Юрак-қон томир касалликларидан даволаниш ва унинг профилактикаси

0
278
марта кўрилган.

 Сурункали юрак-қон томир касаллиги бор ёки ушбу хасталикка чалинган инсонларнинг даволаниш тартиби ва ҳаёти давомида амал қилиши керак бўлган қоидалар, тавсиялар мавжуд.

Аввало, сурункали юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар доимий равишда кардиолог шифокор назоратида бўлиши керак. Бунинг учун оилавий поликлиникасида диспансер назоратига олиниши, бир йилда 2 марта диспансер текширувларидан ўтиб, йилда бир марта стационар даволаниши ҳамда доимий равишда кардиолог тавсияларига амал қилиши ва дориларини мунтазам қабул қилиб юриши керак.

Айниқса, ҳар бир бемор ўз саломатлигига масъул бўлиши, соғлиғига беэътибор бўлмаслиги, соғлом турмуш тарзига амал қилиши, организмга жисмоний юкламалар меъёрда бўлиши, шу билан бирга, камҳаракат бўлиб уйда ўтириб қолмаслиги, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиши, кечки пайт енгил нонушта қилиши, уйқудан олдин таом емаслиги, ичиш, чекиш каби зарарли одатлардан воз кечиши керак.

Юрак-қон томир касалликлари, жумладан, инфаркт ва инсультга чалинмаслик учун авваламбор, ҳар бир она ҳомиладорлик даврида туғиладиган фарзандининг соғлом бўлиши учун эътиборли бўлиши керак. Кўпинча туғма нуқсонли болалар ҳомиладорлик даврида кўп касал бўлган, камқонли, жисмоний ва руҳий чарчаган оналардан туғилади. Фарзандининг соғлиғига ота-она эътибор бериши, шифокор назоратидан ўтказиб туриши, фарзандини соғлом ва жисмоний бақувват қилиб тарбиялаши керак.

Балоғат ёшидан кейин ҳар бир инсон ўз соғлиғи ҳақида қайғуриши, касалликнинг олдини олиши ёки бошланғич даврида аниқлаб, уни бартараф этиш учун ҳаракат қилиши лозим. Юрак-қон томир касалликларига чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний фаолликни ошириши, ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнатни меъёрда олиб бориши, овқатланиш гигиенасига амал қилиши, зарарли одатлардан воз кечиши, кардиолог шифокор назоратида бўлиб, ўз вақтида даволаниши талаб этилади.

Мисол учун, биргина чекишни ташлаш 2-3 ойдан кейин ўпка фаолиятини 30 фоизга яхшиланишига, бир йилдан кейин эса юрак ишемик касаллиги ривожланиши хавфини 50 фоизга камайтиради. Шунингдек, тана вазнини назорат қилиш керак. Жумладан, бел айланаси эркакларда 94 см., аёлларда эса 80 см.дан ошмаслиги лозим. Вазннинг 10 кг.га камайиши қон босимини 5-20 мм с.у.га пасайтиради. Кунига 30 дақиқалик жисмоний фаоллик ҳам қон босимини 4-9 мм с.у.га камайтиради.

Бундан ташқари, овқатланишда рационнинг хилма-хиллигига эътибор бериш, оқсилларнинг етарли бўлиши, гўштни балиқ, дуккаклилар, парранда гўштига алмаштириш, савзовот ва меваларни кўпайтириш ҳамда ош тузи истеъмолини чеклаш лозим бўлади.

Ушбу тавсияларга мунтазам амал қилиш билан юрак-қон томир касалликларининг ўткир миокард инфаркти ва мия инсульти каби оғир асоратларининг олдини олган бўласиз.

Ҳамидулла Тошпўлатов, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.