Пиёда юриш ва очиқ ҳавода сайр қилишнинг хосиятлари

0
1466
марта кўрилган.

Ибн Сино тавсиясига кўра инсон организми жисмонан фаол бўлишга мослашган. Шунинг учун буюклар ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнатни узвий боғлаб олиб боришган. 

Бугунги кунда соғлом бўлиш учун  спорт залига бориб тренер кўрсатмасига биноан машқ бажаришга интилишади. Аслида саломатлик учун тоза ҳаво ва манзарали жойларда сайр қилиш,  пиёда юриш, соғлик кўтарса югириш кони фойда ҳисобланади.

Пиёда юриш инсонда депрессиянинг йўқолиши, мушакларнинг тонусда бўлиши, қоматнинг чиройли бўлиши, тери рангининг тиниқлашишига олиб келади. Шу билан бирга ҳаётидан мамнунлик, хотиржамлик ва ишга бўлган лаёқатнинг ортишига ёрдам беради.

Гипертониядан халос бўлмоқчимисиз? Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади. Нафас олиш ва ўпка фаолияти яхшиланиши кузатилади. Ҳужайралар кислород билан тўйинади. Юрак фаолияти ҳам яхшиланади. Иммунитет кўтарилади. Бунинг учун юрак зўриқмаслиги керак. Бу сайр ёши ўтганлар учун айни муддао! Шунингдек сайр қилиш глаукома ва бошқа кўз касалликларини олдини олишга ёрдам беради. Кўриш қобилиятида ижобий ўзгаришларни кузатасиз. Иложи борича салқин ва манзарали ям- яшил масканларда юринг.

Озишнинг арзон ва қулай усули! 15 дақиқалик бадантарбияга одатланинг. Вазн ташлаш учун соатлаб машғулот залларида шуғулланиш унчалик ҳам шарт эмас. Юриш нисбатан осонроқ ва кўпроқ самара бера олади. Тадқиқотчилар тўплаган маълумотларга кўра, у вазн ташлаш нуқтайи назаридан ҳаттоки югуриш, сузиш ва велосипед ҳайдашни ортда қолдирар экан. Тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласангиз, 15 дақиқада 100 ккал.дан халос бўласиз! Мана, сизга озишнинг арзон ва қулай усули! Шунингдек, мусаффо ҳавода сайрдан кейин асаб тизими ва мия фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилади. 

Хотиржамликка эриш учун 20 дақиқа сарфлайсиз! Асабий иш кунининг «юк»ларидан халос бўлмоқчимисиз? Унда ҳар куни 20 дақиқагина пиёда юринг. Натижа сизни, албатта, хурсанд қилади. Яна чекишни ташлашни истаганлар, хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқоларкан.

Кайфиятингизни кўтариш учун 25 дақиқани ўзингиздан аяманг! Тоза ҳавода, ҳатто, ёмғирли кунда, ёлғиз ёхуд кўнгилга яқин инсонингиз билан атиги 25 дақиқагина сайр қилсангиз, ширин хотираларни эслайсиз, қалбингиз янги ва эзгу орзуларга тўлади. Натижада, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз.

Тушкунликдан чиқиш усули. Тушкунликни енгиш учун вақтингизни аяманг! Ахир сиздан нима кетди? 35 дақиқа тоза ҳавода, манзарали жойларда сайр этсангиз бас! Қалбингиз ором олади. Табиат фарзанди эканлингизни ҳис қиласиз. Завққа тўласиз.

Дори воситаларсиз шамоллашдан  халос бўлишни истайсизми? Америкалик олимлар 45 дақиқа давомида марафонда қатнашган иштирокчиларнинг 50 фоизи шамоллашни енгиб ўтишганини таъкидлашади. Чунки, айнан пиёда юрганимизда, югирганимизда микроблар ва вируслар таслим бўларкан. Демак, айни кунларда соя, салқин жойларда тонг саҳарлаб югиришни унутманг!

Юракка фойда муолажа. Британиялик олимларнинг аниқлашича, ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлишаркан. Чунки, сайр юрак қон-томир хасталиклари юзага келишини 30 фоизга камайтиради. Юрак қон- томирларида қон айланиши ромлашиб, юрак фаолияти  яхшиланади. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Пиёда юриш альцгеймир, атеросклероз сингари касалликларни, руҳий тушкунликларнинг олдини олади. Шунинг учун ҳам врачлар кекса ёшли инсонларга тоза ҳавода  сайр қилишни тавсия қилишади.

Умуман бу  машқларни соғликингизга ва ёшингизга қараб врач билан маслаҳатлашиб бажарсангиз  мақсадга мувафиқ бўлади.

Сайр жараёнида кийим кечакка ҳам эътибор бериш керак: 1.Сифатли спорт оёқ кийими сотиб олинг. Шунингдек, доимий ўлчамингиздан сал каттароғини танланг, чунки юриш давомида оёқлар озроқ шишади. 2. Қулай кийим танланг. Юриш билан шуғулланиш учун номдор ва ҳашаматли спорт кийими тўпламини сотиб олиш шарт эмас. Тўғри танланган кийим қулайроқ бўлади. Сув ўтказувчи матодан тайёрланган, бироз чўзиладиган либос танланг. Совуқ об-ҳаво шароитида бир неча қават кийининг. Чунки кўчага чиққанда  аввалига совқотмаслик керак бўлади. Юриш жараёнида исиб кетасиз ва ортиқча кийим- кечакни осон ечиш таъминланади. 

Умуман ушбу  машқларни соғликингизга ва ёшингизга қараб врач билан маслаҳатлашиб бажарсангиз  мақсадга мувафиқ бўлади.

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.