АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида ўтказилган брифингда аҳоли томонидан йўлланган саволларга жавоб қайтарилди.
САВОЛ: Махсус комиссия қарорига кўра коронавирус аниқланган беморнинг даволаниш харажатларини у касаллик юқтирган муассаса ёки ташкилот тўлар экан. Агар касаллик қаердан юқтирилганлиги конкрет аниқланмаса, у ҳолда даволаниш харажатларини ким тўлайди?
Жавоб: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг малакали эпидемиологлари томонидан эпидемиологик суриштирув тўлақонли олиб борилмоқда ва ҳар бир аниқланган касаллик ҳолатининг манбаси аниқланмоқда. Бу жараёнда ИИВ билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
САВОЛ: Агар Ўзбекистон фуқароси чет элда бошқа касалликдан вафот этса, унинг жасади олиб келингандан сўнг майит тобут билан дафн этиладими ёки ислом анъаналарига мувофиқми?
Жавоб: Ушбу ҳолатда хақиқатда COVID-19 мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилса дафн маросимлари одатдаги тартибда амалга оширилиши мумкин.
САВОЛ: Кoronavirus info телеграм каналида Бергамо шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар жасади куйдирилиши ҳақида маълумот ўқидим. Ўзбекистонда ҳам шундай чора кўриладими?
Жавоб: COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган ва ушбу касалликдан вафот этган беморлар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг мутахассислари иштирокида қатъий санитария-гигиена талаблари асосида ҳамда зарарсизлантириш олиб борилиб Ислом дини урф-одатлари бўйича дафн этилмоқда.
САВОЛ: Пискент шаҳри «қизил» ҳудудга киритилгани сабаб, Олмалиқ шаҳрига Пискент орқали ўтувчи йўл тўсиб қўйилган. Олмалиқ «яшил» ҳудуд бўлса ҳам унга ўтиш йўллари ёпилиши мумкинми?
Жавоб: Карантин талаблари бўйича қизил ҳудуд ва яшил ҳудудлар ўртасида харакатланиш тўхтатлади, яъни «қизил» тоифадаги ҳудудга кириш ва чиқиш тақиқланади.