Рух микроэлементи инсон соғлом ва дуркун бўлишида катта аҳамиятга эга. Ушбу микроэлемент моддалар алмашишида фаол иштирок этади. У инсон организмдаги металл ҳисобланиб, демак, вужудимизга ҳам маълум миқдорда металл керак экан.
Организмни бақувват қилиб ушлаб турадиган нарса бизнинг гормонал ҳолатимиздир. Бунда рухнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Масалан, организмда тестостерон гормони ишлаб чиқарилишида рух фаол иштирок этади.
Сперматозоидлар ишлаб чиқарилишида рухнинг аҳамияти катта. Гормонларнинг етишмаслиги жиддий салбий ўзгаришларга сабаб бўлади.
Масалан, аёлларда гормонал бузилишларни кайфият тез-тез ўзгаришида кўриш мумкин. Эркакларда эса дисгормонал простатапия касаллиги юзага келишида рух етишмовчилиги сабаб бўлади.
Рух инсулин ишлаб чиқарилишида ҳам фаол қатнашади. Бугунги кунда қандли диабет билан касалланганларда ушбу микроэлемент етишмайди.
Соматотропин гормони бу ўсиш гормони бўлиб, рух микроэлементи организмда ушбу гормон ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.Болаларнинг соғлом ва дуркун бўлиб ривожланишида унинг унинг аҳамияти катта.
Рух танани ташқи тарафдан келадиган салбий радиал нурлардан ҳам ҳимоялайди. Шунингдек, ушбу минерал мия ва жигар ҳужайраларига, шунингдек, спиртли ичимликларнинг организмга салбий таъсирини ҳам олдини олади.
У гўшт, жигар, тухум, дуккакли донларда, ёнғоқларнинг барча турларида, айниқса, тоғ бодомлари ҳамда кўкатлар таркибида мавжуд. Она юрт неъматларини билиб-билиб истеъмол қилсангиз, шифобахш, давоси ҳам оддий ва арзон. Тўғри овқатланишни ўрганиб олинг.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач