Бугун лўлилар қандай ҳаёт кечиришмоқда?

0
914
марта кўрилган.

Дарҳақиқат, бугун лўлилар қандай ҳаёт кечиришмоқда? Бу савол кўпчиликни қизиқтиради.

Мамталакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Уларга кўмак берувчи ҳамда манфаатларини ҳимоя қилувчи жамғарма, маданий –маърифий марказлар фаолият юритади. Мамлакатимизда турли миллат вакиллари бир-бирини тушиниб, миллий урф-одатларини қадрлаб дўстона яшаб келмоқдалар.

 Биз билан бир осмон остида истиқомат қилиб келаётган миллатлар орасида лўлилар алоҳида ажралиб туради. Албатта, уларнинг ранги ёки баъзи урф-одатларини назарда тутмаган ҳолда айтаяпман. Бу қавм кишиларида ирода кучли, динга эътиқод мустаҳкам. Айниқса, ота-боболарига бўлган ҳурматини ҳеч бир сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Аммо қавмнинг бир айби бор, бу ҳам бўлса раҳмдил ва ўта кўнгилчан. Шунинг учун ҳам ўзларини  ножўя хафа қилган одамларни кечириши қийин кечади…

Кўп йиллар лўлилар меҳнати қадрсизланди, Иккинчи жаҳон уруши йилларида улар энг оғир ишларга жалб қилиниб,  оз миқдорда маош тўланди. Аслини олганда машаққатли ўша йиллар  ўзбек болалари оёғи остига стул қўйиб дастгоҳлар олдида фронт учун меҳнат қилишган. Ана шу оғир дамларда улар ҳам елкама елка туришган. Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ дарахт баравар ёнади дейдику халқимиз.

Бироқ, уларнинг баъзилари ҳамон тиламчилик қилиб, ҳаёт кечиришади.  Бунга ота-боболарининг қадрияти дея қарашади. Аммо маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини  ўзига сингдирган, эл қатори ишлаб, муносиб ҳаёт кечираётган, иродаси мустаҳкам миллатининг юзи кўзи бўлаётган зиёли, ҳунарманд  инсонлар ҳам бор.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Дамариқ маҳалласи ва туман маркази яқинидаги қишлоқларда 100 дан ортиқ лўли миллатига мансуб хўжалик истиқомат қилади. Зарафшон дарёси бўйидан унча узоқ бўлмаган камтарингина уйлар қурилган маҳаллага бегона одам кирса,  уни фол очиргани, ғаму дардидан ҳоли бўлгани келди, деб ўйлашаркан. Дарҳақиқат лўлилар азал-азалдан шу ишлар билан шуғулланиб келишган.

 Бу ерда ўзбек ва лўлилар аралаш яшайди. Маҳалланинг асосий кўчасидан кирсангиз,  пастқам уйлар ва тор кўчалар сизни Пўлат Мирзаев хонадонига элтади. Пўлат бобо 1952 йил шу туманда таваллуд топган. Яшаш жойига яқин 20-мактабни тамомлаган. 1970 йил миллатдоши Шобуви исмли қизга уйланади. Ҳарбий хизматга бориб келиб, жамоат ишларига аралашади, давлат ишларида   ишлайди. Турмуш ўртоғи билан 10 нафар  болани тарбиялайди. Ҳозир 35 нафар набирага тарбия бериб,  фарзандларига бош-қош  бўлиб келмоқда.

–  Маҳаллада тўй-ҳашамларга айтишади,– деди Мирза Пўлатов. – Туманда ким билан салом-алигимиз бўлса, албатта, яхши ва ёмон кунига борамиз. Дўстона алоқаларимиз мавжуд. Ёшлигимдан жамиятда ўз ўрнимга эга бўлишга ҳаракат қилганман. Барчамизнинг борадиган манзилимиз бир, барчамизни Оллоҳ яратган. Шунинг учун жамиятдан, дунёдан узилиб, алоҳида яшашни хуш кўрмайман.

Дарҳақиқат, бу хонадонда  туғилган фарзандларнинг ҳаммаси уйли-жойли, ўғил-қизлар ўз-ўзидан кўпайиб тинчиб кетган. Бахтли ҳаёт кечирмоқда. Бошпанасизлик бу хонадон  учун уят. Шунинг учун оилада ўғил фарзанд дунёга келдими, отаси унга уй-жой кўтаришга киришади. М. Пўлатовнинг олти нафар ўғли бор. Ўғиллари пахсадан уй қуриш ишларини ўрганиб олишган.  Улар қурган паҳса деворлар маҳаллада мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам қиш тугаб ҳаволар исигач, янги уй кўтармоқчи бўлган одамлар  Пўлат бобонинг хонодонига ўғилларини, невараларини  йўқлаб келишади. Яна улар деҳқончилик сир-синоатлрини ҳам ўрганиб олишган. Уйларининг атрофи боғу роғлар билан ўролган. 

“Бугун лўли деса одамлар наздида фақат тиланчилик қилиб кун кечирадиган қавм тушунилади. Тиланчиликни биз аллақачон эскилик сарқитига  чиқариб қўйганмиз.  Ҳунаримиз билан, касб-коримиз билан машғулмиз. Айримлар ишсизликдан бола боқиш илинжида битта-иккита лўли ризқини териб, фол кўриб, кўчама-кўча юрган бўлиши мумкин. Аммо кўчадан »баклашка», элнинг эски-туски буюмларни йиғиб, махсус жойларга топшириб, ҳалол пул топаётганлари кўпчиликни ташкил этади. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Американинг машҳур миллиардерларидан бири ўз фаолиятини эски-тускини олиб-сотишдан бошлаган экан”–  дейди Пўлат бобонинг ўғли.

 Ушбу хонадон етакчиси болаларига ёшликдан ризқи бутун бўлсин, дея тирикчилик қилиш, ҳар қандай вазиятда ҳам кун кўриб кетишни, сабрли бўлишни уқтиради. Шунинг учун ҳам қавм болалари ерга урса кўкка сапчийди. Ёмғирга ҳам,  дўлга ҳам чидамли, элнинг корига яраяпти.

 – Мактабни тамомладим,– дейди хонадоннинг яна бир вакиласи  Турсуной Мирзаева. – Биринчи синфга борганимда тенгдошларим мени ҳақорат қиларди, камситарди. Аммо яхши ўқиб, тадбирларда фаол иштирок этиб, сабр-тоқатим билан уларни эътиборини, меҳрини қозондим. Ҳозир аҳилмиз. Болаликдаги тенгдошларимнинг билиб-билмай қилган ҳақоратларини унутганман. Лўлининг боласи кўп бўлгани доимо кўчада юргани учун ҳаммасини ҳам саводини чиқариши шарт эмас, деган гап юради халқ орасида. Аммо бу гаплар аллақачон, эскилик сарқитига айланиб улгурди.

 –  Мактабга бормаганман. Онамга эргашиб юриб, тирикчилик қилганман, ризқ териб, вақт ўтганини ҳам билмай қолганман. Барибир ўқиш керак экан. Ҳатто шу оддий мажбурий таълимни олмаганим учун кўп ерларда панд еб қолганман. Шунинг учун ҳам фарзандларимни ҳаммасини ўқитдим,  уларга соғлом турмуш тарзини муносиб кўрдим– дейди хонадоннинг яна бир вакиласи.

Олимларнинг таъкидлашича, лўлиларнинг ватани – Ҳиндистон бўлиб,  машҳур шифокорлар, кўплаб амалдорлар ва маърифатли инсонлар, америкалик тадбиркорлар шу қавмдан чиққан. Кўп узоққа бормай юртимиздан мисол келтирсак, бухоролик ўқитувчилар, навоийлик фермерлар, водийлик нонвой ва ҳунармандлар, кўплаб санъаткор, олим ва фан олами кишилари ҳам шу қавмдан етишиб чиқиб, Ўзбекистонни юртим деб унга муносиб хизмат қилишмоқда. Бу ҳақида Мирза бобо бир-бир гапириб беради.

Мирза бобонинг хонадонидан чиқиб кетар эканман, умуминсоний қадриятларни, соғлом турмуш тарзини улуғлаб яшаётган хонадон экан деган фикрлар ўтди хаёлимдан.  Қавм кишиларининг Хатирчи муҳитига мослашганини ва ҳатто маҳаллий аҳолининг айрим урф-одатларини ўзлаштирганини, ўтроқ яшашга ўрганганини, илм ва ҳунар эгаллашга интилишларини  сездим. Чунки бобо Хатирчилардек лутф кўрсатиб, йўқлаб келганим учун ўз миннатдорчилигини билдириб,  кўчагача кузатиб қўйди.

Дилобар Аслиддин қизи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.