Агрипина Шин: Боғчаларда овқат сифати — энг оғриқли масала

0
241
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда мактабгача таълим вазири Агрипина Шин, вазир ўринбосарлари, вазирлик бошқарма бошлиқлари иштирок этдилар.

Таъкидланишича,  мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳар бир шаҳар ва туман кесимида  болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаб берган биринчи ҳужжат бўлиб, вазирлик  фаолиятининг шаффофлиги ва объективлигини таъминлайди. Концепция МТМлар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш билан бир қаторда, яқин йилларда педогогик ва бошқарув кадрларига ҳам эътибор қаратилади. Педагоглар сонини ошириш, шунингдек, ходимларни саралаш, тайёрлаш ва малакасини оширишга янги ёндошувларни татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Вазир Агрипина Шиннинг қайд этишича, мактабгача таълим тизими бошқарувини такомиллаштириш, молиялаш самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, кадрлар танлаш ва ривожлантириш бўйича янги ёндашувларни жорий қилиш, болаларнинг соғлом овқатланиш, сифатли тиббий хизмат билан таъминланиши каби масалаларда иш олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида болаларни боғчага қабул қилиш ёши нима учун уч ёш этиб белгиланганига изоҳ берилди. “Икки ёшни болани парвариш қилиш мумкин, лекин унга бу ёшда таълим бериш имконсиз. Бола уч ёшдан кейингина таълим олишга йўналтириш мумкин бўлади. Лекин биз нодавлат таълим муассасаларига болаларни икки ёшдан қабул қилишга рухсат берганмиз”, — деди Агрипина Шин.

Вазир, шунингдек, электрон навбатлар борасидаги муаммоларга ҳам изоҳ берди: “Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, мактабгача таълим тизимида Давлат хизматлари агентлиги ва UzInfoCom билан биргаликда электрон навбат йўлга қўйилган эди. Бироқ,  дастур фаолияти таҳлил қилиниб, шаффофлик нуқтаи назаридан 20 июнь куни тўхтатиб қўйилган эди. Дастур UNICEF ва OpenEMIS каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда такомиллаштирилди. Ҳозир мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича катта гуруҳ ишламоқда ва душанба куни дастур фаолияти қайта тикланади”.

Матбуот анжуманида болаларнинг соғлом овқатланиши билан боғлиқ журналистларнинг  саволларига жавоб берар экан, Агрипина Шин ошпазлар етишмаслиги муаммосини тилга олди: «Болаларда овқат сифати — энг оғриқли масала. Биз тегишли ташкилотлар билан биргаликда боғчаларда овқатларнинг сифатини мунтазам ўрганиб борамиз. Бу борада асосий муаммолардан бири — болалар ошхонасига  мутоносиб овқат пиширадиган ошпазлар йўқлиги. Ошпазлар тайёрлайдиган таълим муассасаларида ҳам фақат жамоатчилик учун овқат тайёрлаш ўргатилади. Шу боис педогогика коллежларида болалар ошпазлиги бўйича йўналиш очиш лозимлиги ҳақида таклифлар берилган ва биз шу орқали ушбу масала ҳал этилишидан умид қиламиз”, — деди вазир.

Матбуот анжуманида вазирлик мутасаддилари журналистларнинг боғчага канцтовар маҳсулотлари ва гигиена воситаларининг ота-оналардан талаб қилиш қанчалик тўғри эканлиги борасидаги саволига жавоб қайтаришди.

“Ота-оналар боғчага канцтовар маҳсулотларини олиб бориши мумкин, аммо тарбиячилар гигиена воситаларини талаб қилиши мумкин эмас. Чунки, ушбу маҳсулотлар учун бюджетдан пул ажратилади”, — деди вазир ўринбосари Мақсуджон Юлдошев. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.