ЗИРА таркибида 2,75-3,0% эфир мойи бор. Ўрта Осиё халқлари гўшт тузлашда, қази ва бошқа овқатлар тайёрлашда қадимдан кенг фойдаланиб келади. Халқ табобатида меъда касалликларини даволашда ва сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади.
Халқ табобатида зиранинг фойдалари ҳақида буюк бобокалонимиз Ибн Сино шундай деган: “…Унда қиздирувчи куч бўлиб, елларни ҳайдайди ва тарқатади. Сув билан аралаштирилганини ичилса, нафас олиш қийинлашганда ёрдам беради. Жолинуснинг айтишича, “тикка нафас олишга”, ҳамда совуқдан бўлган хафақонга фойда қилади. Шунингдек, зиранинг ошқозон гастрити, сариқ касал, иштаҳани очишда, уйқусизликда, кишилар қувватини оширишда жуда ҳам катта фойдаси бор.
Ҳозирги замон шифокорлари ҳам зира ҳақида ижобий баҳо бериб, ҳаддан ташқари тўлаликда, метеоризм (қорин дам бўлиши)да, ошқозон-ичак йўлларидаги енгил хасталикларда, юрак касалликларида ва эмизикли болаларда овқат ҳазм қилиш жараёни бузилганида онаси зирани муайян тарзда истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали эканини таъкидлашади.
Зирали чой дамлаш. Бир чой қошиқ янчилган зира устидан бир стакан қайнаб турган сув қуйилади ва 10 минутдан сўнг докадан ўтказиб олинади. Дамламани илиқ ҳолатда оз-оз хўплаб ичиш мақсадга мувофиқ. Бу чой ошқозон ҳазм йўлларининг дам бўлиши ва ичаклар сиқилиб қолишини бартараф этади.
Шифобахш дамламанинг яна бир усули. Беш грамм янчилган зира устидан 100 мл қайнаб турган сув қуйилади, 10-15 минут тиндирилади. Тайёрланган дамламани 2-3 га бўлиб овқатланишдан олдин ичилади.
Аллергия. 50 г зирани кофемолкада янчилади, устидан 0,5 л оқланмаган қайноқ ўсимлик ёғи қуйилади, 10 минут қасқонда қайнатмасдан буғланади. Шиша идишга солиб, 1 ҳафта давомида иссиқ жойда – офтобда ёки батареяда тиндирилади. Бундай ёғ организмда тери иммунитетини тиклайди. Катта ёшлиларга бурун катакларига 20 томчидан, болаларга 5 томчидан томизилади. 1 курс даволаниш – 3-6 ой. Даволаниш охирида томизиладиган ёғни 1 томчидан камайтириб борилади. Ёғни — маска, компрес, массаж учун суртиб ишлатиш ҳам мумкин.
Ошқозоности бези касалликларида. 1 ош қошиқ зира устидан қайнаб турган 1 стакан сув қуйилади, 2 соат давомида тиндирилади, докадан ўтказилади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин 70 г дан ичилади.
Қабзиятда. 2 ош қошиғи миқдоридаги зира устидан 1 стакан қайнаб турган сув қуйилади, қасқонга ўхшаш идишда 15 минут қайнаётган сувда буғланади, 45 минут тиндирилади. Дамлама овқатдан сўнг ярим стакандан кунига 2 маҳал ичилади.
Йўталда. 1 ош қошиғида янчилган зира устидан 1 стакан қайнаб турган сувни қуйилади, устини ёпилади, ўралади ва совугунича тиндирилади. Сўнг докадан ўтказилади. Суткасигача 6 мартагача 2-3 ош қошиғидан ичилади. Ёш болаларга асал ёки шакар қўшиб, 1 чой қошиғидан суткасига 3-4 маҳал ичирилади.
Метеоризм. Чой қошиғидан ҳам кичик десерт қошиғида кунига 1-2 марта зирани қуруқ ўзини обдан чайнаб истеъмол қилинади. Иккинчи усули. 1 ош қошиқ зира устидан 1 стакан қайноқ сув қуйилади, ўраб қўйилади, 1 соат давомида тиндирилади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин 2 ош қошиғидан ичилади.
Шамоллашда. 3 чой қошиқ зира устидан 1 стакан сув қуйиб 15 минут давомида қайнатилади, 40 минут тиндирилади, докадан ўтказилади. Тайёрланган дамламани кун давомида оз-оздан ичилади.
Эмизикли оналарда кўкрак сутини кўпайтириш учун. 1 ош қошиқ майдаланган зира устидан 0,5 литр қайноқ сув қуйилади, усти ёпиқ идишда 5 минут қайнатилади, сўнг докадан ўтказилади. Қайнатма кун давомида овқатланишдан 15 минут олдин 3 га бўлиб ичилади.
Сурункали гастритда ошқозон шираси юқори миқдорда бўлганида. 15 г зира устидан 200 мл қайноқ сув қуйилади, 30-40 минут идиш қопқоғини ёпиб дам берилади, докадан ўтказиб олинади. Дамламани 1 ош қошиғидан кунига 3-4 маҳал овқатланишдан олдин ичилади.
Зирани истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар. Ошқозон яраси, юрак ишемик касаллиги, тромбофлебит, гастрит, инфаркт, тромбоз, қандли диабетда зирани алоҳида ўзини истеъмол қилиш мумкин эмас.
Фазилат Саъдуллаева, фармацевт