Томоқ оғриганда

0
3482
марта кўрилган.

Ёзда музқаймоқ ва салқин ичимликлар кўп истеъмол қилинади. Натижада томоқ оғриғи тез-тез кузатилади. Уни халқона малҳамлар билан даволаш ҳам яхши самара беради.

Муолажа: тенг миқдорда ун, хантал ва асални аралаштириб, хамир ҳолига келтирасиз. Уни томоққа қўйиб, устидан сочиқ билан ўрайсиз. Бундай муолажани 2-3 кун давомида уйқуга  ётишдан олдин қилиш мумкин.

Анжирли малҳам. Бир нечта анжир қоқини ёки ўзини 200 гр. сутда қайнатиб ичиш ҳам томоқни юмшатиб, балғам ажралишига ёрдам беради.

Картошкали ингаляция. Самарали ва фойдали усуллардан яна бири ингаляция бўлиб, уни тўғри бажарсангиз, томоқ оғриғидан тез халос бўласиз. Идишга сув солиб, икки дона картошка паррак қилиб кесилади ва шу сувда қайнатилади. Қайнаб чиққач, унга 1 ош қошиқ ичимлик содасидан солиб, оғиз орқали нафас олинади. Ингаляция учун ҳарорат 80-90 даража бўлиши лозим, бундан иссиқ буғда томоғингиз куйиши мумкин.

Ёдингизда бўлсин! Ҳиқилдоқ, томоқ, нафас йўллари, бронхларни даволаш учун оғиз орқали нафас олиб, 2 сониядан сўнггина уни чиқариш фойдали. Тумовда эса бурундан нафас олган мақсадга мувофиқ. Ингаляциядан сўнг бир соат давомида ичимлик ичиш, овқатланиш ва чекиш ҳаракатларингизнинг самарасини кесади.

 Седанали дамламалар ҳам томоқ оғриғида яхши фойда беради. Айниқса, иммун тизимини ҳимояловчи маҳсулот сифатида седана мойини салатларга қўшиб, тановул қилиш ҳам тезроқ соғайиб кетишингизни таъминлайди.

Турпли малҳам. Кечқурун 1 дона турпнинг ичини ўйиб, 1 ош қошиқ асал солиб қўйинг.  Саҳарда ва  кун давомида ҳосил бўлган шарбатни овқатланишдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичсангиз, тезда шифо топасиз.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.