АВТОМОБИЛСИЗ БИР КУН ташаббусига қўшилайлик

0
163
марта кўрилган.

«Тоза ҳаво –  танга даво» дейди халқимиз.  Абу Али ибн Синонинг шундай ҳикмати бор:. «Ҳавода ғубор бўлмаганида инсон минг йил умр кўриши мумкин эди». Донишманд халқимизнинг, аллома табибнинг бу ўгитлари бежиз эмас. Тоғликлар нега узоқ яшайди!? Сабаб: мусаффо ҳаво.

“Ўзгидромет”нинг маълум қилишича, 17 октябрь куни Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш даражаси меъёридан 16 баробар ошган.

Ушбу ташкилот  ўша кунги  Тошкентда содир бўлган қум ва чанг бўронларининг асосий сабабларини  қуйидагича изоҳлайди: Узоқ давом этган ёғингарчиликсиз об-ҳаво, шаҳар осмонида ҳаво айланишининг пастлиги, пойтахтда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари ҳамда шаҳар кўчаларида машиналарнинг ҳаддан зиёдлигидир.

Неварам Юсуфжон билан “Ҳумо” аренаси олдидан ўтиб кетаётган эдик,  тизилиб турган катта самокатларга кўзимиз тушди. «Бувижон, катталар ҳам самокат учадими?» – дея ажабланиб сўради неварам.

Унинг сабабини ҳали тушинтириб улгирмасимдан, ёнимиздан самокат учиб кетаётган йигит ўтиб қолди.  Набирам анграйиб қолди.  Катталар учишини кўрмаган экан-да. Мен унинг афзалликларини тушинтирдим.

EU in Uzbekistan сайти  “Автомобилдан бир кунга бутунлай воз кеча оласизми? дея ташаббус кўтариб чиқибди. Дарҳақиқат, ушбу ташаббус шаҳар ҳавосининг тозалигига муносиб ҳисса қўшади.

Бутун дунё бўйлаб шаҳарлар ва мамлакатларда қуйидаги мақсадларда автомобилсиз тадбирлар ўтказилади.  Масалан, ёқилғисиз транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича хабардорликни ошириш ва уни амалиётда қўллаш. Бу дегани бир кун велосипед, самокат, электрокар яъни сигвей ва скутерлардан фойдаланиш назарда тутилади. Ушбу ҳаракат саломатликка ва оёқларнинг бақувват бўлишига  муносиб ҳисса қўшади. Шунингдек, улар шаҳар ва мамлакат манфаати учун автомобилни ўрнини босувчи ажойиб воситалардир!

Ушбу воситалар шовқинни камайтиришда ҳам катта аҳамиятга эга. Шовқин-сурон эса бош оғриғи, уйқу бузилиши, чарчоқни келтириб чиқариши маълум.

Транспорт бизнинг соғлом турмуш тарзимизга салбий  таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўришнинг яна бир сабаби: шаҳар кўчаларида тирбандликни камайтиришдир. Тирбандлик туфайли муҳим ва қайта тиклаб бўлмайдиган бойлигимиз – қимматли вақтимизни  йўқотамиз. Яна бензинни исроф қилишидан ташқари уни заҳарли тутунга айлантириб ҳавони ифлослантиришнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшамиз.

Азиз ҳамшаҳарлар, келинг “автомобилсиз бир кун” ташаббусига қўшилайлик  ва улуғвор муаммонинг ечимига муносиб ҳиссамизни қўшайлик.

Раъно ЗАРИПОВА, Республикада хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.