Шамоллаганда халқона усулдан фойдаланиш

0
2914
марта кўрилган.

Айни кунда беморларда  шамоллаш кўп кузатилмоқда. Нафас йўлларининг оғир кечадиган шамоллаши тумовдан бошланади. Бу аломат ёқимсиз бўлса ҳам унчалик қўрқинчли эмас. Энг хавфлиси,  инфекция  аввал томоқ ва бўғизни эгаллайди,  кейин эса трахея, бронх ва ўпкага ўтади. Тумов  бошланаётган пайтида-ёқ унинг олдини олиш лозим.

Шамоллаш, йўтал сабабсиз пайдо бўлмайди – у бирор-бир юқумли, респираторли ёки вирусли турдаги касаллик белгисидир.

Ҳар қандай кучли таъсир кўрсатувчи дориларнинг, шу жумладан антибиотикнинг ижобий ва салбий хусусиятлари мавжуд. Ижобий томонлари шуки, зарарли микробларга барҳам беради, беморнинг   аҳволи тезда енгиллашади. Бироқ,  иммунитетни тушириб юборади.Бу эса организмнинг турли касалликларга қарши курашиш хусусиятини пасайтиради.  Шунинг учун антибиотикларни врач тавсияси ва  назорати остида қабул қилиш лозим. 

 Агар касаллик даврида  юқори ҳарорат ва кескин ланжлик ҳолати бўлмаса, халқ табобати усулларида даволаш мумкин.

Витаминлар вирусли инфекцияларга қарши курашда жуда яхши восита бўлиб, айниқса C витамини – кучли антиоксидант ҳисобланади. Улар гриппни комплекс даволашда таркибий қисм сифатида ишлатилади. Шунинг учун лимонли чойни,  сабзавотли , мевали салатларни кўп исътемол қилишга интилиш керак.

 Асал – йўтални даволовчи биринчи ва энг яхши ёрдамчидир. Кундузи ва уйқу олдидан илиқ сут ичиш – нафас йўлларидаги қичишиш ва оғриқни камайтиради ва тунги йўтал хуружининг олдини олади. Балғамни  чиқариш учун, бир стакан сутга 2 ош қошиқда асал ва бир чимдим сода қўшилади.

Карам шарбати билан асал ҳам йўтални камайтиришга ёрдам беради. Асал таъбга кўра шарбатга қўшилади ва кун давомида қабул қилинади. Эмизикли ва ундан каттароқ болаларга ҳам бериш мумкин.

Сут – йўтални даволовчи энг самарали восита. У томоқ яллиғланишини бартараф этади, балғамни ажратишга ва чиқаришга ёрдам беради. Йўтал пайтида уни қайнатиб, илиқ ҳолда ичиш жуда фойдали. Йўтал жуда кучли ҳолларда, ярим литр сутга бир бош саримсоқ ва 2 дона майдаланган пиёз қўшиб, 10 дақиқа давомида қайнатилади. Ҳосил бўлган суюқ бўтқага ёқимли таъм бериш учун озроқ асал қўшилади ва кунига 1 ош қошиқдан 4-5 маҳал ичилади.

Сарёғли сут. Илиқ сут ва сарёғ қуруқ йўтални юмшатишга ва томоқ қичишишини бартараф этишга ёрдам беради. Бир стакан сутга 50 грамм сарёғ солинади ва уйқу олдидан қабул қилинади.

Бананли сут – йўтални даволовчи энг мазали воситадир. Банан бўтқасимон қилиб майдаланади, илиқ сут ва асал қўшилиб, блендерда яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган қиём кечки пайт ётишдан олдин ёки саҳарда ичилади.

Бир литр сувга бир бош саримсоқ ва 2 дона майдаланган пиёз қўшиб қайнатилган сувнинг парида нафас олиш ҳам яхши самара беради. Шунингдек тез-тез исириқ тутатиб туриш ҳам лозим.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.