Халқ орасида “қилтомоқ”– дисфагия касаллиги қадимдан маълум. Хўш, “қилтомоқ” касалликнинг белгилари қандай?!
Қизилўнгач ўсмаси деб аталадиган ушбу касаллик асосан томоқдаги ноқулайлик, овқатни чайнаш ва ютиш пайтидаги қийинчиликлар орқали бошланади. Унинг келиб чиқишига овқатланаётган вақтдаги нохуш ҳолатлар сабаб бўлади. Шошиб – пишиб тановул қилиш натижасида қизилўнгач балиқ қилтаноқлари, овқатдаги майда суяклардан шикастланади ёки кимёвий кислоталар ва ишқорлардан куйиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ушбу хасталик мия қон-томирлари жароҳатланиши, мия шикастланиши, хавфли ва хавсиз ўсмалар, асаб касалликлари ва бошқа омиллар туфайли ҳам юзага келиши мумкин.
Касаллик вақти беморда қизилўнгач деворлари шикастланиб, тораяди ва бу ҳолат овқат ютишнинг қийинлашиши (дисфагия)га олиб келади. Бунда бемор дастлаб қуюқ, кейинчалик суюқ овқатларни ҳам ютолмай қолади. Тўш орқасида, баъзан кўкрак пасти ва қорин соҳасида турли оғриқлар кузатилади.
Қизилўнгач тешигининг торайиши натижасида айниқса қуюқ таом истеъмол қилаётганда кучли оғриқ бўлади. Дисфагия белгилари кузатилганда, аввало овқатни оз-оздан, бўлиб-бўлиб ейишга одатланиши керак. Бунинг учун кунига 4-5 маҳал таомланиши мақсадга мувофиқ. Дастурхон олдида имкон борича гапирмаслик, таомланаётганда шошилмаслик лозим. Акс ҳолда қизилўнгачга ҳаво кетиб, овқат ўтиши янада қийинлашиши, бу эса беморга ортиқча ноқулайлик туғдириши мумкин. Бундан ташқари, овқатдан сўнг дарҳол ухлашга ётиб олмаслик зарур. Иложи борича суюқ овқатлар, бўтқаларни тановул қилиш маъкул. Агар ютиш бузилиши беморнинг ҳаётига хавф туғдирса, шифокор томонидан беморни махсус найча орқали овқатлантириш буюрилади.
Қизилўнгач фаолиятининг бузилишига кўпгина омиллар сабаб бўлади. Қизилўнгач соҳасидаги аксарият оғир хасталиклар шиллиқ қаватнинг шикастланиши туфайли келиб чиқади. Баъзан шошиб овқатланиш ёки қуруқ егуликларни яхши чайнамасдан ютиш ҳам қизилўнгачнинг ички нозик шиллиқ қаватларини шикастлантириши мумкин. Бунинг натижасида шиллиқ қаватда турли ўсмалар пайдо бўлади.
Қизилўнгач саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча аломатларсиз ўтади. Касаллик фақат овқатни ютиш қийинлашгандагина ўзини намоён қилади. Бу ҳолат эса қизилўнгачнинг ичкарида ўсаётган ўсимта билан тўсиб қўйилганда юзага келади. Хусусан, кичик шиш пайдо бўлиши деворнинг спазмига ва натижада овқатнинг сиқилишга олиб келиши мумкин.
Аслида қизилўнгач ўсмалари икки хил бўлиб, хавфли ва хавфсиз турларга ажралади. Хавфсиз ўсма ҳужайралари тананинг бошқа аъзоларига тарқалмайди. Масалан, фиброма, гемангиома, нейрофиброма, леймиомалар асосан эркакларда учрайди. Хавфли ўсма эса хавфсизига қараганда тезроқ ва бетартиб ривожланади. Кейинчалик эса ён-атрофдаги тўқималарга кириб бориб, уларни зарарлайди.
Касаликка ташхис қўйиш турини аниқлаш учун шифокор беморда диагностик текширувларни ўтказади. Унутмаслик лозим, ҳар қандай беморга қўйиладиган тўғри ташхис чуқур текширувга асосланади. Шифокор қизилўнгачни эндоскопик текширувдан ўтказиш учун лаборатор текширувларни тайинлайди. Зарур бўлса, биопсия – текширув учун тўқиманинг кичик бир қисми ҳам олиниши мумкин.
Шунингдек, ўсимта тарқалишини билиш учун (бошқа тўқималар ва органларнинг иштирок этиш даражаси) қўшимча текширув усуллари ҳам қўлланилади. Шифокор ютишнинг қайси босқичи бузилишини аниқлагач, шунга қараб ҳар бир бемор учун индивидуал тиклаш муолажаларини тайинлайди.
Жумладан, беморга асосан нутқ терапияси, фаол ютиш ва чайнашнинг рағбатлантириш машқлари, артикуляр машқлар, фарингеал мушакларнинг тебранишини ўз ичига олган машғулотлар буюрилади. Шу билан бирга, таомномага ҳам алоҳида эътибор берилиб, суюқ ва қуюқ овқатларнинг мослиги белгиланади. Мутахассис томонидан тайинланган машғулотлар давомийлиги беморнинг ҳолатига қараб давом эттирилади.
Одамда қизилўнгачнинг хавфли ўсмаси аниқланса, у ҳолда махсус даволаш чоралари – нур ёки кимёвий дорилар тайинланади.
Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда замонавий тиббиёт қизилўнгач ўсмаларини эрта аниқлаб, ташхис қўйиш учун барча имкониятларга эга. Ўсмаларни олиб ташлаш мақсадида ўтказиладиган жарроҳлик амалиётлари ҳам ижобий натижа беради. Бунинг учун бемор шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиши зарур.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач