрланади. Шунга кўра, ўт пуфагидаги ўзгаришлар, хусусан, тош бўлса, унинг катта-кичиклиги аниқланиб, зарур муолажа тайинланади. Тош ўлчами кичик, деб топилса, уни эритиб туширувчи дори препаратлари ҳамда парҳез буюрилади. Оғриқ хуружлари ҳафта давомида икки-уч бор қайталанса, жарроҳлик амалиёти ёрдамида ўт пуфак тош билан бирга олиб ташланади. Негаки, мазкур аъзо олиб ташланмаса, ошқозоности безининг яллиғланиши – панкреатитга чалиниш мумкин.
Ўт пуфагисиз ҳам яшаш мумкин! Ўт пуфагида тош йиғилиб, ўт йўлларига тиқилиб қолса, жарроҳлик йўли билан аъзонинг ўзи ҳам олиб ташланади. Чунки тош олиниб, ўт пуфаги қолдирилса, ўша ерга яна тош йиғилиши эҳтимоли мавжуд. Хавотирланманг, ўт пуфаги йўқлигини организм ўз-ўзини қайта тиклаш функцияси орқали билинтирмайди. Бироқ ўт пуфагингиз олиб ташланса, олти ой мобайнида қатъий парҳезга риоя этиб, ундан сўнг ҳам парҳезбоп маҳсулотларни оз-оздан, тез-тез тановвул қилишга одатланишингиз керак. Қолаверса, тўйиб овқатланмаслик, уйқу олдидан таомланиш ҳам тавсия этилмайди.
“Ювдириш” муолажаси. Ўт пуфакда турли чўкмалар ҳосил бўлиб, безовталик кучайиши, ейилган овқат ҳазм бўлмай, ошқозонда туриб қолиши шунингдек, ушбу аъзода лямблия мавжуд бўлиши ювдириш муолажасини талаб қилади. Мазкур амалиёт шифокор кўрсатмаси билан бажарилиб, ўт пуфагида тош бўлмаган тақдирдагина қилиниши мумкин. Бир марталик муолажадан сўнг уни такрорлаш шарт эмас.
Профилактика учун маккажўхори попуги, наъматак ҳамда сафро ҳайдовчи дамламалардан ичиб туриш мумкин.
“Қуртлаб” кетса. Кўпинча, терининг оқариб қолиши, тез-тез қичиниш, шамоллаганда қорин соҳасидаги симиллаган оғриқ ёки соч тўкилиши каби ҳолатларда таҳлил ўтказилса, организмда паразитлар борлиги аниқланиши мумкин. Ўт пуфагида, асосан, лямблия паразитлари учрайди. Даволаш учун керакли тиббий текширув ўтказилиб, шунга кўра, муолажа (ўт пуфагини ювиш, паразитларга қарши зарур препаратлар ичиш)лар буюрилади.
Ёдда тутинг: агар оила аъзоларингиздан бирида ушбу ҳолат аниқланса, паразитларга қарши муолажа қолганларда ҳам ўтказилиши керак.
Хасталикни даволашга етказгандан кўра олдини олган афзал. Ҳеч биримиз ўт пуфаги касалликларидан ҳимояланган эмасмиз. Шундай экан, аввало, тўғри овқатланиш тартибига амал қилишни ўрганайлик. Масалан, майонез, маргарин, сариёғ, ёғли сут маҳсулотлари, ёғли гўшт, буғдой унидан тайёрланган нон кабилар таомномангизда имкон қадар камроқ бўлгани маъқул. Шунингдек, кўп қовурилган, дудланган, консерваланган егуликлар, газли ичимликлар ва аччиқ қаҳванинг ҳам меъёрини унутманг.
Жисмоний машқларнинг ҳам аҳамияти катта. Бир кунда 15-20 дақиқалик жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Куни билан ўтириб ишлайдиганлардан бўлсангиз, ҳар бир-икки соат оралиғида оёқ чигилини ёзиб, енгил машқларни бажариб туринг.
Соғлом овқатланишга риоя қилинг! Ўт пуфаги касалликлари ҳамда унинг олдини олиш учун қуйидаги маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг: сархил мева ва сабзавотлар, барра кўкатлар, ёғсиз сут-қатиқ, творог, йирик тортилган ундан тайёрланган нон ва ширинликлар, турли ёрмалар, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, ёғсиз гўшт. Агар ўт пуфаги парҳезида бўлсангиз, луқмани оз-оздан ва яхшилаб чайнаб ейишга ҳаракат қилинг. Тўйиб овқатланишдан сақланинг. Шифокор тавсиясига кўра, ўт-сафро ҳайдовчи дамламалардан ичиб турсангиз ҳам бўлади.
Ёрилиб кетиши мумкин! Айрим ҳолларда ўнг қовурға остида пайдо бўлган оғриқни енгиллаштираман, деб иссиқ грелка қўйиб ёки баданни иситувчи суртмалар суртиб, даволамоқчи бўламиз. Аммо бу мутлақо нотўғри! Шунингдек, тошни майдалаб туширадиган дамламалару ўт пуфагини тозалайдиган чойларга ҳам ишонманг. Оғриқ хуруж қилганида оғриқсизлантирувчи дорилар кор қилмайди. Хуллас, ўзибилармонлик қилиб, “даволаниш” ўт пуфагининг ёрилишига олиб келиши мумкин. Яхшиси, ўз вақтида шифокорга учраб, керакли муолажаларни олинг.
Картошка шарбати, хом тухум. Ўт пуфагидаги муаммо сабаб жиғилдон қайнаши безовта қилаверса, кимдир истеъмол содаси аралаштирилган сув, картошка шарбатини ичиш ёки хом тухум ютишни маслаҳат беради. Бу усуллар вақтинчалик аҳволингизни енгиллаштириши мумкин. Бироқ касалликни даволамайди! Қолаверса, билиб-билмай қўлланган тадбир организмнинг бошқа аъзоларига зиён етказиши ҳам мумкин.
Даволаш усулини ўзингиз танланг. Тиббиётда ўт тоши касаллигини даволашнинг бир неча усуллари мавжуд: медикаментоз литолиз — дори-препаратлар ёрдамида эритиш; масофадан юбориладиган ультратовушли литотрипция; лазер ёрдамида тошни майдалаб тушириш; кимёвий литолиз усули; лапароскопик ёки эндоскопик усулда ўт қопини олиб ташлаш; соҳани кесиб, ўтни олиб ташлашга асосланган очиқ жарроҳлик усули.
Ўт тошини даволашда касалликнинг илк босқичида, яъни ўт шиллиғи қуюқлашиб, тош ҳосил бўлишига мойиллик ошганда ўтни суюлтирадиган дори-дармонлар, минерал сув ичиш, кўпроқ ҳаракат қилиш тавсия қилинади. Медикаментоз усулда даволаш ўт тошларини махсус дори препаратлар ёрдамида эритиб туширишга асосланади. У ўт қопида қум ёки майда тошчалар бўлганда қўлланилади.
Экстрокорпорал зарбли-тўлқинли литотрипция усулда эса ўт қопидаги 3 см гача бўлган холестеринли тошлар ультратовуш тўлқини ёрдамида оғриқсиз майдалаб туширилади. Бу усул кальцийдан ҳосил бўлган тошларда ёрдам бермайди. Амалиёт ультратовуш ускунаси ёрдамида назорат қилинади.
Лазер ёрдамида даволашда қорин соҳасидаги кичик тешик орқали лазер нури юборилади ва тошлар майдаланади. Амалиёт узоғи билан 20 дақиқа давом этади.
Контактли кимёвий литолиз усули ёрдамида ҳар хил таркибли ва турдаги катта-кичик тошларни эритиш мумкин. Бунда УТТ назорати остида беморнинг териси орқали ўт пуфагига ингичка найча киритилади ва тошларни эритадиган махсус дори юборилади. Бу усул 90 фоиз ҳолатда яхши самара беради. Лапароскопия усули кам азиятли усул бўлиб, бугун ўт тоши касаллигини даволашнинг энг қулай усули саналади. Эндоскопик жарроҳлик усули эса қанча эрта босқичда бажарилса, натижа шунча яхши бўлади.
Шуниси борки, тошларни эритиш борасидаги уринишлар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Очиқ жарроҳлик усули (холецистэктомия). Бу анъанавий жарроҳлик усули бўлиб, қорин соҳасини 10-15 см кесиш ёрдамида ўт пуфагини олиб ташлашга асосланади. Бу усулда инфекциялардан зарарланиш хавфи кўпроқ бўлгани учун фақат ўт пуфаги кучли яллиғланганда ёки унда катта ўлчамли тошлар бўлганда, кучли оғриқлар безовта қилганда амалга оширилади. Операциядан кейин бемор ўзини тиклаши учун 1-2 ой вақт керак бўлади.
Маълумки, ўтида тоши бор беморларнинг аксарияти операция қилдиришдан қўрқишади. Албатта, бу тош ортиқча безовта қилмаса, уни операция қилиш шарт эмас. Айрим ҳолларда ўтдаги тош инсон умрининг охиригача ҳам азият бермай тураверади. Агар ўтда кичикроқ тошчалар борлиги аниқланса, киши тана вазнини камайтиришга ҳаракат қилса, эндокрин тизими ҳамда яллиғланиш билан боғлиқ касалликларни ўз вақтида даволатса, бундан ташқари, парҳез сақлаб, меъёрида жисмоний машқлар қилиб юрса, ўтдаги тош безовта қилмайди.
Тош каттароқ бўлганда, ўнг қовурға остида оғриқ сезилса, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда оғриқ қолдирувчи дорилар ичган маъқул. Агар 4-6 соат ичида ҳам оғриқ тўхтамаса, жарроҳга мурожаат қилиш даркор.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач