Мақсуда Ширинова таҳририятимизга мактуб йўллабди: «Мен 14 ёшли боламга нафақа оламан. Унинг муддати 2020 йил май ойида тугайди. Ҳозир карантин вақтида ҳужжат тахлайми ёки карантин даврида узлуксиз бериладими?»
АОКА ҳузуридаги штабда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлими бошлиғи Адиба Нуриддинова иштирокида брифинг ўтказилди. Ушбу брифингда Мақсуда Ширинова сиз берган саволга ҳам жавоб бор.
Қуйида брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилади. Мулоқатдаги охирги савол ва жавоб Сизнинг мақсадингизни ифодалайди.
Савол: Мен мактабда асосий штатдаги ўқитувчи сифатида ишлаб келяпман. Менга 1 апрелдан 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Ишимни давом эттирсам бўладими?
Жавоб: Агар сизга 2 гуруҳ ногиронлигини белгиланган ва меҳнатга лаёқатсиз деб хулоса берилган бўлса, иш берувчи томонидан Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисм 2-бандига асосан ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилишга асос бўлади.
Агар сизга 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланган ва хулосасида сизнинг ишлаб турган касбингиз бўйича меҳнатга лаёқатли деб белгиланган бўлса иш берувчининг розилиги билан сиз билан тузилган меҳнат шартномаси давом этиши мумкин.
▪️Бундан ташқари, меҳнат қонунчилигида 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга қатор имтиёзлар ҳам белгиланган, масалан меҳнатга тўланадиган иш ҳақини камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилиши, йиллик узайтирилган асосий таътил берилиши ва бошқалар.
Савол: Карантин вақтида давлат ташкилотларида ишчилар график асосида навбатчиликка қўйилиши мумкинми, ишхонада қоровуллар етарли бўлишига қарамай. Бу ҳолат қонунчиликка зид эмасми?
Жавоб: Бу ўша ташкилотнинг соҳаси, унда кўзда тутилган иш режими, бугунги шароитига боғлиқ.
Агар ташкилотнинг локал ҳужжатларида ёки ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ишчиларни график асосида навбатчиликка, яъни иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этишга, шунингдек ўзининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишларни бажаришга мажбур қилса, жавобгарликка тортилади.
Савол: Менга маҳалладан моддий ёрдам 6 ой муддатга тайинланган эди, яна давом эттирилишида қандай тарзда амалга оширилади? Мен қаерга мурожаат қилишим керак?
Жавоб: Ҳеч қаерга. Яъни, Сизга тўланадиган моддий ёрдам мурожаат қилмасангиз ҳам автоматик тарзда 6 ойга танаффуссиз давом эттирилади.
Асос — «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони.
Манбаа: aoka_uz