Сизга таҳсин, олқиш, эй шифокорлар!

0
305
марта кўрилган.

Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини нишонламоқда. Ҳар йили бу айём энг улуғ ва азиз байрам сифатида кенг миқёсда ва кўтаринки кайфият билан ўтказилар эди.

Афсуски,  ўтган йил март ойида бошланган пандемия осон кечмади, синовли дамлар бошимизга тушди. Пандемия бутун инсониятнинг онгини ўзгартириб юборди. Ўтган бир ярим йил катта синов даври бўлиб,  ҳар бир инсон руҳиятидан ўтган кечинмалар асрга татигулик бўлди. Синовли кунларда дунёнинг  ишларидан, ҳукуматдан, тиббиёт соҳаси вакилларидан норози кишилар ҳам бўлди. Ҳатто, тиббиёт ходимларини тутиб олиб калтаклаш ҳолатлари ҳам кузатилди. Биз ҳодисалар билан ижтимоий тармоқларда танишиб бордик.

Шунингдек,  ҳукуматимизнинг тезкор сиёсатини қўллаб-қувватлаганлар, барчага бирдек мурувват кўрсатиб олқиш олган оғир дамларда саховати-ю меҳрини аямай хайрия улашган тадбиркорлар, оғир вазиятда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган тиббиёт соҳаси вакилларига тасанно айтганлар  ҳам кўп бўлди. “Кенгга кенг, торга тор дунё” деб шунга айтадида халқимиз!

Тўғри, ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади. Бироқ, бир дақиқа тўхтаб, бошимизга тушганларни ўйлаб кўрсак, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ҳамиша Аллоҳ армуғон этган дамларни қадрига етиб, шукрона билдириб яшашни ўрганишимиз керак экан. “Ҳар неки бўлса шукр қил, бунинг ортида сенга ҳидоят бордир”, дейди донишмандлар ҳам.

Дарҳақиқат, бу ҳаёт ҳамиша имтиҳон, синовлигини, гоҳида  офтоб  чарақлаб гоҳида, дўл ёғиб, гоҳида ер юзини қиров қоплашини кузатганмиз. Лекин, синовларни ўз бошингдан ўтказиш кишини сабрли бўлса, кузатувчан бўлса янада чиниқтирар экан. “Ёғий душман  доим очиқ уруш билан, туғ билан, тиғ билан келмас экан”, деган фикрлар кўнглимдан ўтди ўзим коронавирусга чалинганимда.

Пойтахтдаги 1- Республика клиник касалхонасига тушдим.   Жойлашиб улгурар улгурмасимдан  “махсус кийимларга” бурканганча врач кирди. Фақат кўзи кўринади холос. Уни исми шарифини кўксига осилган ёзув оркали билдим.

Пойтахтдаги 1- Республика клиник касалхонасининг терапия бўлими бошлиғи Улуғбек Салаев келаётган ҳар бир беморларнинг дардига нафакат дори дармон касбий маҳорати тажрибаси, балки, ширин сўзлари билан хам малҳам бўлаётгани, уларни соғлом ҳаёт, оиласи бағрига кайтариш каби эзгу максад йўлида  тинмай меҳнат қилаётганини фахмлаш, пайқаш қийин эмасди.  Врачнинг ҳар бир беморга кўрсатаётган алоҳида эътибори, самимийлиги, овозидаги яқинига билдирадиган меҳрибонона оҳанг мени кайфиятимни кўтарди. “Ширин сўз, жон озиғи” дегани шуда кўнглимдан ўтди.

Палатага олган заҳоти   навбатчи врач  Жамшид Матчанов кириб келди,  у бизнинг ҳар биримиздан ҳол-ахвол сўраб, тавсиялар берар экан, бу ёш, серғайрат хушмуомала врачнинг сиймосида халкимиз саломатлиги йўлида меҳнат килиб келаётган тиббиёт ходимлари зиммасига ўта масъулиятли, шу билан бирга шарафли вазифа юкланганини яна бир бор ҳис қилдим.  

Кейин яна ўша “махсус кийимлар”да доридармонларни кўтариб, ҳамшира Дилафрўз Тешабоева кириб кеди. Унинг ҳаво ўтказмайдиган кийимларига қараб, қандай чидай олаётган экан бу “космановтлар” фикри ўтди хаёлимдан. Ҳамшира ҳам жуда ширинсухон, суҳбатижон экан ундан  беморларга муолажа кўрсатиш жараёнида шифокорларнинг ўзларини бу касалга чалинган чалинмаганлиги билан кизикдик. Ушбу касалхонанинг терапия бўлими бошлиги Улуғбек Салаев ҳам  ўз халоватидан кечиб юртдошларимиз саломатлиги йўлида кунни тунга улаб фидокорона меҳнат қилаётган инсонлардан эканини, касал бўлиб ўтганлигига қарамай, касбига фидойилиги туфайли яна вазифасига кайтиб ишини давом эттираётганини,  шунингдек, жонкуяр инсонлардан бири, ўзининг билим ва салохияти, профессионал маҳоратини намоён этаётган, ўз ишига содик врач Жамшид Матчанов  коронавирусни даволаш  бўйича катта тажрибаси борлигини, коронавирусни даволаш бўйича клиникаларда ўз ташаббуси билан биринчи кундан ишлаб тажриба тўплаганлигини, исътедодли ва тажрибали    врач сифатида бу ёққа таклиф этилганлигини билиб олдик. Махсус “скафандр” кийимда ҳам тим қора қошлари чарос кўзлари билан  ажралиб турган  ушбу ширинсўз хамшира самимий жилмайиб тез кунда отдек бўлиб кетасизлар дея, кўнглимизни кўтариб ҳам қўйди. Ҳамширанинг дардга малҳам бўлувчи сўзлари билан дардимизни ҳам унутдик.

 Ошхона ходимаси   бир кунда “ассалому алайкум” дея бир неча марта кириб, бизга меҳрибонлик билан, беморларга мўлжалланган овкатларни улашиб кетарди. Ҳамма овқатлар бир марталик идишда бўлиб, беморлар иссиқ овқат-у салатлар ҳамда, ширинликлар билан таъминланмоқда. Ҳар соатда, “чой, сув зарурми?” дея сўраб тез-тез хабар олишади.

Озодагарчиликка масъул ҳамшира- санитаркаларнинг эса  бир кунда бир неча марта кириб хоналарни тартибга келтиришда ўз ишини сидкидилдан бажараётганини кўриб улуғларимизнинг “Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир” деган сўзлари хаёлимдан ўтди. Ҳаётини ва соғлиғини хавфга қўйиб, юзага келган мураккаб ва синовли кунларда мавжуд хатарларга карши курашаётган ана шундай оғир шароитда ишлаётган, фидойи шифокорларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.

  Ҳулкар Аъзамходжаева, Шоҳида Ахмедова каби хамшираларимиз туну кун беморларнинг дардига дармон бўлишмокда. Ёрдамчи кизларимиз Мукамбар, бўлим бекаси ҳисобланмиш Гуля опа (биз уларни шундай чақирар эдик) беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида куну тун тиним билмай жасорат кўрсатишмокда.

 Аслини олганда булар давлатимизнинг эъзоз – эътибори,  ғамхўрлиги самараси! Давлатимиз бу  дори-дармонларга, озиқ-овқатларга оз мунча маблағ сарфлаётгани йўқ, ахир! Тиббиёт соҳаси ходимларининг оғир шароитда ишлаётганини ҳам ҳисобга оляпти. Шуларни кўнглимдан ўтказар эканман, Ватанимиз билан фахрланиш ҳиссини  туйдим. Кўнгилли бўлиб ишлаётган тиббиёт соҳаси  вакилларига миннатдорлигимни билдиргим келди… Саховатпеша ва меҳнаткаш, пок дилли ва самимий инсонлар бизга Аллоҳнинг инъоятидир!

Ҳаётимиздаги ушбу синовли кунларда Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди” деган сўзларининг исботини кўрдим.

Дарҳақиқат, дунёда икки соҳа вакиллари ўз касбига садоқат борасида қасамёд қабул қилади. Булар – Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар ва инсон саломатлигига масъул шифокорлар. Бунинг бежиз эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Муқаддас қасамёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар. Уларни элига жон фидо қилаётган чин қаҳрамонлар, дея алқасак арзийди! Ҳақиқатан, кўксини қалқон қилиб майдонга чиққан чин қаҳрамонлар улар!

Жаҳон мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, ён атрофингдаги инсонларга меҳр-оқибатли бўлиш, мунтазам одамларга кўмаклашиш саломатлик гарови экан. Хайрия фаолияти – хоҳ ўзгаларга ёрдам бериш, хоҳ кичик садақалар бўлсин, нафақат кўнгилни тинчлантиради, балки жисмоний саломатликка ҳам кони фойда экан.

Кўнгилли хизмат ва саховат кўрсатиш билан боғлиқ эзгу амаллар наслдан наслга ўтар экан. Жаҳон тадқиқотчиларининг таъкидлашишича,  ҳамдардликнинг учдан бири бизнинг генларимизга боғлиқ экан. Синовли кунларда ўзбек халқи фидойи саҳоватпеша эканлигини яна бир бора исботлади. 

Шоир Муҳиддин Омон айтганидек:

Шавкатли шу Ватан таянч қоямиз,

Сиз билан мустаҳкам бор ҳимоямиз,

Табаррук инсонлар, чин фидокорлар,

Сизга таҳсин, олқиш, эй шифокорлар!

Калбимдан кечган ҳис туйғуларни коғозга туширар эканман, барча фидойи тиббиёт ходимларига, шу жумладан юқорида номлари тилга олинган оқ халатли халоскорларимизга шундай оғир шароитда инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишдек шарафли вазифани бажараётгани учун ўзим, хонадошларим-Любовь Петрусова, Наталья Пак, Гулчеҳра Содиқова ва шу бўлимда шифо топаётган бошқа барча беморлар номидан юксак эхтиром, чукур миннатдорчилик билдирамиз.

Ушбу синовли дамлардан шукрона билдириб, сабрли бўлиб, эсон- омон  ўтиб оламиз, дея тилак билдириб қоламан. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни қутлуғ шодиёна – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Эзгу амалларимиз кўпаяверсин, руҳиятимиз юксалиб, саломатлигимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин! 

Нодира САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент Давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.