Тўғри ва сифатли овқатланиш бола иммунитетини кучайтиради

0
114
марта кўрилган.

Мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлади. Соғлом фарзанд нафақат  ота-она  ҳаётининг давомчиси, юрт келажаги ҳамдир! Шу боис оилаларда бола парваришига, унинг соғлом овқатланишига алоҳида эътибор қаратилиши керак. 

Меъда-ичак касалликларининг юзага келиш хавфи боланинг 6-7 ёшида бироз кучаяди. Боғчадан кейинги ҳаёт, турмуш тарзининг ўзгариши яъни ақлий меҳнат юкламасининг ортиши, ўз вақтида ва тўғри овқатланмаслик — ошқозон фаолияти бузилишини келтириб чиқаради. Маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддалар ва кўп фоизли углевод вақтинча тўқлик ҳиссини юзага келтиради, аммо организм ўзига керакли озуқани олмайди. Углеводли таом ва егуликларни мунтазам истеъмол қилиш эса семиришга мойилликни юзага келтиради.

Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар ва ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган оғир юклама кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифаларини турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.

Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Соат 7:30-8:00да нонушта (уйда, мактабга кетишдан олдин), 10:30-11:30да мактабда иссиқ нонушта, 14:00-15:00да  тушлик ёки уйда 19:00-19:30да кечки овқат.

Мактаб ёшида кундалик таомланиш шундай тақсимланадики, бунда тушлик ҳажми жиҳатдан кўпроқ ва қувват қиймати юқорироқ бўлади. Аммо мазкур тартибга ўтиш секин-аста бажарилгани маъқул. Акс ҳолда, бола ошқозонига оғирлик тушиши мумкин.

Нонушта: бола организми учун керак бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 25 фоизини ташкил этади. Нонушта сабзавотли салатлар ва  иссиқ овқатдан иборат бўлмоғи лозим. Бунда — бўтқа, картошка ва сабзавотли аралашмалар, қайнатилган тухум, творог, сут, сутли қаҳва, сутли какао бўлиши мумкин.

Тушлик: ривожланаётган бола организми учун керакли бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 30-35 фоизини ташкил этади. Тушликда шўрва, гўштли ёки балиқли овқат (гарнири билан) ва бирор хил ширинлик (кремли бўлмаслиги керак) истеъмол қилган маъқул.

Тушдан кейин: бу маҳал боланинг суюқликка бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши лозим. Негаки тушликдан сўнг бола кўпроқ чанқайди. Иккинчи тушликка бир кунлик энергетик қийматнинг 15–20 фоизи тўғри келади. У суюқликлар, мева, ширинлик ёки пишириқлар, кулча каби егуликлардан иборат бўлмоғи даркор.

Кечки таомланиш:  тўғри тузилган таомнома асосини ташкил этувчи қисм ҳам айнан шу. Кечки овқатланиш бир кунлик энергетик қийматнинг 20 фоизини ташкил қилади. Бунда таомнинг енгил ҳазм бўлишига эътибор қаратиш лозим. Кечки таом учун творогли, сабзавотли, ёрмали, буғда ёки қайнатиб пиширилган иссиқ овқат, сут, қатиқ  тавсия этилади.

Истеъмол маҳсулотлари боланинг ёшидан келиб чиқиб тақсимланса, организм керакли озуқа манбаига эга бўлади.

Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, овқатланишни созлаш учун шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда таомланиш талаб этилади.

Йодланган тузни доимий истемол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рациони витанимларга бой бўлиши катта аҳамиятга эга.

Иммунитетни оширишга табиий антиоксидант бўлган асал ва вирусларга қарши самарали курашадиган саримсоқ истеъмоли ҳам зарур.  А витаминига бой сабзи ва  картошка, цитрус мевалари ва таркибида  С витамини мўл бўлган  брокколи карам ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Юлдуз МЎМИНОВА, олий тоифали врач

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.