31 июль куни ҳаракатланиш тақиқланган, қурбонликлар муҳтож оилаларга қандай етказиб берилади?

0
185
марта кўрилган.

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокида ўтказилган брифингда аҳолидан тушган энг муҳим саволларга жавоб қайтарилди.

САВОЛ: 31 июль куни ҳаракатланиш тақиқланган, қурбонликлар муҳтож оилаларга қандай етказиб берилади?

ЖАВОБ: Тўғри, жорий йил 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш тўлиқ тўхтатилади.  Шунинг учун савобли  эҳсонингизни карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, маҳаллангиз раиси ва фаоллари ҳамкорлигида ҳамда ёрдамида ўзингиз яшаётган маҳалла ҳудудида амалга оширишингиз мақсадга мувофиқ.

САВОЛ: Уй шароитида даволанаётган беморларни кимдир назорат қиладими?

ЖАВОБ: Коронавирусга чалинган уй шароитида даволанаётган бемор ва у билан мулоқотда бўлганларга улардан келиб тушган мурожаатлар асосида, уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини хонадонга карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда олиб келинади.

Шу жумладан профилактика инспекторига қуйидаги ишларни бажариш васифаси юклатилган, яъни: ҳар куни белгиланган вақтларда маъмурий ҳудудида жойлашган карантинга олинган хонадонларни ўрганиб чиқади; маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан биргаликда карантинга олинган хонадонларга Республика махсус комиссияси томонидан ишлаб чиқилган эслатма варақасини тарқатади;  кун давомида зарурат бўлганда карантинга олинган хонадон эгаси билан телефон орқали боғланиб вазиятни ўрганиб боради.

САВОЛ: Хоразм вилоятида деҳқончилик билан шуғулланаман. Ўзим етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини пойтахтда сотиш учун олиб борсам бўладими?

ЖАВОБ: Ҳа, рухсат берилади. Фақатгина йўлларда вақтингизни тежаш учун, тегишли ҳужжатларни олиб юринг.

САВОЛ: Мен янги машина сотиб олдим. 10 кун ичида машинага номер олишим керак. Карантин сабабли ололмаяпман, карантин тугагандан кейин номер олсам ҳеч ким менга жарима солмайдими?

ЖАВОБ: Айни вақтда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмалари томонидан транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш вақтинча тўхтатилган. Шу боис, Сизга карантин вақтида транспорт воситангизни давлат рўйхатидан ўтказиш кечиктирилган тақдирда жарима солинмайди.

САВОЛ: Тиббиёт ходимиман. Шанба ёки якшанба куни ишга ўзимнинг шахсий машинамда борсам бўладими?

ЖАВОБ: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари ва тиббий-санитария хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига ҳаракатланишга чеклов йўқ.

Сиз ҳафтанинг исталган кунлари шахсий автотранспорт воситангизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланишингиз мумкин. Фақат ёнингизда иш жойингизни тасдиқловчи ҳужжатни олиб юринг.

САВОЛ: Асаларичиман.  Шахсий машинамда асаларичи шерикларимни 100 километр узоқдаги ишхонамга олиб борсам бўладими?

ЖАВОБ: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида соат (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида фуқароларнинг иш жойига бориб келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланиши мумкинлиги белгилаб берилган.

Агар сизнинг асалари вагонингиз ўзингиз яшаётган ҳудуд доирасида бўлса сиз, юқорида кўрсатилган вақт оралиғида карантин талабларига амал қилган ҳолда ҳаракатланишингиз мумкин. Агар Сиз тадбиркор бўлсангиз, ҳокимиятга ариза билан мурожаат қилсангиз, Сизни автотранспорт воситангиз яшил йўлак платформасига киритилади ва ҳаракатланишингизга чеклов бўлмайди.

САВОЛ: Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда ИИВ ходимларининг қийин аҳволга тушиб қолганликлари, ойликлари етмаётганлиги, раҳбарлар томонидан мажбурий план қўйилиши ва ҳоказо қийинчиликлар ҳақида овозли ёзувлар тарқалмоқда. Шунга изоҳ берсангиз?

ЖАВОБ: Ҳозир хеч кимга осон эмас. Албатта, бугунги кунда ички ишлар органларига қўйилаётган юклама кўп маротаба ошган. Бизнинг ходимлар орасида ҳам касалланганлар, карантинда сақланаётганлар ва шу касалликдан вафот этганлар ҳам бор.  Лекин ички ишлар органлари ходимлари ҳар қандай вазиятда олдиларига қўйилган вазифани бажарадилар, бунга бизнинг куч ва воситаларимиз етарли.

 Мажбурий план масаласига келадиган бўлсак, бундай номақбул иш услубидан аллақачон қутулганмиз, ҳозир ходимларимизга бундай талаблар қўйилмайди. Агар кимда бу ҳақда маълумот бўлса, 1102 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг, биз ижрочига ҳам раҳбарига ҳам қатъий чора кўрамиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади.

САВОЛ: Онам бетоб. Агар аҳволлари ёмонлашиб қолса, ўзимнинг шахсий транспортимда куннинг исталган вақтида касалхонага олиб борсам бўладими?

ЖАВОБ: Ҳа албатта. Ушбу кунларда, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмайди.

Ундан ташқари, агар хизмат олиб бораётган ходимларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.