Тери касалликлари инсон ички аъзолари билан узвий боғлиқ

0
440
марта кўрилган.

 Ҳозирги кунда тери касалликлари билан хасталанган беморлар сони ортиб бормоқда. У бир дона марвариддек бўлсада киши табини хуфтон қилади. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек СОБИРОВ билан ушбу тери касалликларининг сабаблари бўйича суҳбатлашдик.

– Тери касалликлари ичида энг кенг тарқалгани ва уларнинг оғир шакллари ҳақида гапириб берсангиз?

–Тери касалликларидан псориаз, яъни қипиқли темиратки, витилиго, терининг аллергик хасталиклари, ҳуснбузар, пўрсилдоқ яра касаллиги кенг тарқалган. Маълумки, тери бутун инсон танасини қоплаб турувчи аъзо бўлиб қолмай, балки барча ички аъзолар билан узвий боғлиқ ҳолда қатор муҳим вазифаларни бажаради. Одамнинг соғлиғи, юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак тракти, эндокрин тизими билан бир қаторда, терининг функцияси ва хусусиятига ҳам боғлиқ.

– Ёш болаларда герпес вируси учраб туради. Оналарнинг ҳаммаси ҳам бу нимадан келиб чиққанини билмайди. Ушбу вирус ҳақида маълумот берсангиз…

– Вируслар сабаб келиб чиқувчи дерматозлар тери касалликлари ичида салмоқли ўринни эгаллайди. Учуқ (герпес вируси), контагиоз моллюска, сўгаллар болаларда кўп учрайди.
Оддий учуқ вируси бошқа вируслардан фарқ қилиб, у инсон организмида йиллаб сақланиши, баъзи нохуш ҳолатлар (зотилжам, бронхит, ЎРВИ, ҳар хил интокцикациялар ва бошқалар) таъсир этганда фаоллашиб, касалликни юзага келтириб чиқаради. Аксарият ҳолларда қўрқиш, совқотиш, шамоллаш, гиповитаминоз ҳолатлари ҳам вирусларни қўзғатиб оддий учуққа сабаб бўлади. Баъзан бемор билан мулоқотда бўлганда ҳам касаллик юқиши мумкин. Касаллик онадан болага мулоқот вақтида, туғруқ йўллари орқали, ифлосланган ҳомила олди суюқлиги орқали ва плацента орқали юқиши мумкин. Бундай ҳолларда касаллик оғир, асоратли кечиши мумкин. Касаллик ЎРВИ касалликлар билан бирга кечганда ҳаво-томчи йўли билан юқиши мумкин.

– Бугун қайси гўзаллик салонига кирманг «пилинг», «ботокс», «мезотерапия» хизматларига кўзингиз тушади. Мутахассис сифатида юзга шу усулда «ишлов» беришларига қандай қарайсиз?

– Аҳоли орасида косметологик услублар кенг тарқалиши кузатилмокда. Бу муолажалар сўзсиз мутахассислар томонидан бажарилиши зарур ва махсус процедуралар инъекциялар, ботулотоксин, мезотерапевтик процедуралар, пилинглар аниқ кўрсатмалар асосида, тавсияларга кўра бажарилиши шарт. Косметологик муолажалар малакали мутахассислар томонидан катъиян назорат билан махсус шароитда ўтказилиши керак. Танланган маҳсулотларда давлат сертификати бўлиши зарур. Косметологик муолажаларни айнан ёшига, терининг ҳолатига караб, мутахассис танлайди ва тавсия килади. Тўғри танланган тиббий косметологик муолажалар терини гўзаллаштиради ва ёшартиради.

– Халқимиз орасида оқ доғлар балиқ, сут, тухум маҳсулотларини аралаштириб ейишдан келиб чиқади, деган қараш бор. Аслида витилиго касаллигининг келиб чиқиш сабаблари қандай?

– Витилиго орттирилган тери касаллиги бўлиб, турли шакл ва ўлчамдаги аниқ чегараланган оқ доғ билан характерланади. Бу касалликнинг келиб чиқишига кўплаб омиллар сабаб бўлади. Яъни асаб, эндокрин ва иммунитет тизими ва липидлар перекс оксидланиши тизимининг бузилиши натижасида ҳужайраларнинг ўз-ўзини емириши, шунинг­дек, терининг мик­роэлемент таркиби ва метаболик жараённинг ўзгариши билан боғлиқ. Витилиго сурункали авж олиб кечиши билан ажралиб туради. Аёл ва эркакда бир хилда учрайди. Витилиго касалликка мойиллик (генетик) ва қўзғатувчи (ташқи) омиллар таъсирида пайдо бўлади. Ташқи омилларга эмоционал асабийлашиш ва қуёш таъсирида куйиш, ички аъзоларнинг сурункали яллиғланиши, заҳарланиш, дисбактериоз, гижжа, эндокрин ва иммун тизими бузилишлари сабаб бўлиши мумкин.

Витилиго одатда тўсатдан бошланади. Бемор, энг аввало, депигментация ўчоғи (ёки ўчоқлари)ни сезади. Витилигонинг клиник кўриниши тери қоплами турли соҳаларида гипо ва депигментация ўчоқларининг мавжудлиги билан характерланади ва вақт ўтиши билан катталашишга мойил бўлади. Витилиго косметик нуқсон бўлиб, кўпинча, беморда руҳий тушкунликни келтириб чиқаради.

– Наслдан-наслга ўтадиган тери касалликларига қайсилар киради?

– Терининг ирсий касалликлари генодерматозлар, деб аталади. Ҳозирда тери ирсий касаллик­ларининг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улар бутун тери касалликларининг 10 фоизини ташкил этади. Уларга ихтиоз, туғма буллёз эпидермолиз, дарье касаллиги, кератодермиялар, альбинизм,энтеропатик акродерматит касаллиги ва бошқалар киради. Ушбу касалликлар маълум бир генга боғлиқ бўлиб, ­наслдан наслга ўтади. Касаллик келиб чиқишида қариндошлар ўртасидаги никоҳ, онанинг ҳомиладорлик вақтидаги турли хил генитал ва экстрагенитал касалликлар билан касалланиши сабаб бўлади.

– Тери саратони билан касалланган беморларга ҳам тез-тез дуч келамиз. Ушбу хасталикка чалинмаслик учун нималарга аҳамият бериш зарур?

– Терининг ўсма касалликлари ўз ўрнида ўсма олди касалликлари, терининг яхши сифатли ўсма касалликлари ва терининг ёмон сифатли ўсма касалликларига ажратилади.Терининг саратон касалликларига базалиома, меланома, ясси ҳужайрали тери саратони, Т ва В ҳужайрали тери лимомалари ва бошқалар киради.

Тери саратонига чалинмаслик учун терини тўғри парвариш қилиш, тери гигиенасига риоя қилиш, тери касалликларида ўз вақтида шифокор назоратида, асоратларсиз, тўғри даво муолажасини олиб бориш, қуёш нуридан сақланиш ва қуёш нуридан тўғри фойдаланиш, терини турли хил жароҳатлардан ҳимоя қилиш, билиб билмасдан терида пайдо бўлган нуқсонларни табибларда шифокор кўригисиз даволамаслик зарур.

Дерматоонкология ҳозирги замонавий тиббиётда ривожланиб келаётган соҳалардан бири бўлиб, ушбу соҳа касалликка ўз вақтида, эрта, замонавий илғор тиббиёт диагностикаси усуллардан фойдаланган ҳолда аниқ ташхис қўйиш, зудлик билан даво чораларини кўришга ва касалликнинг олдини олиш учун аҳоли орасида тиббий маданиятни оширишга қаратилган.

– Теримиз ҳимоя қатламимиз билан биргаликда чиройимиз ҳамдир. Унинг соғлом, кўркам нур сочиши учун қандай таомланиш зарур? Аксинча, қандай амалларимиз теримиз гўзаллигига раҳна солади?

– Терининг гўзаллиги овқатланиш рациони билан боғлиқ. Илмий изланишлар натижасида шу нарса фанга аниқ бўлдики, инсон қанчаллик тўғри ва соғлом овқатланса, нафақат соғлиғи яхшиланади, балки териси ҳам кун сайин чирой очади. Организм биринчи нав­батда оқсил ва витаминларга тўйинган бўлиши зарур. Албатта микроэлементларнинг ҳам тери соғлом нур сочишида ўз ўрни бор. Йод, селен, магний, цинк, мис, кальций, калий ҳам меъёрида бўлиши шарт.
Мунтазам фаст-фуд истеъмол қилиш, ёғли овқатлар меъёрини билмаслик, ширинлик­ларни пала-партиш ейишлик ошқозон-ичак тизими фаолияти бузилишига олиб келади. Озиқ моддаларнинг ёмон сўрилиши овқат ҳазм бўлишини секинлаштиради ёки аксинча. Мана шу бузилишларнинг барчаси терининг ташқи кўриниши салбий ҳолга келишига сабаб бўлади. Шунинг учун дерматологлар бевосита гастроентерологлар билан биргаликда ҳамкорликда ишлайди.

– Ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида терида қичишиш, ачишиш ва майда тошмалар кузатилади. Айтинг-чи, ҳомиладорлик теридаги асоратларсиз ўтиши учун бўлажак оналар нималарга аҳамият қаратиши лозим?

– Ҳомиладорлик даврида она организмидаги ўзгаришлар жуда кескин ўтади. Аёл организми бошқача тарзда ишлайди.
Ҳомиладорликдан олдин тошмалар патология ҳисобланса, ҳомиладорлик билан боғланган гормонал ўзгаришлар даврида айнан шу тошмалар норма, деб қабул килинади. Ҳомиладор аёлларда тошма кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Агар тошмалар терининг юза қисмида жойлашган бўлса ҳуснбузарларни эслатади. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, юздаги тошмалар қизилча, герпес, сувчечак каби хавфли вирусли касалликлар аломати бўлиши ҳам мумкин.
Қолаверса, ҳомиладор аёлларнинг кўкрак ва орқа елка соҳаларидаги тошмалар кўпинча юқумли касалликлар, ичак функционал бузилишлари натижаси бўлиши мумкин. Юқоридаги ҳолатлар кўпинча ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида кузатилади.

– Қайси ички касалликлар ҳисобига юзга доғ тушади?

– Кўзгу қаршисига туриб, юзингизга диққат қилинг: ранги тиниқми, ҳуснбузар ёки тошма бўлса, катталиги, ҳолати ва миқдори қанча? Доғни кўрсангиз унинг ўлчами ва юзнинг қайси қисмидан жойлашганига қаранг. Ишониш қийин-у, лекин юзнинг ҳар бир қисмидаги камчилик ички аъзоларнинг у ёки бу тури билан боғланган бўлади. Масалан, ошқозон-ичакларда муаммо бўлса, юз ёноқларининг ўрта қисмида ҳуснбузар пайдо бўлади. Безовталик сурункали тус олиб, хасталикка айланса, доғ пайдо бўлиши мумкин. Юз тузилиши, ҳолати ва кўринишига қараб ташхис қўйиш тиббиётда оммалашган усуллардан бири. Зеро, юз соҳасига доғ тушиши, ҳуснбузар ёки тошма чиқиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Одатда мазкур ҳолат бир қатор омиллар билан тахмин қилинади.

Жумладан: гормонал баланс мувозанати ўзгариши (кўпинча хомиладор аёлларда, юз, бўйин ва қорин соҳасига доғ тушиши билан кузатилади); пешоб ажратиш йўли ҳамда жигардаги ўзгаришлардаги тери пигментацияси (қўл кафти юзасидаги майда доғлар, юз ёноқларига ёйилгани); қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар, сийдик қопи яллиғланиши, авитаминоз ҳам доғ юзага келтириши мумкин (пешона икки чаккаси, қўл кафти ёки оёқдаги доғ); қуёшда узоқ вақт тобланиш меланин синтезини фаоллаштиради. Бу эса асосан юзда доғ пайдо бўлишига олиб келади (ёноқ, бурун атрофидаги доғ, куракдаги майда сепкил); стресс ва асабийлик. Маълумотларга кўра асабий кишиларда доғ пайдо бўлиши кўпроқ кузатилади (бўйин соҳаси, қулоқ атрофида юзага келган доғлар); ташқи муҳит таъсири, иш фаолияти кимёвий моддалар билан боғлиқ бўлса, нотўғри танланган пардоз воситалари, ўринсиз бажарилган косметик муолажалар ҳам доғ тушишига олиб келади.

Акмал ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.

Манбаа: SOG`LOM.UZ
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.