Биринчи марта ишга кирган ёш ходимлар ўзларига берилган солиқ имтиёзидан хабардорми?

0
344
марта кўрилган.

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқига келаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги баҳсларни кузатсангиз  ёшларни асосан, бир масала қизиқтиряпти…     Кўпчилик 2017 йил 5 июль куни «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сонли Президент фармонининг 13-банди ижроси амалда қўлланилаяптими деган саволга жавоб излашаяпти.

 Фармонга  асосан, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш белгиланган эди.

 Айни кунда  Президент фармонининг 13-банди ижроси амалда. Давлат солиқ қўмитаси раисининг 2017 йил 11 июлдаги 413-сонли буйруғи билан 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сонли Президент фармони маълумот ва ижро учун қабул қилинган. Унинг  ижросини таъминлаш бўйича солиқ органларига тегишли топшириқлар берилган.

 Бироқ, бугун ёшларнинг фикрларига қараганда, аксар ташкилотлар бундай имтиёзни қўллашмаяпти. Аслида ПФ-5106-сонли Президент фармони аллақачон кучга эга. Ёш кадрлар унда кўрсатилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

 Демак, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтирилиши мумкин.

 Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, агар Сиз юқоридаги имтиёзлар категориясига тўғри келсангиз, яъни ўқишни тугатиб, илк марта ишга кириб, ҳали иш жойингизни ўзгартирмасдан фақат битта жойда ишлаётган бўлсангиз, унда зудлик билан корхона бухгалтерига мурожаат қилишингиз мумкин. У ўзига тегишли бўлган солиқ органи билан бу масалани аниқлаштириб олиши лозим.

 Ёшларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ушбу имконият уларнинг ижтимоий аҳволини янада яхшилашга, моддий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Г. Ашурова тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.