Руҳ (цинк) танқислигида тавсия қилинадиган маҳсулотлар

0
5395
марта кўрилган.
Инсон организмида руҳ (цинк) дармондориси танқислигида қайси касалликлар келиб чиқади ва ундай пайтда қайси маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак? Ушбу саволларга жавобни тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач  Шоира Бекчанова суҳбати асосида тайёрладик.
Айни кунларда коронавирусга чалинган беморларга руҳ (цинк) дармондориси тавсия этилмоқда. Нега? Чунки, ушбу модда киши организмида миқдоридан кам бўлса тез-тез шамоллаш аломатлари кузатилади. Шунинг учун ҳам коронавирусга чалинганларга бу дармондори тавсия этилмоқда. Яна одам организмида цинк моддаси етарли бўлмаса аввало сезиш қобилиятлари – кўриш, ҳидлаш, таъм билиш издан чиқади. 
Бу эса ўз навбатида иштаҳа йўқолишига, овқат ҳазм қилишнинг бузилишига, шапкўрлик каби касалликларга олиб келиши мумкин. Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгиларидир. Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши, наслсизлик, болаларда паканалик  ҳам руҳ етишмаслиги туфайлидир.

Шунингдек, руҳ танқислиги ҳомиладор аёлларда,  ошқозон-ичак дарди бор одамларда, вегетириан кишиларда ҳамда спирт ичиш дардига йўлиққанларда кўп учрайди.

Ушбу дармондорининг бир кунлик  меъёри эркаклар организми учун 11 мг, аёллар учун эса 8 мг дир.

Цинк моддасини ўзида сақлайдиган маҳсулотлар ва улардаги миқдорлар билан танишинг:

Денгиз маҳсулотларининг 100 граммида   78, 6 мг руҳмавжуд. Бу бир кунлик меъёрдан беш баравар ортиқдир. Шунинг учун ушбу маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиш мумкин эмас. Халқимиз “ойда балиқ, йилда калла” деган матални бежиз айтмаган. Яъни ҳар ойда бир марта балиқли таомлар билан овқатланиш керак.

Гўшт маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиб туриш ҳам ушбу дармондорига бўлган талабни таъминлайди. Мол, қўй, қўён, товуқ каби гўштлар ҳам ушбу моддага бой ҳисобланади.  Масалан, 100 грамм мол гўштида – 12,3 мг цинк мавжуд.

Капакли ун ҳам ушбу неъматга мўл манбалардан биридир. Унинг 100 граммида – 16, 7 мг руҳ дармондориси мавжуд.  Уни турли пишириқларда ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

Кўкатлар ва исмалоқ. Исмалоқ – мазкур витаминни ўзида асровчи барча кўкатларнинг “султонидир”. Ушбу кўкат яна А Е К ҳамда кальций, темир, магний ва калий каби дармондориларни  ўз ичига олади. Исмалоқнинг 100 граммида  0, 8 мг руҳ мавжуд.  Наврўзи айёмда момоларимизнинг кўкатлардан пишириқлар тайёрлаши  қадимий гўзал анъана бўлиб, “қари билганни пари билмайди” деган матал ҳам бежиз эмас.
Қовоқ  уруғи, кунжут, кунгабоқар  ҳам жуда фойдали. Уларнинг 100 граммида  10, 3 мг руҳ мавжуд.
Ёнғоқларнинг турлари жуда кўп ва барчасида ушбу витамин мўл. Уларнинг 100 граммини истеъмол қилсангиз  5, 6 мг  руҳ билан тўйинган бўласиз.
Какао ва шоколад  фақат мазали бўлибгина қолмай жуда фойдалидир. Какао кукунининг 100 граммида 6, 8 мг руҳ сақланади. Шоколаднинг ўшанча миқдорида  9, 6 мг руҳ мавжуд
Сабзавотлар (карам, картошка, сабзи, қовоқ)  ва нўхот лавия каби дуккакли дон ўсимликлари  ҳам руҳ манбаидир.
Сут маҳсулотлари (қатиқ, пишлоқ, бринза, йогурт) ҳам ушбу неъматга бой манба ҳисобланади. Айниқса қатиқ жуда фойдалидир. Унинг 100 граммида 3 мг ушбу дармондори мавжуд.
Меваларда ҳам руҳ моддаси мавжуд, бироқ, киши вужудига  етарли даражада бой деб бўлмайди. Айниқса, она юрт неъмати бўлмиш анор,   маймунжон, хўжағат, дўлана каби маҳсулотларда бошқа меваларга нисбатан кўпроқ.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, инсон иммунитетининг  ҳолати шу минералга боғлиқ бўлиб, шамоллаш, грипп ва коронавируснинг дастлабки белгилари намоён бўлганида витамин С билан бирга руҳ тавсия этилади. 

Gujum.uz

Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  гранти асосида уюштирилди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.