Шифобахш қум муолажаси қачон қабул қилинади? Иқлимдаги намлик аста — секин баданга кириб боради ва кишини бетоб қилиши мумкин. Намлик ҳўл совуқ ҳисоблангани боис унинг давоси қуруқ иссиқлик яъни шифобахш қумлардир.
Қум ванналари, қумга тушиш, псаммотерапия – иссиқ қумдан даво мақсадида фойдаланиш; иссиқ билан даволаш усулларидан. Қадимда куёшда қизиган иссиқ қум билан даволаш кенг русум бўлган. Араб, юнон, римликлар ва Шарқий Ҳиндистон аҳолиси ўртасида бу усул самарали қўлланилган. Шунингдек, Хоразмликлар ҳам табиатнинг бу неъматидан, ушбу усулдан кенг фойдаланишади.
Қум ванналари ҳақидаги маълумотлар Ибн Сино қўлёзмаларида ҳам қайд этилган. «Агар қумдан маҳорат билан фойдалана олсангиз, моддалар алмашинувини яхшилашга эришилади. Инсон бақувват бўлиб, кайфияти тетикланади. Ортиқча моддалар тезда эриб, тер билан чиқиб кетади, у сурункали совуқликни бартараф этади, бош оғриқни қолдириб, мияни мустаҳкамлайди».
Қум қуруқ иссиқлик бўлиб, намликни бадандан тер билан бирга чиқариб юборади. Қумли муолажа учун ёзнинг июль ойидан сентябрнинг ўн бешинчи санасигача бўлган давр тавсия этилади. Яъни қум обдон қизиган ёзнинг чилласа даври танлнади.
Қумга тушишдан аввал албатта қон босимини ўлчатиб олиш зарур. Иссиқликнинг юқори даражаси қон босимини кўтариб юбориши мумкин.
Қумга тушишдан аввал, қумнинг юзасини ариқча шаклида очиб, 5-6 дақиқа ариқчада ётиб кўрасиз. Аҳамият беринг, қум зарралари баданингизнинг қаерига ёпишган бўлса ўша аъзога нам ўтган. Бу тананинг айнан шу қисмларига эътибор қаратиш кераклигини англатади. 10-15 дақиқалик қум муолажасини соат 11:00 дан 13:00 гача, 15:00 дан 17:00 гача бўлган соатларда қабул қиласиз. Фақат оёқларингизнинг ўзи безовта қилса, қумли муолажа оёқларнинг ўзида ўтказилади. Қумда бўлганда бошингизга соябон олинг. Ёнингизда илиқроқ чой солинган идиш бўлгани ҳам маъқул.
Қум ванналарини полиартрит, периферик нерв тизими касалликлари, аёллар жинсий аъзоларининг сурункали касалликларида буюрилади.Тез-тез шамоллаб турувчи кишиларга ҳам кони фойда.
Қумдан чиққач, пахтадан тайёрланган кийимлар кийиш лозим. Чунки терлаш давом қилади. Тушликка эса шолғом, сабзи, картошка ва кўкатлар солинган товуқ шўрва ичиш мақсадга мувофиқ. Қовун-тарвуз, мева, ҳар хил шарбат ва ичимликлар истеъмоли мумкин эмас. Совуқ неъматлар истеъмоли умуман мумкин эмас. Қумга уч ёки беш кун тушилади. Муолажа тугамагунича ювиниб бўлмайди. Йўқса яна намлик йиғилиши мумкин.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди