Оилани гўзал боғу бўстон десак, фарзандларни унинг қирмизи меваларига қиёс этгулик. Сўлим боғни, етилиб пишган неъматларни кўрганда кўз қувонади. Баҳри дилингиз очилади. Соғлом оила жамиятнинг мустаҳкам пойдевори. Маънавият, саломатлик нуқтаи назаридан айтсак, оила инсоният наслини пок сақловчи, шаъни ва одамийлигини таъминловчи асосий воситадир. Оила риштасининг асосида меҳр- муҳаббат туради.
Зеро, Қуръони каримнинг «Рум» сурасиниг 21- оятида қуйидагича хабар берилади: Унинг оятларидан (яна бири) –У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Оила қуриш ўта нозиклик билан пухта ўйлаб бажариладиган вазифа! Зеро, Амир Темур бобомиз келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйганлигини таъкидлаб ўтганлар. Келажакда бахтни қўлдан бой бермаслик, атрофдагиларга ва ўзига заҳмат етказмаслик учун оилаин тўғри ўзанга қўйиш муҳимдир. Зеро, оила мустаҳкам бўлар экан жамият мустаҳкам, оила тинч экан жамият тинч бўлади.
Ҳозирги кунда баъзиларни яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга интилиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилмоқда. Лекин, тиббиёт олами олимлари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашади. Унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишидир. Унинг олдини олиш катта аҳамиятга эга. Энг асосийси қон янгиланади.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда шаҳарларда қариндошлар ўртасида оила қуриш ҳоллари ўн фойизга, қишлоқ жойларида йигирма-йигирма беш фойизга етаётган экан.
Зеро, олимларнинг таъкидлашича, яқин қариндошлар никоҳи туфайли саксонга яқин касалликлар келиб чиқиши мумкин экан. Жумладан, йўлдош гематомаси, темир моддасининг ошиб кетиши, вазннинг кескин камайиб кетиши ақлий ўсишда ёки жисмоний ривожланишида салбий ҳолатлар юзага келиши кузатилади. Америка генетиклари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда ирсий касалликлар ва туғма нуқсонлар қон бир бўлганлиги учун оила қурганда кескин даражада ошиб кетишини таъкидлашади. Бегоналар оила қурганида эса кучли ген кучсиз генни енгади. Яъни иммунитети кучли бўладиган бўлса, бошқа томонни ўша касаллигига қарши тура олади.
Шу вақтгача мингдан ортиқ беморларнинг касаллик анкеталари билан танишдим, юзлаб ирсий касалликларга чалинган одамларнинг ўзи билан суҳбатлашиб, ирсий касалликларнинг тарқалиши бевосита қориндош -уруғчиликка дахлдор эканлигини кузатдим. Чунки, деярли ўттиз йилдан бери ташҳис аппаратида ишлайман, илмий тадқиқотларим ҳам шу мавзуда. Ҳузуримга кўплаб ҳомиладорлар келади. Ҳомиласини скрингда текширганида, ногиронлигини айтишганини яна бир марта қайтадан текширувдан ўтиш нияти борлигини таъкидлашади. Улар орасида учинчи марта мутахассисга қайта текширувга келаётганлари ҳам топилади. Улар нажот, умид исташади. Уларга раҳмим ҳам келади. Суриштирсам, кўпинча яқин қариндошлар орасидаги никоҳ риштаси оқибати бўлиб чиқади. Баъзи бирлари барибир ишонишмайди. Вақти соати келиб фарзандни дунёга келтиради. Аммо.. Уч фарзанди вояга етмасдан ирсий касаллик туфайли вафот этганларни биламан. Лекин, улар барибир умид қилишади. Янги оила қуришга мажбур бўлишади. Шуни ҳам унутмаслик керак, яқин қариндошлар орасидаги никоҳ риштаси туғилажак фарзандларнинг бўй ва вазн жиҳатидан пастлаб кетишига ҳам олиб келади.
Мутухассисларнинг айтишича, яқин қариндошларнинг никоҳи етти авлоддан кейин ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин экан. Шунинг учун АҚШнинг айрим штатларида яқин қариндошлар ўртасдаги никоҳ қонунан таъқиқланган.
Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида ва тиббий маслаҳатхоналарда, маҳаллаларда бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари яхши йўлга қўйилганлигига қарамай, салбий ҳолатлар ҳамон тез-тез учраб турибди.
Азиз ёшлар ва ота-оналар, огоҳ бўлинг фарзандлар саломатлигини кўзлаб иш қилинг!
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.