Ижтимоий тармоқларда тиббий ниқобларга спирт билан ишлов бериш ҳақида тавсиялар кузатилмоқда. Бу усул кимгадир ёрдам берган бўлиши мумкин. Бироқ унинг асоратини сезмаган бўлиши ҳам мумкин. Аслида бу тавсия нотўғри. Чунки, кимнингдир териси жуда нозик, баъзи беморларнинг эса нафас йўллари, ёки бурун шиллиқ қавати ўта сезувчан бўлади.
Тиббий ниқобларни спирт билан намлаб нафас олинганида бир қанча асоратлар ривожланиши тайин. Масалан, оғиз атрофидаги тери қаватида куйиш кузатилиши мумкин. Баъзиларда спиртнинг ўткир ҳиди бурун шиллиқ қаватини шикастланишини келтириб чиқаради. Баъзиларда ҳид билиш қобилияти пасайиши кузатилади.
Ҳар бир касалда короновирус турли хил кечиши мумкин. Шунга кўра биз шифокорлар қўлдан қўлга ўтувчи тавсиялар орқали даволанишни тавсия этмаймиз.
Беморларга ўзи яшаётган ҳудуддаги поликлиникага мурожаат этиб шифокор тавсиясини олишни маслаҳат берамиз
Участка шифокори беморнинг умумий аҳволига кўра даволаш усулини танлайди ва унга керакли даво муолажаларини стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тавсия этади.
Ҳозирги кунда уй шароитида даволаниш учун тавсия этиладиган беморларга дори воситалари давлат томонидан бепул тарқатилмоқда.
Ҳозирги даврда короновирус асоратларидан бири қон қуюлишини олдини олиш мақсадида баъзи беморлар уй шароитида гепарин, флемокс ва ҳоказо дори воситаларини инъекция ҳолатида олишларини бир-бирига тавсия бермоқдалар. Бу ҳам нотўғри, чунки қон ивиши билан боғлиқ ушбу дори воситалари лабаратория таҳлиллари асосида ва шифокор назорати остида қилиниши шарт.
Энг асосийси ваҳимага, саросимага тушмаслик. COVID-19 ҳар қанча шов-шувларга сабаб бўлмасин, 80 фойиз ҳолларда жуда енгил ва ҳатто умуман симптомларсиз кечади. 15 фойизи ҳолларда енгил, фақат тахминан 5 фоизда оғир кечади. Шу 5 фоиз беморларнинг ҳам 90 фоизи кексалардир.
Агарда сизда енгил шамоллаш аломатлари кузатилиб, тана ҳарорати кўтарилмаса, бу касалликни енгил кечуви бўлиши мумкин. Бемор тузалганидан кейинги 2-3 ҳафталарда антитаначаларга қон топшириб кўриши мумкин.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.
Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида уюштирилди.