Никоҳ расмий, қонунлар асосида ўтказилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФХДЁ) органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. Никоҳ ёши эркаклар учун 18, аёллар учун эса 17 ёш деб белгиланган.
Аммо, бу ёшда турмуш қуриш хавфли ҳисобланади. Қизу йигит бу ёшда жисмонан, руҳан, ижтимоий-иқтисодий томондан тайёр эмаслиги, шунингдек, оилавий вазифаларга, келин-куёвлик, оналик, оталик масъулиятларига тайёр эмаслигини ҳисобга олиб турмушга чиқиш ёшини қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш деб белгилангани маъқул эди, аслида.
Афсуски, айрим ота-оналар ўз орзу-ҳавасларини устун қўйиб фарзандларини эрта никоҳга ўз қўллари билан топширадилар. Эрта никоҳ эрта ҳомиладорликка олиб келиши, эрта ҳомиладорлик эса оғир кечиши, туғруғ жараёнида она ва боланинг соғлиғи хавф остида қолиши мумкин. Мен буни деярли ўттиз беш йиллик геникологлик тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман.
Шунингдек, кўпинча эрта ҳомиладорликда туғруқ даврида ва туққандан кейин турли хил асоратлар кузатилади. Ўсмир қизларда ҳомиланинг ривожланиши оғир кечади, жумладан, ҳомиланинг вазни кам, кўп ҳолатларда чала ёки ўлик, нуқсонли ва турли хил касалликлар билан туғилади. Ўсмир қизлар эрта ҳомиладор бўлганларида руҳий ҳолатлари ўзгарувчан, тушкун кайфиятлилик тез-тез учраб туради.
Соғлом оила вужудга келишига монелик қиладиган, ирсий касалликларга сабаб бўладиган, салбий урф-одатлардан яна бири – яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдир. Ақли заиф, кар-соқов ва бошқа жисмоний нуқсонлар билан туғиладиган болалар асосан яқин қариндошлар ўртасида никоҳланган оилаларда кузатилади. Қариндош ота-оналардан ногирон болалар туғилиши бошқа сабабларга нисбатан икки баробар ошади. Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳларни фоизи ҳам кам эмас.
Азиз ота-оналар! Эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларига беэътиборлик қилмайлик! Ёшларнинг эрта оила қуришларига йўл қўйиб, уларнинг соғлигига, умрига ва бахтига зомин бўлманг!
Зеро, ҳар томонлама соғлом фарзандгина хонадонларимизга қувонч ва бахт- саодат олиб келиши билан бирга жамиятимизнинг, элу юртимизнинг муносиб таянчи бўлишига интилайлик!
Ирода Бекчанова, Тошкент шаҳар 1-туғруқ комплекси врачи
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.