Занжабил – минг бир дардга даво

2
54960
марта кўрилган.

Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида кўплаб хасталикларни даволашда қўлланадиган малҳамларни тайёрлашда улар таркибига занжабил қўшиш лозим, деб ёзган.

Қадим қадимдан занжабил  “универсал дори воситаси“ ва зиравор сифатида кенг қўлланилади. Айниқса, вирусли касалликларни даволашда, хусусан, қадимда ўлатнинг олдини олишда асосий дори воситаси ҳисобланган. У иммунитетни ошириши, микробларга қирон келтириши билан ҳам саримсоққа ўхшаб кетади. Аллома  Ибн Сино занжабилга пиёз ва мингдевона уруғларини аралаштириб дудлатиш йўли билан кариесни даволашни энг афзал восита деб билган.

Занжабил муқаддас ўсимликлар қаторида Қуръони каримда келтирилади. (Жаннат аҳли)у жойда аралашмаси  занжабил бўлган қадаҳларда – (жаннатлардаги салсабил аталадиган чашма) билан суғорилурлар. (Инсон сураси 17-18 оят).

Занжабилнинг қуруқ илдизи доривор бўлиб, таркибида 1,5 дан 3 фоизгача эфир ёғлари, 70 фоизгача органик бирикмалар, шунингдек, камфен, цинеол, бисаболен, борнеол, цитраль, линалоол моддалари, С, В1, В2 дармондорилари, аминокислоталар мавжуд.

Кўпинча туйилган ҳолда ишлатиладиган занжабил илдизи қўнғирсимон-сариқ унга ўхшайди. У офтобда қуритилади. Тозаланмаган қорамтир ­занжабилнинг ҳиди ва таъми ўткир бўлади.

Занжабил атир-упа саноатида хам фойдали хом ашё сифатида ниҳоятда қадирланади. Озиқ-овқат саноатида кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва пазандачиликда баъзи овқатларга (пишиш олдидан) майдаланган ҳолда зиравор сифатида қўшиб ишлатилади.

Кўпинча у қуритиб туйилган ҳолда таомларга қўшилади. Хамир қорилганда ёки қориб бўлингач қўшилади. Гўштни димлаганда таом тайёр бўлишидан 20 дақиқа олдин аралаштирилади. Шарбат, киселларга 2-5 дақиқа аввал, соусларга эса оловдан олингандан сўнг қўшилади. Бир килограмм хамир ёки бир килограмм гўштга бир чимдим ­занжабил солиш кифоя.

Занжабил илдизи дорихоналарга тозаланган ва ярим тозаланган ҳолда чиқарилади. У оғиз бўшлиғи ва томоқ яллиғланганда яхши муолажадир. Дамламаси ва кукуни денгиз касаллигига, ошқозон ярасига даводир. Иштаҳани очади, таомлар ҳазмини яхшилайди. Атеросклерозда фойдали,  қондаги холестерин миқдорини камайтиради. қон томирлар ҳолатини меъёрга солади.

Занжабил илдизи шарбати асосида тайёрланган ­мурабболар ҳам шу мақсадда қўл келади. “Занжабилли чой” асал ва лимон билан бирга шамоллаш хасталикларида тез-тез қўлланилади. Бош оғриғида, елкада оғриқлар пайдо бўлганда, сурункали бод хасталигида ундан компресс қилинади.

Янги соғилган сутга қирғичдан ўтказилган занжабил қўшиб ичилса, йўталда яхши муолажа бўлади. Ангинага, тиш оғриғига ҳам шифо бўлади, организмни заҳарли моддалардан тозалайди. Бунинг учун қирғичдан чиқарилган 1 грам занжабилни лимон шарбати ва озгина туз қўшиб, эрталаб нонуштага қадар истеъмол қилиш керак.

Машинада бош айланганида бир бўлак занжабил илдизини чайнаш кифоя. “Занжабилли чой”и эса кўпгина шамоллаш хасталикларидан халос этади. Бундай чойни тайёрлаш усули: қирғичдан янги чиқарилган уч чой қошиқ занжабил илдизи 100 мл. сув ёки сутга солиниб, қопқоғи зич ёпилган эмалли идишда паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Сўнг 5-10 дақиқа димлаб қўйилади. У илқ ҳолига келганида асал ва лимон қўшиб ичилади. Чунки асал иссиқ чойга, қайноқ сувга аралаштирилса фойдали хусусиятлари пасаяди.

Тибетда майдалаб кесилган ёки нафис бўлакланган занжабил илдизини чойнакка солиб, устидан қайнаб турган сув қуйилади ва 10-15 дақиқа  дамланади. Қайноқлиги кетгач, илиқ ҳолатда лимон ва асал қўшиб ичилади. Бу жуда хуштаъм бўлишдан ташқари, ниҳоятда фойдали шамоллашни, тамоқ оғриғини даволайди, иммунитетни кўтаради. Умуман аклни ва хотирани пешлайди Меьда фаолиятини яхшилаб хазмни кучайтиради. Қоринда йиғилган елларни, танадаги ортикча хилтларни ҳайдаб қувват бағишлайди. Изтиробли йуталда балғамни кўчиради. Балки, тибетча умр узоқликнинг омили ҳам шундадир.

Занжабил жаҳон бозорларида икки хил кўринишда савдога қўйилади. Оқ ва қора занжабил тайёрланиши жиҳатидан фарқ қилади. Занжабилни қазиб олинган илдиз поялари покиза қилиб ювилганидан сўнг қуёш тобига қўйилиб қуритилса, оқ занжабил ҳосил бўлади. Агар ўсимликнинг илдизпоялари қозонда ёхуд бирор идишда қайнатилиб, пиширилганидан сўнг қуёш остида қуритиладиган бўлса, унда қора занжабил ҳосил бўлади. 

Барча неъматлар каби занжабил ҳам меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, кўнгилни айнитиши, ични суриши, аллергик реакцияларга олиб келиши мумкин. Занжабилни доим истеъмол қилиш ҳалқумга зарар қилади. Бундай пайтда асал ва ширин бодом ёғи истеъмол қилинса, етган зарарни бартараф этади.

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

2 Мулоҳаза

  1. Ассалому алайкум!Жуда яхши сайт экан Шу билимларингизни маслахатларингизни телевидения оркали халкимизга етказсангизлар жуда яхши буларди чунки бу маслахатлардан купчилик фойда топарди ва Сизлардан миннатдор буларди!!!Катта рахмат gujum.uz сайтига ,Шоира Бекжонова ва хамкасбларингизга!!! Хурмат билан Мирзаабдулло Салихов!!!

Добавить комментарий для Муҳаррир Жавобдан кечиш

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.