Айни кунларда бозорларда қулупнай тўкинлиги бошланди. Ушбу хуштаъм мевани севиб тановул қилиш билан бирга унинг фойдали ва зарарли хусусиятлари ҳақида маълумотга эга бўлиш ҳам саломатлик учун фойдалидир.
Танлаш қоидалари: Қулупнайни танлаганда унинг бандига эътибор қаратинг. Ям-яшил бандлар эндигина узиб келтиришганидан дарак беради. Шунингдек, мева юзидаги дон шаклларини ҳам назардан четда қолдирманг. Агар улар мевадан бўртиб чиққан бўлса, демак, қулупнай ҳали етилмаганлигини билдиради. Анча чуқур кирган донлар эса маромига етиб пишганидан дарак беради. Катта ҳажмдаги қулупнайлар гўзал, дастурхонбоп, иштаҳа қитиқлайди, бироқ кўпчилик уни кимёвий дорилар билан ишлов берилган неъмат дея қабул қилади. Аслида меванинг ҳажми унинг навига боғлиқ. Агар қулупнай сақланган идишда қизил доғ қолса, билингки, унга кимёвий дорилар билан ишлов берилмаган. Шунингдек барча мевалар каби қулупнай қанчалик муаттар ифор таратса, у шунча ғарқ пишган ҳисобланади.
Озмоқчимисиз? Ортиқча вазндан халос бўлишни истовчилар учун қулупнай беназир ёрдамчидир. 100 грамм қулупнай мевасида атиги 30 ккал. эга бўлиб, шунча миқдордаги қулупнай С дармондорисига бўлган кундалик эҳтиёжингизни бемалол қондира оларкан.
Ажинлардан қутқаради! Таркибидаги С дармондориси мавжудлиги туфайли у ажинлар пайдо бўлишини олдини олади, айниқса нордонроқ қулупнайдан тайёрланган ниқоблар кўпроқ ёшартириш хусусиятига эга.
Муҳаббат меваси, дейди баъзи мутахассислар.Юрак шаклига яқин бўлган бу неъматнинг таркибида руҳ моддаси мўллиги ҳисобига у организмда гормонлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.
Ошқозонни ҳимоялаш учун қулупнайдан ошқозон ичаги бироз безовта қиладиганлар эҳтиёт бўлганлари маъқул. Шунингдек, аллергияга мойиллиги бор кишилар ҳам қулупнайни эҳтиёт бўлиб исътемол қилишлари лозим.
Қулупнайни сметана, ёғсиз қаймоқ ёки творог билан истеъмол қилган афзал. Чунки ушбу сут маҳсулотлари таркибидаги ёғлар ошқозон деворини қоплаб олади ва кислоталарнинг ошқозонга зиён етказишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, сут маҳсулотлари билан истеъмол қилинган қулупнай тишларга ҳам зиён етказмайди.
Қулупнай ошқозонда бижғиш жараёнини келтириб чиқарганлиги туфайли овқатдан кейин десерт сифатида тановул қилиш тавсия этилмайди.
Мумкин эмас! Агар ошқозон яраси ёки гастрит безовта қилса, яхшиси ушбу неъматдан эҳтиёт бўлинг.
Қон босимига қарши дори воситаларидан фойдаланаётган бўлсангиз, буйрагингизни асраш учун қулупнайни ҳаддан зиёд истеъмол қилманг.
Ёдингизда тутинг! Қулупнай мевасини узоқ муддат сақлаб бўлмайди. Музлаткичда кўпроқ сақлаб қўйсангиз, таркибидаги нитритлар — канцероген моддаларга айланиб, саломатлигимизга хавф солиши мумкин.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади.