Ялпиз ўткир ҳидли шифобахш кўкатлардан бири ҳисобланади. Момоларимиз эрта баҳорда анҳор бўйларида ифори билан эътиборни тортадиган ялпиздан турли кўкатларни қўшиб чучвара, гўмма, манти каби турли таомларни тайёрлашни хуш кўришгани бежиз эмас. Шунингдек уни доривор сифатида дамлаб ичиш ҳам мумкин.
Ялпизли чой танадаги шишни ва ошқозон бузилишининг олдини олади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу экстракт тана аъзоларини бўшаштиради ва организмда мавжуд бўлган оғриқ, спазмни кетказади. Таъкидланишича, 4 ҳафта мобайнида ялпизли чой қабул қилиш овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммоларни 40 фоизга камайтиради. Бундан ташқари, ялпизли капсулалар кимёвий терапия билан шуғулланадиган беморларда кўнгил айнишининг олдини олади, шунингдек, бошқа сабабларга кўра кўнгил айниши кузатилаётган одамларга ҳам жуда фойдали.
Бош оғриғи ва мигренни камайтиради. Ялпиз мушакларни бўшаштириш ва босимни пасайтириш, ҳар қандай турдаги бош оғриғига қарши курашда яхши ёрдамчи саналади. Шунингдек, ялпиз мойини чаккага суриш орқали қон босимини кўтариш мумкин. Бу қуйи қон босими эгалари учун ажойиб ечимдир.
Қувват манбаи. Тадқиқотлар натижасида ялпизли чой ичиш асаб тизимига ижобий таъсир ўтказиши, қувватни ошириши ҳамда кундузги уйқучанликнинг олдини олиши аниқланди.
Вазн ташлашда. Таркибида калория ва кофеин бўлмаган ялпизли чой тетиклаштирувчи хусусиятга ҳам эга. Бирозгина иштаҳани бўғиши натижасида ортиқча вазн билан курашиш имконияти пайдо бўлади.
Диққатни жамлашни яхшилайди. Фикрлаш, диққатни жамлашда қийинчиликка учрайдиганлар учун ялпизли чой ажойиб ечим. Шунингдек, чой хотирани мустаҳкамлашга ижобий таъсир ўтказади.
Юқумли касалликларга қарши курашади. Ялпизли чой бир қанча бактерияларга – стафилококк, сальмонелла ва листерияга қарши курашда ёрдам беради. Шунингдек, ялпиз микроорганизмларнинг кўпайишининг олдини олади, оғиз бўшлиғини қисман зарарсизлантириб, нафас олиш йўлини ҳам тозалайди.
Уни гуллаган пайтида қуритиб қишга сақлаб қўйиш ҳам мумкин. Одам қадами еимаган жойлардан йиғиш жуда фойдалидир.
Фазилат Саъдуллаева, фармацевт