Маълумотларга кўра, ер юзи аҳолисининг 80 фоизи оёқ томир тортишишининг у ёки бу туридан қийналади. Бу ҳолат мутлақо соғлом инсонларда ҳам кузатилади. Хўш томир тортиши бирор касалликдан дарак берадими? Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаби ва оқибатлари қандай? Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова жавоб беради.
— Томир тортишининг асосий сабаблари нима?
— Тиббиётда мушаклар тонусининг ошиши оёқ тортишиши дейилади. Бу нохуш ҳолат беихтиёр юз беради ва 10-15 сония давом этади. Ушбу тасодифий оғриқлар мушаклар зўриқиши билан боғлиқ бўлиб, организмда минералларнинг, биринчи навбатда, калий, кальций, магний ҳамда бир қатор витаминлар етишмаслигидан бўлиши мумкин.
Мутахассислар томир тортишишини асаб зўриқиши, камҳаракатлилик, мунтазам ўтириб ишлаш, узоқ муддат тик оёқда туриш ёки сувда сузиш, организмнинг сувсизланиши ва турли хил касалликлар билан ҳам боғлашади.
— Томир тортиши инсульт ёки инфарктни келиб чиқариши мумкинми?
— Томир тортишиши, асосан, 40-50 ёшдаги инсонларда кўпроқ кузатилади. Улар танасидаги холестерин миқдорини тез-тез текширтириб туриши керак. Чунки қон томирлари деворида холестерин моддасининг кўпайиб кетиши оқибатида қон юриши бирмунча қийинлашади. Шундан кейин тез-тез қўл ва оёқ увушиши кузатилади.
Агар вақтида олди олинмаса, инсульт ёки инфаркт келиб чиқиши мумкин. Ёшларда бу ҳолат, асосан, танада қон яхши айланмаслиги сабабли юзага келади. Турли жисмоний машқлар ёрдамида бу муаммони ҳал қилиш мумкин.
Томир тортишишининг икки хил кўриниши фарқланади. Биринчиси, кескин ва қисқа фурсат давом этиб, тиббиётда клоник томир тортишиши дейилади. Иккинчиси эса бунинг акси, безовталик дабдурустдан бошлансада, спазм бир неча дақиқаларга чўзилиши мумкин. Шифокорлар бу ҳолатни томир тортишишининг тоник тури, дея таснифлайдилар.
Ҳар иккала ҳолатнинг келиб чиқиши инфекцион касалликлар, озиқ маҳсулотлари, (дори воситалари)дан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, невроз, моддалар алмашинувининг бузилиши, юрак ва қон хасталикларига боғлиқ.
— Инфекцияларнинг ҳам таъсири борми?
Аҳамият берган бўлсангиз, тана ҳарорати кўтарилганида оёқ-қўлларда енгил титроқ юзага келади. Термометр кўрсаткичлари +39 +40 С даражага етганида эса оёқ ва қўл томирларида тортишиш келиб чиқиши мумкин. Бунга касаллик қўзғатувчи микробларнинг “қўли баланд” келаётгани сабаб бўлади. Иситма туширувчи препарат қабул қилингач, мушаклар аста бўшашади.
Шунингдек, инсон бирор воқеа-ҳодисадан қаттиқ таъсирланса, қонда адреналин миқдорининг ортиши нафас олиш маромининг тезлашишига олиб келади. Организмга кислород келиб тушиши ўзгаргач, карбонат ангидрид даражаси ҳам пасаяди ва оёқ томирида спазм келиб чиқади.
— Томир тортиши яна қандай касалликлар аломати ҳисобланади?
— Оёқ тортишиши баъзи сурункали касалликлар белгиси ҳам бўлиши мумкин. Тиббиёт амалиётида кузатилишича, баъзи бир қон томир касалликлари, умуртқа поғонаси бўғимларида туз йиғилганда, асаб тизими, таянч-ҳаракат муаммолари ва шунга ўхшаш хасталикларда томир тортишиши кузатилади.
Эътибор бериш керакки, барча мушакларнинг бирдан қисқариши ниҳоятда хавфли ҳолатдир! Бун-да танадаги барча мушаклар бир вақтнинг ўзида тортишиб, ҳушдан кетиш ҳолатини келтириб чи-қаради. Ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмаса, оқибати фожиали якун топиши ҳам мумкин.
— Совуқ кунларда соғлом одамнинг ҳам томир тортиши мумкин. Бундай ҳолларда нима қилиш керак?
— Салқин ҳавода оёқ томирлари тортишса, қалинроқ пайпоқ кийинг ёки оёқ учун иссиқ ванна қабул қилинг. Агар одам ўтирганда, юрганда томири тортишиб қолса, бир қўл билан оёқ панжасини ёзиб, болдир мушакларини аста-секин пастга томон силаш тавсия этилади.
Агар оёқ оғриб, увишиб томир тортишиши доим такрорланаверса, қон томирлар ва асаб касалликлари шифокорларига мурожаат қилиш лозим.
Куннинг иссиқ пайтларида оёқ болдирига ва панжага вақти-вақти билан парафин, озокерит, балчиқ қўйиш фойда беради. Тунда оёқ ва товон мушаклари тортишмаслиги учун бир ҳафта давомида овқатланишдан олдин кунига 3 маҳал икки чой қошиқдан асал истеъмол қилинг.
— Қандай даволаш усуллари мавжуд?
Баъзилар оёқ томирида спазм юзага келаётганини олдиндан ҳис этади. Сиз ҳам улар сафида бўлсангиз, оғриқ қўзғалаётганини сезган заҳотингиз оёқ мушакларини бўшаштиринг.
Шунда ҳам томир тортишиши келиб чиқса, ўтирган ҳолатда оёқ учини ўзингизга қаратиб, 2-3 дақиқа ушлаб туринг. Безовталик ўтиб кетмадими? Ўрнингиздан турингда, аста ҳаракатланинг. Иложи бўлса, полда оёқяланг юринг.
Аввалига терапевт-шифокор кўригидан ўтишингиз тавсия этилади. Шикоятларингиздан келиб чиқиб, эндокринолог, кардиолог, нефролог ва невролог мутахассислар кўригини маслаҳат беради.
Безовталик сабаби соматик патологиялар билан боғлиқ бўлса, тўғри танланган даво чоралари тез фурсатда муаммодан фориғ этади. Мабодо томир тортишиши жиддий хасталиклар белгиси сифатида аниқланса, ташхисдан келиб чиққан ҳолда муолажа қилинади.
Tomir tortishish haqida davosi haqida koʻproq maʼlumot va davolash haqida tushuncha kk