Айни кунда дўконларда цитрус меваларнинг айниқса, лимоннинг нархи ошиб кетди. Таркибида С витамини бор маҳсулотлар коронавируснинг олдини олиши эълон қилиниши туфайлимикан? Ёки бошқа сабаб борми буни Оллоҳ билади.
Дарҳақиқат, С витамини тақчиллиги иммунитетни пасайтириши мумкин. Шу сабабли шамолламаслик учун унинг миқдорини меъёрида ушлаб туриш лозим. Коронавирус ҳам шамоллашнинг бир туридир.
С витамини углевод, оқсил ва минераллар алмашинувида, организмдаги оксидланиш-қайтарилиш жараёнларида ва қон ҳосил бўлишида иштирок этади. С витамини организмнинг инфекцияларга чидамлилигини оширади ва тўқималар ҳамда ҳужайраларнинг ўсишига ёрдам беради. Шунингдек, майда қон томир (капилляр)ларнинг деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин мева-сабзавотлар таркибида кўп бўлади. С витамини ёруғлик ва қайнаш жараёнида тез парчаланиб кетгани боис маҳсулотларни тўғри сақлаш ва пишириш муҳим аҳамиятга эга.
Аксарият одамлар цитрус меваларни С витаминига бой маҳсулотлар деб билишади. Аслида бундай эмас. С витамини булғор қалампири, аччиқ кўк қалампир ва тузланган карамда анча кўпроқдир. Уларда апелсиндан кўра 10 марта кўпроқ С витамини бор, деб ёзишади парҳезшунос олимлар.
Шунингдек, цитрус мевалардан ташқари наъматакда, чаканда мойи (облепиха)да, рангли карамда, яшил нўхотда, ловияда, трупда, киви ва қизил рангли маҳсулотларда ҳам С витамини мавжуд.
Саримсоқ энг кўп тарқалган доривор ўсимлик. Бундан ташқари саримсоқ калий, магний, фосфор, кальций, йод минералларига ва цинк, марганец, селен микроэлементларига бой. Кунига 2 бўлакча саримсоқ шамоллашни унутиш учун кифоя.
Бу ноз-неъматлар пишириш жараёнида фойдали хусусиятларини йўқотади. Шунинг учун иложи борича хом ҳолатида истеъмол қилиш фойдалидир.
Иммунитетни қўллаб-қувватлаш учун ёнғоқ, жавдар унидан тайёрланган нон, тухумнинг сариғини истеъмол қилиш ҳам кони фойда. Улар Е витаминига бой бўлади. Рух моддаси сақловчи маҳсулотлар ҳам шамоллашимизга йўл қўймайди.
Эрталаб 30 грамм ёнғоқ – бу етарли миқдордир. Бу миқдорда микроэлементлар ва фойдали ёғлар етарли бўлади ва хавфсиз калория ҳисобланади.
Ёғли овқатлар, консерваланган, маринадланган маҳсулотлар, қаҳва, спиртли ичимликлардан эса воз кечишга тўғри келади. Организм юқори калорияли овқатни ҳазм қилишда кўпроқ энергия сарфлайди, спиртли ичимликлар эса фойдали компонентларнинг ўзлаштирилишини секинлаштиради.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида уюштирилди.