Тоққа чиқмасанг дўлана қайда

0
1732
марта кўрилган.

Халқимизда “ жондан кечмасанг жонона қайда, тоққа чиқмасанг дўлана қайда” деган мақол бор. Бу мақолнинг замирида кўпгина ҳикматли ўғитлар мужассам. Шунингдек, дўлананинг бебаҳо неъмат эканлигидан ҳам далолат беради. 

 Дарҳақиқат, дўлана мевалар ичида нафақат хушхўрлиги, балки шифобахшлиги билан ҳам ажралиб туради. Аллома бобокалонимиз, табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” китобининг содда дорилар хусусиятига бағишланган бобида дўланага баҳо бериб, “унинг мевалари сариқ ва қизил рангли бўлиб, буруштурувчандир, буруштириш таъсири жийданикидан кучлидир, сафрони сўндиради ва ични тўхтатади” деб ёзади. 
Ҳозирги замон табобатида ҳам дўлананинг меваси ва гули юрак-қон томир касалликларини олдини олиш ва даволашда ҳамда асабни тинчлантирувчи ва қон босимини пасайтирувчи дори сифатида ишлатилади. Дўлана Раънодошлар (Rosaceae) оиласига мансуб, бўйи 5м. етадиган дарахт бўлиб, республикамизнинг тоғли туманларида тарқалган. Ўзбекистонда дўлананинг бир нечта тури учрайди, айниқса сариқ рангли дўлана (Crateagus pontica L.) кенг тарқалган бўлиб, меваси истеъмол қилинади. Тиббиётда эса дўланани 6 турининг меваси ва гуллари ишлатилишга рухсат этилган. Асосан кенг тарқалган қизил дўлана-яъни, Туркистон дўланаси (Crateagus turkestanica) ишлатилади. 

 Бу дарахтнинг барги, гуллари ва мевалари шифобахшдир.Унинг бир ҳовучи истеъмол қилинса, кун бўйи кишини нафақат ташналик, балки очликдан ҳам асрайди. У инсонга яхши кайфият, бардамлик ва қувват бахш этади. Шу боисдан бўлса керак, дўланани лотин тилида “гратас” (кучли) деб атайдилар.

Мева таркибида 20 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, ошловчи моддалар, каротин, С витамини, органик кислоталар каби моддалар мавжуд. Ўзбекистон шароитида ўсадиган дўлананинг баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари борлиги аниқланган.

Кўпгина халқлар халқ табобатида дўлана ич кетиш, толиқиш, ақлий ҳорғинлик, уйқусизлик ва асабийлашганда қўлланилади. Шунингдек, бу мева юрак оғриганда, климакс даврида, ревматизм асоратидан пайдо бўлган ревмокардитда, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўталда ҳам истеъмол қилинади. Ҳозирда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳлар билан бирга тайёрланган дори воситалари атеросклероз, невроз, асаб тизими ва юрак- қон томир касалликларида кенг фойдаланилмоқда.

Эслатма: Дўланани оч қоринга истеъмол қилмаслик керак. Чунки, у ичакни сиқиб, кишини қайт қилдиради. Бу мевани истеъмол қилгандан кейин устидан совуқ сув ичиш мумкин эмас. Акс ҳолда у меъда-ичаклар санчиғига сабаб бўлишини унутманг. Шунингдек, уни ортиқча истеъмол қилиш буйракка зарарлидир. Яна меъда-ичакни заифлаштириб, қуланж (колит) хасталиги, кўнгил айниши, қайт қилишни пайдо қилади.

Меванинг қайнатма, дамлама, қиём ва ундан тайёрланган дори воситалари билан даволаниш фақат шифокор маслаҳати билан ва унинг назорати остида қўлланиши лозим.

Фазилат Саъдуллаева, 1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.