Витаминлар ҳақида маълумотга эгамисиз?

0
6006
марта кўрилган.

Беморнинг организми фаолиятида витаминларнинг ўрни катта аҳамиятга эга. Фарзандларимиз касал бўлиб қолганида  асосий даволашдан ташқари албатта, витаминлар ҳам тавсия қилинади.

А, В, С, РР, … каби витаминлар гуруҳи борлигини биламиз. Бироқ бу дармондорилар қандай аҳамиятга эгалиги ва у қайси маҳсулотларда мавжудлиги ҳақида ҳаммамиз ҳам тушунчага эга эмасмиз. Қуйида ушбу дармондорилар тўғрисида маълумот берамиз.

А витамини боланинг ўсишига таъсир қилади. Организмнинг инфекцияларга қарши чидамлигини оширади. Терини ва шиллиқ пардаларни нормал ҳолатда тутиб туради. Моддалар алмашинувида, хусусан, ёғ алмашинувида қатнашади. А витамини организмга етарли миқдорда тушиб турмаса инфекцияларга қарши чидамлилик сусайиб кетади. Тери ва шиллиқ пардалар қуруқ бўлиб қолади. Кўзнинг қуввати пасаяди. Бу витамин балиқ мойида, сариёғда, тухум сариғида, сутда кўп бўлади. Ўсимлик маҳсулотлари (помидор, сабзи, апельсин ва бошқалар)да каротин бор. У организмда витамин А га айланади.

D витамини (кальциферол) организмда кальций ва фосфорнинг алмашинувига ёрдам беради. Шунингдек, суяк тўқимасининг шаклланишига ва ижобий ўсишига таъсир қилади. Бу витамин рахитнинг олдини олиш ва даволашда қўлланилади. D витамини балиқ мойи, жигар, гўшт маҳсулотлари, тухум сариғида мавжуд.

В1 витамини (тиамин) марказий асаб тизими фаолияти ва углевод алмашинувида қатнашади. У сут, тухум сариёғ, гўшт, жигар, нон, сули ёрмаси ва нўхат каби маҳсулотлар таркибида учрайди.

В2 витамини оқсил ва углевод алмашинувида муҳим рол ўйнайди. Бу витамин овқатнинг меъда-ичак тизимида яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради. Организмнинг ўсиши ва ривожланиши учун катта аҳамиятга эга. Унинг организмга етарли миқдорда тушиб турмаслиги натижасида вазн камайиб, беҳоллик кузатилади. Кўз шиллиқ пардаларида ўзгариш пайдо бўлиши, тери касалликлари юзага келиши мумкин. В2 витамининг энг муҳим манбалари – сут, пишлоқ, творог, тухум, гўшт ва нон ҳисобланади.

В6 витамини В гуруҳидаги бошқа витаминлар билан бир қаторда оқсил алмашинувида қатнашади. Асаб тизими фаолиятига ва қон яратилишига ижобий таъсир қилади. Организмга В6 витамини етарли даражада тушиб турмаса жаҳлдорлик, ҳолсизлик, терининг зарарланиши кузатилади. Бу витамин гўшт, жигар, балиқ, тухум сариғи, мева-сабзавот маҳсулотлари таркибида учрайди.

РР витамини ҳужайралар алмашинуви жараёнида муҳим роль ўйнайди. Организмнинг оксидланиш жараёнларида қатнашади. Томир таранглиги ва қон ҳосил бўлишига ижобий таъсир қилади. РР витамини гўшт, сут, буйрак, жигар, нон, картошка, гречиха ёрмасида бўлади.

В12 витамини оқсил алмашинувида қатнашади. Организмнинг ўсиш ва ривожланишига ижобий таъсир этади. Қон ҳосил бўлишида жуда катта аҳамиятга эга. В12 витамини сут, пишлоқ, гўшт, жигар, буйрак, тухум сариғи таркибида мавжуд.

С витамини углевод, оқсил ва минераллар алмашинувида, организмдаги оксидланиш-қайтарилиш жараёнларида ва қон ҳосил бўлишида иштирок этади. С витамини организмнинг инфекцияларга чидамлилигини оширади ва тўқималар ҳамда ҳужайраларнинг ўсишига ёрдам беради. Шунингдек, майда қон томир (капилляр)ларнинг деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин мева-сабзавотлар таркибида кўп бўлади. С витамини ёруғлик ва қайнаш жараёнида тез парчаланиб кетгани боис маҳсулотларни тўғри сақлаш ва пишириш муҳим аҳамиятга эга.

Боланининг ривожланишида витаминларнинг аҳамияти катта. Витаминлар моддалар алмашинуви жараёнининг назоратчиларидир. Айниқса, улар боланинг ўсиш ва ривожланиш жараёнига бевосита алоқадор бўлади. Касалликларга қарши чидамини оширади, яъни иммунитетни мустаҳкамлайди. Ўсиш даврида боланинг витаминларга бўлган эҳтиёжини қондириш, унинг келажакда соғлом бўлиб ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Фазилат Саъдуллаева

1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.