Соғлом соч юмшоқ, эластик бўлиб, табиий ялтирайди. Инсон кўркига кўрк бағишлайди. Сочларни доимо парваришлаб, ўз вақтида ювиб туриш уларнинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Ёғли сочлар ҳар уч кунда қуруқ сочлар эса ҳафтада бир марта ювилади. Бошни ювиш жуда иссиқ сув ишлатиш мумкин эмас. Чунки, иссиқ сув бошдаги ёғ безлари фаолиятини кучайтириб юборади.
Бош ювиш учун теридаги қозғоқ ва қичишишни йўқотадиган алоҳида гигиеник воситалар (шампунь, совун) қўлланилади. Ушбу воситалардан кўп фойдаланиш сочларга акс таъсир этиши мумкин. Сочлар илиқ сувда ювиб ва яхшилаб чайилгач юмшоқ, табиий толалали сочиқ билан артилади. Ҳамда хона ҳароратида қуритилади. Сочни фен ёрдамида қуритишда меёр бўлиши лозим. Чунки, у соч ҳаддан ташқари қуритиб, тез синувчан қилади ва соч илдизига зарар етказади.
Сочлар қуригач тараш лозим. Узун сочлар пастдан юқорига оҳиста таралади. Калта сочлар эса тепадан пастга қараб таралади. Вақти-вақти билан сочларнинг учлари қирқиб турилади. Бу эса уларнинг яхши ўсишига ёрдам беради. Ҳаддан ташқари иссиқ ва совуқ об-ҳавода бош яланг юриш сочларга салбий таъсир кўрсатади. Бундай иқлим шароитида табиий толали фаслга мос бош кийим кийиш зарур ёки соябон тутиш даркор.
Сочлар ювилгач лимон шарбати солинган ёки сирка кислотаси (1 литрга ярим чой қошиқ) солинган сувда чайилса, ялтиллайди.
Гуруч
Гуруч ивитилган сувда сочлар ювилса, уни ўстиради ва бошдаги қазғоқларни кетказади.
Лавлаги
Қизил лавлаги қапйнатилган сувда ҳам бош чайилса, сочларни қорайтиради.
Пиёз пўстлоғи
Етилиб пишган, қалин пўстлоқли қизғиш пиёз пўсти қайнатилган сувда бош ювилса, сочлар жигарранг тусга киради.
Қатиқ ва зардоб
Сут маҳсулотларидан бўлмиш қатиқ ва зардоб таркибидаги минерал моддалар ва витаминлар ҳам соч илдизини мустаҳкамлаб, бош терисини юмшатади. Бу маҳсулотларни, айниқса сутни истеъмол қилиб туриш юз терисини тиниқлаштириб, уни оқартиради. Шунингдек, бошга қатиқ суртиб, целофон қалпоқ кийиб 30-40 дақиқадан сўнг сочлар илиқ сувда шампунлаб ёки атир совунда ювилади.
Тухум сариғи
Соч қуруқ бўлса, дастлаб унга писта ёки кунжут мойи суртилади. Сўнгра 2-3та хонаки товуқ тухумининг сариғига озгина туз аралаштирилиб бошга суртилади. Устидан целофон қалпоқ кийилади ва юмшоқ сочиқ билан бош 1-2 соатга ўраб қўйилади. Кейин сочлар илиқ сувда шампун ёки атир совун билан ювилади. Бу муолажа соч илдизини мустаҳкамлаб, унинг тўкилишининг олдини олади. Сочларни юмшоқ ва майин қилади. Бошда қазғоқ пайдо бўлишига йўл қўймайди.
ЗАЙТУН ЁҒИ
Сочларга тез-тез зайтун ёғи суртиб юрилса, оқаришнинг олди олинади.
Гулчеҳра ШИРИНОВА