Болаларни мактабга қабул қилишдаги ихтиёрий тўлов бекор қилинмоқда

0
581
марта кўрилган.
Болаларни мактабга қабул жараёнини янада такомиллаштириш, жумладан ихтиёрий пуллик тўловни бутунлай бекор қилиш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилди, дейилади Халқ таълимининг расмий сайтида.
 
Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги қарори билан “Болаларни умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган эди. Ушбу маъмурий регламент ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи ҳамда жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, амалдаги маъмурий регламентда ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўловни амалга оширганидан сўнг қуйидагилар учун қўшимча квота ажратилиши белгиланган эди:
 
а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;
 
б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;
 
в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ариза берувчиларнинг ихтиёрий розилиги асосида йиғим ундирилиши белгилаб қўйилган эди.
 
Ушбу кўрсатилаётган давлат хизматлари учун тўлов миқдори ҳамда қўшимча квота бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги ҳамда Кузатув кенгаши томонидан белгиланадиган тўлов бекор қилинмоқда.
 
Қўшимча квота асосида ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги билан пуллик тўлов орқали мактабга жойлаштириш тартиби ҳам бекор қилинмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 5 августига қадар давом этади.
 
Таҳририят номидан Раъно Зарипова: Болаларни мактабга қабул жараёнида  ихтиёрий пуллик тўловни бутунлай бекор қилиш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилгани маъқул  бўлди. Бу борада кўплаб мулоҳазалар айтилаётган эди. Айниқса буви ва боболарнинг норозиликлари кучайганди. Ҳамма фарзандимнинг оғирини енгил қилай дейдида.  Масалан, Машҳура Сафаева шундай дейди: «Мени етти фарзандим бор. Улар ўз оиласи билан Тошкент  шаҳрининг турли туманларида яшайдилар. Улар ҳамиша мактабга болаларини мен яшайдиган массивдаги мактабларга  беришади. Улар ишдан келгунча невараларимни мактабдан олиб, едириб ичириб, ўқитиб тураман. Ишдан чиқиб болаларини олиб кетишади. Ўз неварамни ёнимдаги мактабда ўқитишим учун пул тўлашим керакми? Умуман бу инсон ҳуқуқларининг чекланиши эмасми?».
 
Таклиф: Баъзи ота-оналар фарзандини ўзининг ишхонаси атрофидаги мактабларга беради. Эрталаб бирга келади ва кечқурун бирга қайтади. Ўқишдан кейин мактабдаги турли машғулотларда  қатнашишини таъминлайди. Албатта, бу таъминлашлар ҳам чиқим бўлади. Спорт машғулотларига, қўшимча дарсларга, кўз-қулоқ бўлиб тургани учун тарбиячига тўланади. Бир пайтлар  мактабларда куни узайтирилган гуруҳлар бўларди. Ота-она ишдан чиққунча болаларини шу гуруҳларда қолдиришарди. Ушбу гуруҳда болалар овқатлантириларди,  дарсларини тайёрлатиб ўтиришарди. Албатта бу ҳам ихтиёрий бўларди.  Мактабга қўшимча даромад керак бўлса, ана шуни ташкил қилиш мақсадга мувофиқроқ деб ўйлайман. Бола ҳам муносиб тарбия топади, ота-онанинг ҳам кўнгли тинч бўлади.
 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.