Қалампирмунчоқ бой кимёвий таркибга эга

0
1090
марта кўрилган.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино қалампирмунчоқ тўғрисида шундай деган: «Унинг яхшиси қуруқ, чучук мазали ва ўткир ҳидлисидир. Оғиз ҳидини ёқимли қилади, кўзни ўткирлаштиради, меъда ва жигарни кучайтиради, қусиш ва кўнгил айниганга фойда қилади…» Шунинг учун уни момоларимиз кўйлакларига ҳам безак ҳам шифо сифатида осиб юришган.

Қалампирмунчоқ бой кимёвий таркибга эга бўлиб, унинг ғунчасида жуда юқори миқдорда, яъни вазнига нисбатан 20 фоиз кўп эвгинол эфир мойи мавжуд. Бундан ташқари, қалампирмунчоқ таркибида олеанол кислотаси, гликозидлар, карифиллен, гумулен, ошловчи ва таркибида ёғ бўлган моддалар, В1, А, РР, В2, С витаминлари мавжуд. Шунингдек, бу зиравор ўзида кальций, магний, фосфор, натрий ва темир моддаларини мужассам қилган. Қалампирмунчоқ жуда машҳур зиравор бўлиб, унинг қуритилган ғунчаларидан фойдаланилади.

Қалампирмунчоқ антисептик, оғриқ қолдирувчи, ел ва гижжа ҳайдовчи, томир кенгайтирувчи, тиришиб-тортишиб қолишга қарши, овқат ҳазм қилиш, балғам кўчириш, пешоб ҳайдаш, тер бактерияларини ўлдирувчи ҳамда микробларга қарши курашувчи таъсир кучига эга восита бўлиб, гарчи айрим мамлакатлар ошхонасида зиравор сифатида ишлатилса-да, шифобахшлиги туфайли замонавий тиббиёт ва халқ табобатида кенг қўлланилади.

Ундаги эфир мойи асаб тизимини тинчлантириб, стресс ҳолатини йўқотади, неврозни даволайди ва қон айланишини яхшилайди. Шунингдек, терини тиклаш ва юмшатиш хусусиятларига эга.

Стоматологияда у тиш касалликларида. тенгсиз муолажа воситаси саналади. У зарарланган оғиз шиллиқ пардаси, кариес, пародонтоз, пульпитда яллиғланишни йўқотади. Қадимда қалампирмунчоқдан тайёрланган кукунни милкларга ишқаш ёки шунчаки қуритилган ғунчасини чайнаш ёрдамида тиш оғриғи бартараф этилган. Қалампирмунчоқ мойи эса йирингли тиш оғриғида жуда фойдали малҳам саналади. У оғриқни камайтириш билан бирга инфекция тарқалиб кетишининг олдини олади.

Балғам кўчирувчи восита. 5-6 дона қалампирмунчоқни 30 мл сувда қайнатиб, кунига уч маҳал асал билан бирга балғам кўчирувчи восита сифатида фойдаланиш мумкин.

Шамоллаш ва тумовда 6-7 дона қалампирмунчоқни 15 г арпабодиён уруғи билан ярим литр сувда тўртдан бир қисми қолгунча қайнатилади. Бундай қайнатма шакар билан бирга шамоллаш ва тумовда жуда самарали восита саналади.

Йўталда ош тузи билан чайнаш йўтални бартараф этади. томоғингиз ҳам шамоллаган бўлса, қовурилган қалампирмунчоқни чайнанг. Шунингдек, ҳалқумдаги яллиғланиш (фарингит) жараёнини тўхтатишда ҳам ажойиб восита саналади.

 Астмани даволаш учун 2 дона қалампирмунчоқ, 12-15 дона райхон уруғи, 10 дона мурч доначаларини 15 дақиқа давомида қайнатиб, икки чой қошиқ асал ва сут билан ичиш керак.

 Гастроэнтерологияда қалампирмунчоқ ангина ва ҳиқичоқ тутишини даволашда тенги йўқ восита. Бунинг учун 200 мл сутни қайнатиб, унга 5 дона қалампирмунчоқнинг майдаланган кукунини қўшамиз. Қайнатмани иссиқлигича оғизда бироз ушлаган ҳолда майда-майда ҳўплаб ичиш лозим.

Ҳазм жараёнини яхшилаш учун овқатланишдан бир неча дақиқа олдин бир чой қошиқ асалга бир чимдим майдаланган қалампирмунчоқ қўшиб истеъмол қилиш керак.

Кўнгил айниши ва қайт қилишни тўхтатиш учун қалампирмунчоқ кукуни ва асални аралаштириб, паста тайёрлаш лозим.

Травматологияда Артрит ва артрозда бир неча томчи қалампирмунчоқ мойини массаж воситасига қўшиб ишлатиш самарали таъсир кўрсатади. Битиши қийни бўлаётган яралар ва чипқонни ҳам қалампирмунчоқ мойини малҳам сифатида зарарланган жойга бевосита қўйиш орқали даволаш мумкин.

Бўғимлар оғриғи ва мушаклар спазмида қалампирмунчоқ ва хантал мойининг бир неча томчисини аралаштириб ичиш жуда яхши фойда беради. Гинекологияда у тўлғоқ вақтида самарали ёрдам беради. Шунингдек, қалампирмунчоқдан бачадон тонусини кўтариш ва ҳайз жараёнини меъёрлаштиришда фойдаланиш мумкин.

Сил касали (туберкулёз)да рўй берадиган нотекис йўтал, бронхит ва астмани даволаш учун қалампирмунчоқ мойи ва саримсоқ қўшилган асални аралаштириб, ҳар куни уйқудан олдин истеъмол қилиш керак.

Говмиччани даволашда қалампирмунчоқни сувда қайнатиб, зарарланган жойга босилади.

Оғиздан ёқимсиз ҳид келганда ҳам қалампирмунчоқ чайнаш жуда яхши самара беради.

Қалампирмунчоқли чой. Қайнаган сувга 3-4 дона қалампирмунчоқ куртаги солиниб, 5-10 дақиқа дамлаб қўйилади. Ушбу хушбўй ва мазали чой шиллиқ пардаларни тозалаб, қувватни оширади ва бардамлаштиради.

Эслатма. Қалампирмунчоқ 2 ёшгача бўлган болаларга, гипертониядан азият чекаётганларга ва ҳомиладор аёлларга тўғри келмайди. Юқори кислотали гастрит, ошқозон яраси, шунингдек, мадорсизлик ва зўриқишда ҳам қалампирмунчоқдан фойдаланмаган маъқул.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.