Мутахассисларнинг тавсияларига кўра, одам миясининг қаришига нафақат ирсият, балки соғлом турмуш тарзига эътибор бермасликнинг ҳам катта таъсири бор экан. Соғлом турмуш тарзига жисмоний фаоллик, соғлом уйқу, сифатли овқатланиш, оилавий осойишталик, инновацияга интилиш кабилар киради.
Швециянинг Svenska Dagbladet газетаси илмий тавсиялар асосида мия қаришини секинлаштиришнинг етти усулини маълум қилди.
Жисмоний фаоллик. Олимлар биринчи навбатда кўпроқ ҳаракат қилишга чақиришмоқда. Қайд этилишича, жисмоний фаоллик мия учун жуда фойдали. Жисмоний меҳнат пайтида мияга кислород кўпроқ етиб боради.
Соғлом уйқу. Мия умрини узайтириш учун соғлом уйқу ҳам лозим. Тавсия этилишича, суткасига етти соатдан кам ухламаслик керак. Тадқиқотлар натижаларига кўра, кам ухлаш 50–60 ёшлиларда мия қариши хавфини оширади.
Сифатли овқатланиш. Яхши овқатланиш ҳам муҳим ўрин тутади. Каролина институти профессори Май-Лис Ҳеленниус сабзавот, мевалар, кўкат, дуккаклилар, ёнғоқ, цитрус, зайтун мойи ва балиқни кўп истеъмол қилишни тавсия этади.
Ортиқча вазн. Мутахассислар фикрига кўра семизлик миянинг эрта қаришига сабаб бўлади. Шунинг учун ортиқча вазндан қутулишни маслаҳат беришган.
Ичак микрофлораси ҳам катта аҳамиятга эга. Нашрнинг ёзишича, мия ва қорин бўшлиғи орасида доимий алоқа мавжуд. Аниқлик киритилишича, руҳий соғлом бўлиш учун зарур бўлган серотонин гормонининг 90 фоизи ичакда ва ўн фоизи мияда ишлаб чиқарилади.
Оилавий осойишталик, аҳллик. Шу билан бирга, оила аъзолари билан яхши муносабатда бўлиш муҳим ҳисобланади, чунки мия соғломлигига оиладаги яхши муҳит ижобий таъсир кўрсатади.
Инновацияга интилиш. Олимлар бутун умр давомида янги нарсаларни ўрганишга интилиш кераклигини таъкидлашган, чунки, бу мияда янги ҳужайралар пайдо бўлишига олиб келади.
Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.