Инсон танасидаги кичик бир ўзгариш ҳам бирор касалликдан дарак беради. Бутун оғирликни қўл ва оёқларга ташлаб ўтирганда, ёки ёнбошлаб ётганда увишиш келиб чиқади. Бу ҳолатда қўл ёки оёқлардаги асаб томирлари эзилган бўлади.
Натижада эзилган жойда қон айланиш анча сустлашади ва жимирлаш кузатилади. Бу – қоннинг қуюқлигидан дарак беради.
Қўл-оёқларнинг увишиши совуқдан, оғир юк кўтаришдан, бош мияда, шунингдек, танада қоннинг яхши айланмаслигидан, меъёридан ортиқ алькоголь истеъмол қилиш туфайли ҳам юзага келиши мумкин.
Қандли диабет касаллиги билан оғриган беморларда ҳам қўл-оёқлар увишади.
Қўл-оёқларнинг тез-тез увишиб туриши эса асосан, 40-50 ёшдаги одамларда кузатилади. Бу ёшдагилар танасидаги холестерин миқдорини тез-тез текширтириб туришлари лозим. Чунки қон томирлари деворида холестерин моддасининг кўпайиб кетиши оқибатида қон юриши анча қийинлашади. Шундан кейин тез-тез ўнг қўл, ўнг оёқ ёки чап қўл, чап оёқ увишиши кузатилади. Агар бунинг ўз вақтида олди олинмаса, ишимик инсульт ёки инфаркт хасталиклари келиб чиқади.
Бу ҳолатда бадантарбияга алоҳида аҳамият беринг у ёрдам беради! Турли даволовчи жисмоний машқлар ёрдамида бу дарддан фориғ бўлиш мумкин. Шунингдек, таомномага ҳам эътибор бериш керак. Сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилиш керак.
Агар бу ҳолат узоқ муддат давом этаётган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ва унинг сабабини аниқлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач