ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ ИММУНИТЕТНИ КЎТАРАДИМИ?

0
808
марта кўрилган.

Куз-қиш фасли шамоллашлар мавсуми ҳисобланади. Ушбу даврда иммунитети юқори бўлганлар касалликка чалинмайди. Шамоллаганда ҳам тезда соғлиғини тиклаб олади. Хўш, иммунитетни қандай кўтариш мумкин? Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими шу мавзуда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова билан суҳбатлашди.

— Қандай мева-сабзавотлар иммунитетни кўтаради?

— Ёрқин рангдаги мева ва сабзавотлар: помидор, апелсин, лавлаги, бақлажон ва тарвуз иммунитетни мустаҳкамлайди. Бу маҳсулотларни фаол истеъмол қилиш билан бир ҳафтадан кейин ижобий натижага эришиш мумкин. Қолаверса, саримсоқ, занжабил ва турли хилдаги фойдали гиёҳлар бактерия ва вирусларга қарши курашиш хусусиятига эга. Улар ортиқча вазндан ҳам халос этади.

Шамоллашга учрамасликнинг яна бир усули янги мева ва сабзавот шарбатларини ичишдир. Улар иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатувчи магнийга бойдир.

— Кўпчилик цитрус меваларни  фойдали деб ҳисобламайди, шу тўғрими?

— Бу фикр нотўғри. цитрус мевалар: апельсин, лимон ва мандаринлар C витаминнинг кони ҳисобланади. Бироқ, ушбу меваларсиз ҳам организмни C га тўйинтириш мумкин. Ўзимизда етиштириладиган булғор қалампири, қулупнай ва карам маҳсулотлари C витаминига бой. Резавор мевалар, масалан, қизил ва қора қорақат (смородина) организмнинг барча ҳимоя кучларини фаоллаштиради. Маймунжон иммун ва асаб тизимини мустаҳкамлайди. Малина яллиғланишга қарши курашиш хусусиятга эга.

Шуни таъкидлаш лозимки, реза мевалардан тайёрланган мураббо ва қиёмлар уларнинг фойдали хусусиятларини сақлаб қолади. Шу сабабли, куз ва қиш фаслларида ҳам мевалардан шу йўл билан баҳраманд бўлиш мумкин.

— Саримсоқ фойдали экани кўп тилга олинади. Иммунитетни кўтаришда ҳам бу маҳсулот фойдалими?

— Иммунитетни мавсумга тайёрлаш учун организмни чиниқтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жисмоний фаол бўлиш, тоза ҳавода сайр қилиш ва тўғри овқатланиш талаб этилади. Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам иммунитетни кучайтириш хусусиятига эга.

Саримсоқ вируслар ва зарарли бактериялар кўпайишининг олдини олади. Шифокорлар ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир бўлак янги саримсоқни истеъмол қилишни маслаҳат берадилар. Уни майда тўғраб тайёр овқатга ёки салатларга қўшиш ҳам мумкин. Хонадонда ликопчаларга кесилган саримсоқдан қўйиб чиқилса, худди ингаляция каби таъсир кўрсатади.

— Иммунитетни кўтаришда кўкатларнинг кўпроқ истеъмол қилиш муҳимми?

— Селдерей, кашнич, укроп, петрушка, салат барги кабилар бактерияларга қирон келтирувчи ёки уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилувчи фаол моддалар — фитонцидлар ва ўсимлик клетчаткаси миқдори жуда кўп. Янги пиёз ва саримсоқ саломатликни мустаҳкамлайдиган ва иммунитетни кўтаришга ёрдам берадиган бебаҳо маҳсулотлар саналади.

Агар ҳар куни пиёз истеъмол қилинса, тез орада иммунитет кўтарилади. Организм эса замбуруғ, бактерия ёки вирус билан зарарланишдан ҳимояланади. Пиёз шамоллашга қарши самара кўрсатади, организмни токсин ва шлаклардан тозалайди. Шунингдек, аъзолар ва тўқималарда қон айланишини яхшилайди, теран фикрлашга ва хотирани мустаҳкамлашга ёрдам беради. Пиёзни таомномага киритганда ва у доимий равишда истеъмол қилинганда стресс асоратларининг олдини олади, депрессия ва нерв тизими фаолияти бузилишидан ҳимоя қилади.

Жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш иммунитетимизни тушиб кетишига тусқинлик қилади. Доимо ўзимизни тетик ва бардам ҳис қилишимизни таъминлайди. Витаминларга бой мева ва сабзоватларнинг дастурхонимиздан доимо жой олиши иммунитетимизни кўтарилиши ҳамда касал бўлмаслигимизни таъминлаши шубҳасиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.