Шифобахш овқатланиш оддий таомлардан ўзининг таркиби ва тайёрлаш усуллари билан фарқ қилади. У касал организмга зарур дармондориларга бўлган эҳтиёжини таъминлаши, яъни касал аъзонинг функциясини тиклашга ёрдам бериши керак.
Шифобахш овқатланиш ҳар бир касалликнинг ўзига хос хусусиятлари, клиник кечишини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва маълум даврга мўлжалланади. Чунки парҳез таомлар таркиби ва миқдори маълум чекланишларга йўл қўйилгани учун уларни беморга узоқ муддатга буюриш мумкин эмас.
Ҳазм аъзолари касалликларида қуйидаги таом ва овқат маҳсулотлари тавсия этилмайди: иссиқ нон ва нон маҳсулотлари, ёғли гўшт, қовурилган таомлар, кучли гўштли шўрвалар, жўхори, перловка ёрмалари, мош, нўхатдан тайёрланган таомлар, нордон, шўр, аччиқ дудланган маҳсулотлар, спиртли ва газли ичимликлар, аччиқ чой, қаҳва, какао, музқаймоқ.
Шунингдек, мол ва қўй ёғи, консерва маҳсулотлари, маргаринда тайёрланган маҳсулотлар, хом мевалар, пиёз, саримсоқ, турп, мариновка қилинган маҳсулотлар, шоколад ва тез тайёрланадиган таомларни ҳам истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
Тавсия этиладиган озуқа маҳсулотлари ва таомлар: бир кун олдинги ёки қуритилган нон, қуруқ печенье, қайнатилган мол гўшти, тухум, эзиб яхши пишган макка ёрмаси, гуруч, сули, қора буғдой бўтқалари (ширгуруч, шовла, ширқовоқ, макка бўтқаси), ёвғон хўрда, ширали шўрвалар, буғда пишган гўштли таомлар, қайнатилган тил, жигар, духовкада пиширилган гўшт, кефир, ёғсиз қатиқ, қаймоқ, чучук пишлоқ, чала пишган тухум, эзилган картошка, пиширилган қовоқ, сабзи, лавлаги ва чучук помидорлар.
Ўсимлик ёғида димланган таомлар, пишган сабзавотлардан турли салатлар, ширин меваларни пишириб ёки димлаб тайёрланган десертлар, асал, мурабболар, шакар, шунингдек, суюқ чой, кисель, ширин шарбатлар, наъматак суви ва минерал сувлар тавсия этилади.
Холида Очилова, олий тоифали врач