БОЛА ТАРБИЯСИ – МУҚАДДАС

0
9546
марта кўрилган.

Савол:  Тарбия аввало, нималарни талаб қилади?

Жавоб: Тарбия биздан кўп нарсаларни талаб қилади.  Масалан, оила муқаддаслигини  чуқур англаш керак. Авлодлар ўзгариши мумкин, йиллар бир-бирига ўхшамаслиги мумкин. Аммо юракдаги меҳр-муҳаббат ҳеч қачон ўзгармайди. Муҳаббат бу-  аввало инсон ўзига ишониши, ўзини ҳурмат қилиш учун ҳам жасорат талаб қилади. Фарзандлар ўзидан ўзи катта бўлиб қолмайди уларга кийим, озиқ-овқат, уй-жой зарур. Шунингдек, албатта  таълим олиши учун шароит керак. Афсуски, ҳозирги кунда улар учун қўл телефони зарур деб ҳисоблашади. Бироқ фарзандлар тарбияси учун энг муҳими инсоний самимият ва ота-онанинг эътибори ва меҳр-муҳаббатидир. Шунақанги меъёрлар мавжудки уларни ўзгартириш мумкин эмас. Бу инсонниг биологик хусусиятлари ҳисобланади. 

Келажак авлодни тарбиялашда ота-она тенглиги,  меҳр-муҳаббатли ота- она, оила  керак.

Савол:  Болалар хулқ-атворига  ўзи яшаётган муҳитни таъсири борми? Болалар ўзлари яшаётган ҳаётдан нималарни ўрганадилар?

  Жавоб: Албатта бор. Ҳар бир бола ўзи бир мўъжиза! Ҳар бир оила ўзи бир салтанат! Шунинг учун ўзаро  муносабатда жуда эҳтиёткорлик даркор. Донишмандларнинг таъкидлашича:

Агар бола танқидий руҳда яшаса, у айблашни ўрганади. 

Агар бола адоват билан яшаса, у уришишни ўрганади.

Агар бола қўрқувда яшаса, у қўрқоқликни ўрганади.

Агар бола афсусда яшаса, у афсусланишни ўрганади.

Агар боланинг устидан кўп кулишса, уятчан бўлишни ўрганади.

Агар бола қизиқиш билан яшаса, у ҳавас қилишни ўрганади.

Агар бола уят билан яшаса, у айбдорлик ҳиссини ўрганади.

Агар бола  қўллаб-қувватлаш билан яшаса, у ўзига ишонишни ўрганади.

Агар бола бағрикенгликда яшаса, у сабрли бўлишни ўрганади.

Агар бола мақтов билан яшаса, у қадрлашни ўрганади.

Агар бола  тан олиш билан яшаса, севишни ўрганади.

Агар бола ростгўйлик ва адолатда яшаса, у ҳақиқат ва адолат нималигини  ўрганади.

Агар бола хавфсизликда яшаса, у ўзига ва атрофидагиларга  ишонади.

Агар бола  дўстлик билан яшаса, у ер юзи  яшаш учун ажойиб жой эканлигини англайди.

Агар сиз осойишталик билан яшасангиз, сизнинг фарзандингиз ҳам осойишталикда яшайди.

Савол: болалар улғайган сари хулқ-атвор ўзгариши маълум. Аммо қайси  ёш даврида хулқ-атвор кескинлашиши мумкин?

Жавоб: психолог-педагоглар ҳар бир ёш даврларида хулқ-атворнинг ўзгариши қайд этадилар. Яъни:

10-ёшли болалар мувозанатли ҳаётни тез идрок этувчи, ишонувчан, ота-оналарига итоатли, ташқи қиёфа ҳақида кўп эътиборсиз бўлганлиги боис бу олтин ёш ҳисобланади. 

11-ёшли болалар организмида қайта қуриш юз беради, хулқ-атворида салбий иллатларни намоён қилади, кайфияти тез ўзгаради, ота-оналарига нисбатан норозилик билдирувчи.

12-ёш тез жазавага тушувчан, дунёга нисбатан ижобий муносабат шаклланади, ўсмирда оиласига нисбатан автономлик ва тенгдошларига таъсири ортади. Уларда ақллилик, ҳазил-мутойибага мойиллик, чидамлилик, ташаббускорлик, ташқи қиёфа ва қарама-қарши жинсдагиларга эътибори орта бошлайди.

13-ёш ўзининг ички дунёсига эътиборлик, интровертлик хос бўладики, улар ўзини ўзи танқид қилишга, ва танқидларга нисбатан таъсирланувчан, ота-оналарга танқидий муносабат билдирувчи, дўст танловчи бўлади, шунингдек бу даврда тўлқинланиш ва ҳаёжонланиш ортади.

14-ёш ўсмирлардаги интроверсия экстроверсияга  алмашинади, шижоатли, хушмуомила, ўзига ишонч ортади, бошқаларга эътибори ортади ва улар ўртасидаги фарқни ажрата бошлайди.

15-ёш— бу ёшдагилар учун мустақиллик орттади, бу эса уларнинг оила ва мактаб билан боғлиқ зўриқишларга дучор этади. Уларни гуруҳли ҳаракат қилишга ва гуруҳдагиларга мослашишга интилиши ортади.

16-ёш  ўспиринлар ҳисобланиб, уларда мувозанатлашув,   ҳаётдан қувониш, ички мустақиллик, эмоционал барқарорлик, муомалага мойиллик, келажакка интилувчанлик ортади. 

Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар ёш даврларни характерли жиҳатларини шарҳлаб ўтдик, чунки ёш хусусиятларининг психологик тавсифи, болаларни хулқ-атворидаги ўзгаришларни баҳолаш имкониятини беради. Айнан юқоридаги ёш хусусиятларини ҳисобга олган олда ўз фарзандингизни тарбиялаш анча самара беради.

 Савол:  Ота-онанинг фарзанд жинсини олдиндан белгилаб олишга интилиши тўғрими?

Жавоб: Аввало, ҳар бир ота-она бўлғуси фарзандини қизми ёки ўғил бола эканлигини билишга қизиқади. Буни тиббиёт ютуқлари орқали     олдиндан аниқ айтиш имконияти мавжуд. Аммо, сиз туғулажак фарзандингизни қиз ёки ўғиллигини билмагангиз маъқул. У сизга кутилмаган “ёқимли воқеа” бўлиб қолсин.  Сиз орзу қилган ва хохлаганигиздай фарзанд туғулмаса, ота-оналарнинг психикасига таъсир этади. Натижада ота-оналар билан фарзанд ўртасида меҳрсизлик, умидсизлик вужудга келади. Энг муҳими ота-она фарзандини қандай бўлса шундай қабул қилиши лозим. Чунки, ҳар бир болада табиат томонидан берилган қабилият, характер мавжуд бўлади. Ота-она фарзандни яратувчи эмас. Балки фарзандининг психологик хусусиятларини  тўғри шакллантириш ва ривожлантирувчисидир.  

Тарбияси оғир болаларни пайдо бўлишининг негизида нотуғри тарбиялаш ётади. Ҳар бир бола ҳаётда ўзини жисмоний ёки руҳий жиҳатдан қўллаб-қуватлашга эҳтиёж сезади.

Савол.   Мен ота-она сифатида бола тарбиясида энг аввало нимани билишим керак?

Жавоб: Бу фаолият учта пағонадан иборат.

1-пағона: аввало бола ўз “Мен”ига нисбатан муносабатини англаши керак. Бу гўдаклик ва мактабгача даврда бўлиб ўтади. “Қайсарлик даври” –деб аташимиз мумкин. 

2-пағона: бунда аввало “Сен” оламини ривожланиши. Яъни, ўзининг яқинлари, ота-онаси, дўстлари, акалари, қориндошлари, атрофдаги муҳит билан ҳаётий синовлар ва ички кураш бошланади.

3-пағона: Балоғатга етилиш даври. Жуда мураккаб давр. Бу борада қдриятларимизга суяниб, кексаларнинг маслаҳатини олиб туриш керак.

Савол.  Фарзандимни ҳаддан ортиқ яхши кўриб тарбиялашим тўғрими?

Жавоб: Албатта, фарзандингизга етарлича меҳр бериб, айтганини муҳайё қилиб тарбияласангиз шунча яхши тарбияланади деб ўйласиз. Аммо, ҳамма вақт ҳам бу тўғри келавермайди.  Болани  тарбиялашга тескари таъсир этувчи бир қатор омиллар борлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар бир бола такрорланмас бўлиб, ўзига хос “дастур”га эга. Бир боланинг “дастур”и иккинчи боланикига умуман ўхшамайди. Бу унинг тақдири. Болани тарбиялаш натижасида ота-онага боғланиб қолиши керак эмас. 

 Савол: Болаларни меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш учун нима қилиш керак?

Жавоб: Бунинг учун:

1-дан, болаларни ёшлигидан бошлаб ёш хусусиятларнига хос меҳнат турларини бажаришга ўргатиш;

2-дан, болаларни меҳнатини сиртдан назорат қилиш;

3-дан, меҳнат анжомларидан фойдаланиш малакасини ҳосил қилиш;

4-дан, уларни асраб-авайлаб сақлашга ва ундан фойдалангандан кейин уни жой-жойига қўйишга одатлантириш;

5-дан, ўз меҳнатини маҳсули ва ундан фойдаланишга ўргатиш;

6-дан, катталар меҳнатига тақлид қилиш ва уни ҳурматлаш;

7-дан, ўз ва жамият мулкини авайлашга ўргатиб бориш муҳимдир.

Болаларни меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш ва уни жаҳон андозалари даражасига етказиш ҳозирги замон талабидир.

Болаларимизни мехнатеварлик руҳида тарбиялаш янгича асосларда, яъни 1-дан миллий қадриятларимиз заминида ва 2-дан, ривожланган мамлакатлар тажрибаси, яъни намунавий жаҳон андозалари асосида йўлга қўйилиши лозим.

Ориф Авлаев,

ТошДАУ   “Ўзбек тили, педагогика

ва психология” кафедраси доценти 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.