ПИЁЗНИНГ  халқона табобатда ишлатилиши

0
22217
марта кўрилган.

Пиёзнинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Ундан халқ табобатида сийдик ҳайдовчи малҳам сифатида, турли яра, чипқон, цинга, колит, атеросклероз, гипертония, авитаминоз касалликларида, манқа, хўппоз, тумов, сизлоғич, ҳатто юмалоқ гижжани туширишда ҳам ишлатилади.

Пиёзнинг спиртдаги настойкасини ичак, атеросклероз, гипертония касалликларига, пиёзни асал ва олма билан аралаштириб томоқ шамоллаши, йўталга даво сифатида қўлланилади.

Пиёз киши организмидаги қанд миқдорини камайтириш хусусиятига ҳам эга. Шу туфайли суюқ овқатларга пиёз кўпроқ солиниши тавсия этилади. Кўк пиёз калий ва каротин моддаларига бойлиги тцфайли юрак мушакларининг яхши ишлашини таъминлайди, танадаги ортиқча суюқликни чиқариб юборишда кўмаклашади. Тишларининг соғлом ва мустаҳкам бўлишида ҳам пиёзнинг фойдаси катта.

Илмий тиббиётда пиёз ўсимлигининг доривор воситалари: настойка (аллилген), аллилглицер (пиёз бош экстракти билан глицерин аралашмаси), ичак атонияси, колит, атеросклероз, гипертониянинг баъзи турлари, авитаминоз (цинга ва бошқа касалликлар)ни даволаш учун ишлатилади. Бу воситалар яна тумовда (ринит) буруннинг шиллиқ қаватларига суртилиб, даволанади. Гинекология ва трихомонадаликоль касаллигини даволашда ҳам қўлланилади.

 Фойдали маслаҳатлар: Бир стакан пиёз шарбати тенг миқдорда асал билан аралаштирилади. Шу доридан кунига уч маҳал овқатдан бир соат олдин ёки овқатдан 2-3 соат кейин 2 ой давомида табга қараб бир чой қошиқ ёки бир ош қошиқ истеъмол қилинса мия склерозига даво бўлади. Икки ҳафта танаффус қилиб, яна 2 ой ейиш тавсия қилинади.

 Юмалоқ гижжа (острица)дан ҳоли бўлиш учун сархил пиёздан 15-20 граммдан кунига истеъмол қилиниб, муолажа 7-10 кун давом қилинади.

 Пиёз барглари ёрилган терига, қалинлашаётган қадоққа қўйилади. Барра пиёз таом ҳазм бўлишини яхшилайди, сочнинг тўкилишининг олдини олади. Унинг шарбати билан қанддан тайёрланган восита организмни мустаҳкамлайди.

 Грипп ва нафас йўллари шамоллаганда пиёз майдалаб тўғраб эзилади. Бирор идишга солиб, бошга каттароқ рўмол ёпиб ҳидланса, яхши натижа беради.

Эслатма: Хом пиёзни ўткир ошқозон-ичак, буйрак, жигар хасталиклари бор беморлар истеъмол қилмасликлари лозим. Пиёз сувини бурунга томизиш мумкин эмас, чунки у яллиғланган шиллиқ қаватга салбий таъсир қилади. Бурун катакларига ҳам пиёз бўлагини тиқиш асло мумкин эмас, чунки уни бурундан тортиб олиш ўта қийин кечиб, шифокор ёрдами керак бўлиб қолиши мумкин. Яна ўз врачингиз билан маслаҳатлашинг.

Саъдуллаева Фазилат, 1-Республика тиббиёт коллежи  катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.