Пармачак (ежевика)нинг шифобахш хусусиятлари

0
784
марта кўрилган.

Пармачак (ежевика) — таъми ва хушбўйлиги билан ширин ва нордон маймунжонга ўхшаш неъмат. Қаттиқ пишган вақтида у ширин бўлади. Резавор нордон бўлсада,  жуда фойдали, илдизидан тортиб барги-ю мевасигача шифобахш хусусиятга эга.

Қадимги Юнонистонда 2000 йил олдин у дори  воситаси сифатида ишлатилган. Бугунги тиббиётда ҳам ушбу  табиий неъматдан кенг фойдаланилади.Ўсимликнинг барча қисмлари ишлатилади.

Таркиби. Пармачакни  витаминларнинг табиий мажмуаси деб атасак ҳам бўлади. Унинг таркибида кўплаб С витамини, E, P, PP, K витаминлари, А провитамини, В гуруҳига кирувчи барча витаминлар мавжуд. Бундан ташқари, ушбу резавор минералларга бой бўлиб таркибида калий, натрий, магний, калций, темир, фосфор, никел, мис ва бошқа фойдали толалар, шакар (фруктоза ва глюкоза), органик кислоталар (лимон, олма, салицил), токоферол, пектинлар бор.

Ушбу резавор неъматнинг маймунжондан фарқи шуки, мевасида уруғчалар бўлиб, таркибида 12 фойиздан ортиқ мой мавжуд. Унинг  барглари ҳам С витамини, танинлар, минераллар ва аминокислоталарга бой.

Фойдали хусусиятлари. Янги узилган мева истемол қилинса. иммунитет тизимини мустаҳкамлайди, метаболизмни даволайди ва организм фаолиятини яхшилайди. Унинг меваси буйрак касалликлари, сийдик пуфаги касалликларини даволашда, ошқозон ва ичак касалликларида ишлатилади. Улар қандли диабет ва буғим касалликлари учун ҳам фойдали. Шунингдек, мия ва асаб тизимининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, фикрлаш жараёни ва хотирани яхшилайди.  Чанқовни қондиради ва иситмани пасайтиради. Танани токсинлардан тозалайди ва антиоксидантларга бой. Кейинги йилларда унинг таркибида саратон касаллигини олдини оладиган моддалар ҳам борлиги аниқланди.

Резаворнинг барглари ва илдизлари яраларни даволашда қўлланилади, бириктирувчи, яллиғланишга қарши хусусиятларга эга. У аёллар учун жуда фойдали  ҳайз даврида  тинчлантирувчи восита бўлиб, невроздан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар. Баъзи кишиларда у аллергияни қўзғаши мумкин. Шунингдек,  жигар ва буйрак касалликларида, ошқозон яраси ва юқори кислотали гастрит хасталикларида ушбу нордон неъматнинг  истеъмолини чеклаш керак.

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.